ЁРҚИН ЮЛДУЗ ШУЪЛАСИ

Паркент агросаноат касб-ҳунар коллежида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 574 йиллиги муносабати билан “Олисдан шуъла сочган ёрқин юлдузим” мавзусида адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимизнинг умрбоқий илмий-маърифий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар миллий адабиётимизни ривожлантириш, халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Мумтоз адабиётимиз тарихида Алишер Навоийнинг ижодий фаолияти серқирралиги билан ажралиб туради, – дейди коллеж директори Ш.Хўжаев. – Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англашда улуғ бобокалонимиз асарларининг аҳамияти беқиёс. Шу боис ўқув юртимизда ушбу меросни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, Навоийни англаш, унинг фалсафий-ахлоқий, маърифий мушоҳадаларга бой асарларини ўқиш ва тушуниш ҳар бир инсон учун улкан саодатдир.

Ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари янада долзарблик касб этмоқда. Шу боис шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Шоир асарларида юрт равнақи, осуда ва фаровон ҳаёт, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро тотувлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини асраб-авайлашдек эзгу ғоялар улуғланади.

Тадбирда ўқувчилар шоир ижодидан намуналар ўқиди. Унинг асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Гулчеҳра ШОМАЛИКОВА

Яна ўқинг:  ЎЗ ВАҚТИДА ҚЎЙИЛГАН ТАШХИС УМРНИ УЗАЙТИРАДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: