МАҚСАД САРИ ЯНА БИР ҚАДАМ…

Тоғ этагини бинафшаларга буркаб навбаҳор шамоли елмоқда. Сочларига жамалак таққан қизалоқлар ариқ бўйидан анвойи ялпизлар теришни бошлади. Яқиндагина ана шу болалар қаторида ўйин-кулгу қилиб юрган Вероника қалбидаги чексиз ниятларини амалга ошириш мақсадида аста-секин орзулар пиллапоясидан кўтарилиб, ҳозиргача кўплаб муваффақиятга эришди. Уни серқирра истеъдод эгаси сифатида ёшларга намуна қилсак арзийди.

Вероника Володина 1995-йил Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида туғилган. Болалигидан ҳар бир соҳага иштиёқи баланд бўлгани сабаб мактабдан сўнг турли тўгаракларга қатнарди. Спортнинг теннис тури бўйича бир неча бор вилоят босқичларида муваффақият қозонди. Тасвирий санъатда ҳам анчагина истеъдоди бор. У кўпроқ табиат манзарасини чизади. Тасвирлаган қушлари, чексиз осмон, мовий сувлар аксидан унинг нечоғли қалби пок, нияти эзгу эканини билиш мумкин. Верониканинг асарлари бир неча бор кўрик-танловларда юқори ўринга муносиб топилган.

Бундан ташқари у гилам тўқишни ҳам маромига етказади. Маҳалласида гилам тўқувчи аёлларга шогирд бўлиб, бу ҳунарнинг сир-асрорларини ҳам ўрганган. Дўстларининг айтишича, у дарсдан бўш вақтларида доим устахона томон шошиларкан. Ёш бўлишига қарамай турли ҳунарларни эгаллашга интилаётганини кўриб ҳавас қиласан киши. Меҳнатлари ўз самарасини бериб, Вероника 2009 йил “Камалак юлдузлари” кўрик-танловининг республика босқичида амалий санъат йўналиши бўйича гиламларини намойиш этиб ғолибликни қўлга киритган.

Орзулари ортидан ошиқаётган қаҳрамонимиз санъат билан ҳамоҳангликда яшайди. Спорт, гиламдўзлик унинг жисмоний ва ақлий фаоллигини чархласа, санъат, айниқса, рақс руҳиятини тетиклаштиради. Саккиз ёшидан ўзбек миллий рақсларини ўрганиб келаётган Вероника ижросини томоша қилсангиз, қалбингиз чанқовузнинг оҳангларига уйғунлашади.

– Верониканинг шижоатини кўриб ўзим ҳам тасанно айтаман, – дейди қаҳрамонимизнинг рақс мураббийи Сайёра Қосимова. – У ўзига хос дунёқараши, ташаббускорлик ва ташкилотчилик қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб туради. Мақсадига интилишдан бир зум ҳам тўхтамайди. Унга нафақат дўстлари балки, маҳалладошлари, катталар ҳам ҳавас қилади, қўллаб-қувватлайди. Мен шогирдим билан фахрланаман!

2010 йил у учун яна ҳам омадли йил бўлди. Зулфия номидаги давлат мукофотини қўлга киритган Вероника учун имкониятлар эшиги янада кенгроқ очилди. Меҳнатлари самараси ўлароқ 2014 йил Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институтига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Ҳозирда “Халқ ижодиёти факультети”нинг биринчи босқичида таълим олмоқда.

Яна ўқинг:  ҲАР ТОНГ БАХТ КУЛИБ БОҚАДИ

– Файласуф Г.Боклнинг бир гапи бор, – дейди Вероника. – “Илгарилари табиати гўзал мамлакатлар энг бой саналар эди, эндиликда одамлари ғайратли, шижоатли давлатлар қудратли ҳисобланади”. Юртимизда шу қадар имкониятлар яратилмоқдаки буларни сўз билан эътироф этиб бўлмайди. Шу кунга қадар нимагаки интилган бўлсам муваффақиятга эришаяпман. Бу ҳукуматимизнинг биз ёшларга қаратаётган ғамхўрлиги самарасидир. Ташаббускор ёшлар ҳамиша қўллаб-қувватланади. Мен ана шу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпман.

Инсон умрини бежиз оқар сувга қиёслашмайди. Ҳаётнинг қайтмас дақиқаларини мазмунли ўтказиш ёки уни беҳуда сарфлаш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Билганимиз шуки, эзгу мақсад сари интилган одамнинг ҳар они файзли, келажаги истиқболли бўлади.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: