Маънавият қалбни нурлантиради

Талабалар турар жойи. Озоднинг яқин ўртоғи унинг қўлига иккита журнал тутди. Ясси ва брайль услубида чоп этилган мазкур нашр кўзи ожизлар аудиторияси учун мўлжалланган “Бир сафда” журнали эди. Шундай қилиб, Озод Қурбоновнинг шеърлари 2006 йил илк бор “Бир сафда” саҳифаларини безади.

Бармоқлари билан мутолаага киришаркан, Озод севинчини яшира олмади.

– Тепасига “Ёш ижодкорларнинг шеърлар танловига”, деб ёзишибдими?!

Ўша йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетига ўқишга қабул қилинган Озод Қурбонов йил сўнггида мазкур танловнинг ғолиби бўлди. Айни пайтда эса у таҳририятнинг фидойи ходимларидан биридир.

– Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг матбуот нашри – “Бир сафда” журнали кўриш имконияти чекланган инсонлар ҳаёти, орзу-умидлари, қувончу ташвишлари, турли соҳаларда юритаётган фаолияти ва уларнинг ютуқлари ҳақида атрофлича ҳикоя қилувчи ягона қўлланмадир, – дейди журналнинг етакчи мутахассиси Икром Ражабов. – “Бир сафда” саҳифаларида ушбу тизим билан боғлиқ жараёнлар, соҳадаги ютуқ ва муаммолар кенг ёритилмоқда. Шунингдек, муштарийларга маънавий-маърифий, адабий-бадиий йўналишдаги саҳифалар, ҳаёт сабоқлари, кўнгил битиклари, донолар ҳикматлари, руҳият чизгилари каби рукнларда ҳам материаллар ҳавола этиб келинмоқда.

Айтиш жоиз, “Бир сафда” журналига 1957 йили асос солинган. Дастлаб рус ва ўзбек тилларида материаллар чоп этилган мазкур нашр 1968 йилга келиб алоҳида-алоҳида шаклда муштарийларга ҳавола этилди. Натижада журнални тўрт вариантда – рельеф-нуқтали ва ясси шрифтларда ўқиш имкони юзага келди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши эса журнал ижодкорларининг ўз она тилида эркин ижод қилишига замин ҳозирлади. 2006 йилга келиб журнал сарф-ҳаражатлари давлат томонидан молиялаштирилиши натижасида нашр фаолияти, мазмуни ва аудиториясининг кенгайишига эришилди.

– Журналнинг давлат томонидан молиялаштирилиши юксак ғамхўрликнинг амалий ифодасидир, – дейди нашр масъул котиби Қудрат Очилов. – Бу каби саъй-ҳаракатлар кўзи ожиз инсонларнинг билим доираси, дунёқараши кенгайишига замин ҳозирлайди. Уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантиришда ўз ҳиссасини қўшади. Шунинг учун ҳам журнал саҳифаларини бадиий ижод намуналари, шеър ва ҳикоялар билан бойитиб боряпмиз. Мақсадимиз кўзи ожиз инсонларга сўз орқали зиё нурини улашмоқдир. Биласизми, лотин алфавитига ўтилгач, брайль усулидаги китоблар, дарсликларга эҳтиёж кучайиб кетди. Бу борада мамлакатимизда қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. “Бир сафда” эса ана шу эҳтиёжларни қондириш учун ҳам муҳим омил бўлаётир. Қолаверса, 2006 йилдан сўнг журналнинг қоғоз сифати, дизайни тубдан ўзгариб, ясси варианти рангли ҳолатда, шу билан бирга заиф кўрувчи кишилар учун катта шрифтларда чоп этила бошланди. Мазкур саъй-ҳаракат ҳам муштарийларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш учун хизмат қилаётир. Айни пайтда таҳририятимизда фаолият юритаётган беш нафар ижодий ходимнинг олдига қўйган асосий мақсади ҳам аслида шудир. Уларнинг меҳнати муносиб баҳоланиб бир неча танловларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олаётгани фикримиз тасдиғидир.

Яна ўқинг:  Ҳуқуқий тарбия

Дарҳақиқат, таҳририят ходими Нодира Зокирова БМТнинг “ACCES” лойиҳаси доирасида ногирон ижодкорлар ўртасида ташкил этилган “Ногиронлик масалаларини ёритиш бўйича энг яхши мақола” номли танловда 3-ўринни қўлга киритган бўлса, нашрнинг етакчи мутахассиси Икром Ражабов рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ топилди. Қолаверса, “Бир сафда” журнали бош муҳаррири Абдусаид Мирҳамидовга 2006 йил ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали топширилди.

– 2006 йил таҳририятимиз ҳаётида муҳим роль ўйнади, – дейди етакчи мутахассис Икром Ражабов. – Хусусан, шу йилдан бошлаб муҳим саналарга бағишлаб ижодкорлар ўртасида танловлар эълон қила бошладик. Бу танловлар журналимиз аудиториясининг кенгайишига, шу билан бирга қатор истеъдодларнинг кашф этилишига туртки бўлди. Уларни ижодий фаолиятга йўналтириш, истеъдодини ривожлантиришда жамоамиз томонидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётир.

Дарҳақиқат, таҳририят томонидан эълон қилинган танловларнинг бирида ўз шеърлари билан иштирок этиб, ғолиб бўлган Озод Қурбонов ҳам бугун “Бир сафда” саҳифаларини ўзининг мушоҳадага бой, таҳлилий мақолалари билан бойитиб келмоқда. Энг муҳими, кўзи ожиз инсонлар орасида бундай истеъдодлар жуда кўп. Журнал жамоаси нафақат, ахборот тарқатиш, кўзи ожизлар билим доирасини ошириш йўлида жонбозлик кўрсатмоқда, балки уларнинг орасидан чиққан истеъдодларни бўй кўрсатишида ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: