СПОРТЧИ АЁЛЛАР БЕЛЛАШУВИ
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида “Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” шиори асосида вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида спорт фестивали ўтказилди.
Ушбу спорт фестивалида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Молия, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди жамоалари спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, гимнастрада турлари бўйича ўзаро беллашдилар.
– Спорт жисмоний саломатлигимизни мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади. Шахмат эса ақлни чархлайди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳар йили ўтказиладиган мазкур спорт фестивалида тўртинчи марта иштирок этяпман. Икки марта биринчи ва бир марта иккинчи ўрин соҳибаси бўлганман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоаси аъзоси Зилейхан Аҳмедова.
Мазкур мусобақаларда ўтган йили еттита вазирлик жамоалари қатнашган бўлса, бу йил 12 та вазирлик, идора ва ташкилотлардан жами 168 нафар иштирокчилар қатнашди. Фестиваль сўнгида уларнинг барчасига номинациялар бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг дипломи ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.
М.ХЎЖАМУРОДОВА