БИРЯНИ
Керакли маҳсулотлар: Бунинг учун бизга 1 кг басмати гуручи (узунчоқ гуруч ёки “Девзира” ҳам бўлади), 1.2 кг товуқ гўшти, 1 дона булғор қалампири, 2 дона пиёз, 2 дона помидор, 0.5 стакан ўсимлик ёғи, 2 ош қошиқ сарёғ, 6-7 бўлак саримсоқпиёз зарур. Зираворлардан эса мурч, занжабил, зира, корица, қизил булғор қалампири, лавр барги, туйилган кашнич уруғи, сариқ рангли зарчава керак бўлади.
Тайёрланиши: Гуручни 30 дақиқага туз солинган илиқ сувга ивитиб қўямиз. Товуқ гўштга бир дона пиёз, икки дона лавр баргини солиб шурва пишириб оламиз. Пишган товуқни қизиб турган сарёғда устки қисмини қизартириб оламиз. Сўнгра пиёз, булғор қалампири, помидорни кичик шаклда тўғраб қозонга соламиз. Қирғичда чиқарилган занжабилни, майдаланган саримсоқпиёз ва қолган барча зираворлар ва товуқни ҳам солиб 4-5 дақиқа димлаб қўямиз. Ушбу масаллиқлар устидан аввал 2 стакан сув, ивитилган гуруч ва уни бироз кўмадиган миқдорда товуқ шўрва соламиз. 15 дақиқадан сўнг зарчавани 3 ош қошиқ сув билан аралаштириб, гуруч устига сепиб чиқамиз ҳамда 20 дақиқага димлаймиз. Гуруч пишгач, оловни ўчирмасдан қозон қопқоғини очиб қўямиз (5-7 дақиқага). Ушбу ҳиндча ошни дастурхонга тортишдан олдин дидингизга қараб безатинг.
Гули НОЗ тайёрлади