БОЛАЖОН УЧУН ШИФОБАХШ ВАННА

Шифокорларнинг таъкидлашича, болани тез-тез чўмилтириб туриш кичкинтой соғлиғи учун жуда фойдали. Унинг қувватини ошириб, тинчлантиради ва эмоционал ҳолатини янада яхшилайди.

Киндик яраси битмаган чақалоқларни ниҳоятда тоза сувда ювинтириш лозим. Бундай вазиятда сувни яхшилаб қайнатган маъқул. Болалар шампуни ва ванна учун мўлжалланган махсус кўпиртирувчи модда ёрдамида ҳафтада бир марта чўмилтириш тавсия этилади. Тоза сув билан эса уни деярли ҳар куни ювинтириш мумкин. Ванна қабул қилгач бола ўринга ётиши ёки камида иссиқ кўрпага 30 дақиқача ўраниб туриши даволаниш самарадорлигини оширади. Болани куннинг маълум бир пайтида ювинтириш мақсадга мувофиқ. Чунки, у тез фурсатда шартли рефлекс ҳосил қилади. Бу эса унинг биологик соатини мослаштириб, вақтингизни режалаштиришга ёрдам беради.

Ванна қабул қилган вақтда, гўдакнинг кайфияти яхши бўлгани маъқул. У қорни тўқ ва уйқусирамаётган бўлиши зарур. Болани овқатланиши биланоқ ювинтириш керак эмас. Бу унинг қайт қилишига олиб келади. Янги туғилган гўдакларни 5 дақиқагача, 3-4 ойлик гўдакларни эса 12-15 дақиқагача чўмилтириш мумкин.

СУТ ҚАТЛАМИ

Аксарият ҳолларда гўдак ҳаётининг биринчи йилида бош қисмида, сочлар тагида сарғимтир ва оқимтир тусли қазғоқлар кузатилади. Бу сут қатлами деб аталади. Бундай пайтларда гўдакнинг ота-онаси шифокор билан маслаҳатлашиши керак. Кўчмаган қазғоқларни куч билан олиб ташлаш тавсия этилмайди. Кечки чўмилтиришдан 1-1, 5 соат олдин гўдак бошига болалар учун мўлжалланган махсус ёғ суртилади. Бош териси юмшатилади. Сўнгра шампунь ёрдамида у ювиб ташланади ва махсус мўй тароқ билан астагина тозалаб ташланади.

Дерматологлар қаттиқ совун ёрдамида гўдакни ювинтиришни тавсия этишмайди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Тери юзасининг ҳимоя қатлами (гидролид мантия) мавжуд бўлиб, мазкур қатлам ташқи муҳит (қуёш, шамол ва бошқалар)нинг зарарли таъсирларидан инсонни ҳимоялайди. Гўдакнинг тери юзасидаги қатлами юпқа ва нозик бўлиб, унинг ривожланиш даври 3 ёшга тўғри келади. Совун таркибидаги ишқор моддаси ҳимоя қобиғини емиради. Бу эса нозик таъсирчан гўдак териси инфекцияланишига олиб келади. Гўдак организми ҳимоя қобиғини тиклашга ҳаракат қилади ва терининг чуқур қатламларидан намликни ўзига тортади. Шу тариқа нозик терининг чуқур тўқималари қурийди.

Яна ўқинг:  ЖАСОРАТ АЁЛГА БЕГОНА ФАЗИЛАТ ЭМАС

ШИФОБАХШ ВАННАЛАР

Мазкур ваннадан фойдаланишдан аввал, шифокорингиз билан маслаҳатлашиб олинг. Сувнинг миқдори бола вазнидан келиб чиқиб белгиланади. Бундай ванна қабул қилаётган бола кескин ҳаракат қилиши керак эмас. Ванна қабул қилаётганда хона ҳарорати 25 °С бўлиши мақсадга мувофиқ. Бу муолажанинг давомийлиги 8-12 дақиқа бўлиши зарур. Сувнинг ҳарорати ўзгаришини термометр билан кузатиб бориш керак. Ванналарнинг боланинг ёшига ва касаллик турига қараб совуқ ( 20 °С гача), илиқ (21-33 °С), боланинг тана ҳароратига яқин (34-36° С), иссиқ (37-39 °С), оёқ учун қайноқ (40-42 °С) турлари фарқланади.

Совуқ ва илиқ турдаги ванналар тетиклаштирувчи, юрак-мушак ва асаб тизимини, моддалар алмашинувини яхшиловчи хусусиятга эга. Иссиқ ҳамда тана ҳароратига яқин бўлгани эса танадаги оғриқни қолдиришга кўмаклашади, уйқуни яхшилайди. Қайноқ ванналар организмдаги моддалар алмашинуви ва қон айланишини яхшилайди, қувватни оширишга кўмаклашади. Мазкур ваннани қабул қилишда дастлаб сув ҳарорати 37°С бўлиши ва болани оёқ томондан сувга чўмилтириш ҳамда ҳароратни секинлик билан 40°С га кўтариш мақсадга мувофиқ. Боланинг бош айланасига ҳўл сочиқни ўраб қўйиш мумкин. Уни 10-15 дақиқа давомида қабул қилиш мақсадга мувофиқ саналади. Сўнгра болани зудлик билан сочиққа ўраб, ўринга ётқизиш керак.

Ханталли ванна. Мазкур ванна юқори нафас йўлларининг шиллиқ пардалари яллиғланишида қўлланилади. Сув ҳарорати 40-42°С дан юқори бўлмаслиги керак. Хантал кукунининг 3-5 грами шишали идишдаги 1 литр сувга солинади. Сабаби кукун сувда эриб, ундан ҳеч қандай гувалачалар қолиши керак эмас. Идиш оғзи 10-15 дақиқага ёпиб тиндириб қўйилади. Муолажа давомийлиги 5-8 дақиқа. Ваннадан сўнг боланинг оёғи тоза сувда ювилади ва қалин пайпоқ кийгизиб қўйилади.

Мойчечакли ванна. Ушбу ванна яллиғланишга қарши, тинчлантирувчи ва оғриқни қолдирувчи хусусиятга эга. Дамламани тайёрлаш жуда осон. Бутун бошли ванна учун 300 грамм қуритиб, майдаланган мойчечак гулини оламиз ва уни 1 литр сувга 12 дақиқага дамлаб қўямиз. Кейин шифобахш гиёҳни 2-3 қават докадан ўтказиб оламиз. Сўнгра ваннага дамламани қуямиз. Ҳарорат 36-37, 5°С бўлиши, даволаниш муддати эса 1 ойлик чақалоқ учун 3-4 дақиқа, агар бола 1-2 ёшда бўлса 5-10 дақиқа, бироз катта ёшли болалар учун эса 10-15 дақиқа ванна тавсия этилади.

Яна ўқинг:  “ЎРГАН-ЎРГАТ” тамойили АМАЛДА!

Педиатр Сурайё АҲМАДАЛИЕВА тавсиялари асосида Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: