Қалб ҳарорати ва илм зиёси билан
Сўлим баҳор кўклам тароватини қирлар узра намойиш қилмоқда, борлиқ уйғониш фаслининг эпкинларига юз тутган. Қуёшнинг заррин нурлари она Замин узра таралмоқда. Кўча четида “ғуж-ғуж” гуллаган бодомлар мўл ризқу насибадан дарак бермоқда. Ана шу гўзалликдан баҳра олиб ҳар галгидек эрта тонгданоқ қадрдон мактаби томон ошиққан Гулнора Жуманиёзовани илм маскани ҳовлисида касбдошлари, шогирдлари қарши олишди. Опа улар билан илиқ саломлашар экан ҳали замон бошланадиган сабоқлар жараёнидаги ўзига хос янгиликлар, ўқувчиларнинг фанни ўзлаштириши, интизоми ва давомати, келгуси режалар ҳақида қизғин суҳбат бошланди. Сабоқларга чорловчи қўнғироқ овози янграганда эса галдаги вазифалар аллақачон белгилаб олинган эди.
Дарҳақиқат, эртасини бугунидан равшан кўраётган Навоий вилояти Навоий шаҳридаги 11-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби жамоасининг ўқувчиларга таълим-тарбия беришдаги самарали ишлари ҳақида ҳар қанча сўзласак арзийди.
Чунки, “Ижодий муҳитни ривожлантириш ўқув йили” муносабати билан “Энг намунали мактаб” номига мушарраф бўлган ушбу таълим маскани қатор йиллардан буён республика мактаблари ўртасида рейтинг кўрсаткичлари бўйича фахрли 1-ўринни эгаллаб келмоқда. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг энг яхши веб-сайтлар танлови бўйича “Энг яхши таълим муассасаси веб-сайти” йўналиши бўйича биринчи ўринни қўлга киритган илм маскани ўқувчиларининг ўтаётган ҳар бир куни муваффақиятлар сари етаклайди.
– Бугун мамлакатимизда ёш авлод камолотига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасини туман, шаҳар ва қишлоқларимизда қад ростлаган замонавий таълим масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин, – дейди муассасанинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Назира Ражабова. – 2009 йилда тўлиқ таъмирланиб, замонавий кўринишга эга бўлган мактабимизда болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Мавжуд кимё, биология ҳамда физика хоналари замонавий лаборатория ускуналарига эга. Барча фан хоналари янги мебеллар тўплами билан жиҳозланган. “Ziyonet” тармоғига уланган компьютер жамланмалари ҳамда мактаб қошида фаолият кўрсатаётган турли фан ва спорт тўгараклари ўқувчиларнинг маънан ва жисмонан соғлом улғайишига замин яратаётир. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланаётган ўқитувчи ва ўқувчиларимиз кун сайин янги-янги муваффақиятларни қўлга киритмоқда.
Мазкур таълим масканида айни вақтда 2 минг нафарга яқин ёшлар таълим-тарбия олишмоқда. Уларга 120 нафардан зиёд малакали педагоглар сабоқ бераётир.
Янгиликка интилиш, уни тезда илғаб, таълим-тарбия жараёнига татбиқ этиш жамоанинг асосий ютуқлари омилидир. Албатта барча муваффақиятларга аввало жамоанинг аҳиллиги, соғлом муҳит яратилганлиги, қолаверса, ҳар бир топшириққа масъулият билан ёндашиш орқали эришилмоқда. Таълим масканида фаолият юритаётган тажрибали устозларнинг 12 нафари “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари сафидан ўрин олишган. Ислом Рўзиев, Мавжуда Усмонова, Улуғбек Ғуломов, Самад Жумаев, Замира Ҳамидова, Асатилло Файзиев сингари малакали ўқитувчиларнинг шогирдлари турли кўрик-танловлар, фан олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритган. “Жаҳолатга қарши маърифат” кўрик танловининг республика босқичида “Энг ёш ижодкор” номинацияси ғолиби Маҳдия Бобоназарова, билимлар беллашувининг республика босқичида биология фани бўйича I ўрин соҳибаси Ирода Холмуродова, тарих фани бўйича I ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган “Президент асарларини ўрганамиз” кўрик-танловининг республика босқичида олий ўринни эгаллаган Сабина Худойқулова, она тили фани бўйича фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган Гулнигор Ҳамроева каби иқтидорли ўқувчилар мактабнинг фахри ҳисобланади. Биргина бу эмас, мактабнинг спортсевар ўқувчилари ҳам кўплаб мусобақаларда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган. Амирбек Дилмуродов спортнинг эркин кураш тури бўйича Туркияда бўлиб ўтган халқаро “Gomlik” бўйича иккинчи ўринни қўлга киритган. Шунингдек, Муҳаммад Олимов спортнинг миллий кураш, Элёр Кенжаев қўл жанги, Дилнавоз Отамуродова бадиий гимнастика бўйича қатор нуфузли мусобақаларнинг ғолиби. Санайверсак ютуқлар залворли, муваффақиятлар бисёр.
Қарийб ўн йилдан буён ана шу муқаддас даргоҳни ардоқлаб, унга раҳбарлик қилиб келаётган Гулнора опа Жуманиёзова ҳар куни яна бир янгилик сари интилади. Аёлнинг ўз касбини ардоқлаши, ўзгалар ташвиши билан ёниб яшаши, оила аталмиш гулзорнинг чамандек яшнаб туришига ҳисса қўшишининг ўзи бир бахт. Ана шу бахт замирида эса тинимсиз машаққат, ҳалол меҳнат, тотли ҳаловат мужассам.
Жамила ҲАЙДАРОВА