Ватанимизнинг юксак мукофотлари топширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 январда қабул қилинган фармонига мувофиқ Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 24 январь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида миллий маданий марказлар фаоллари билан учрашди.

Бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган, дўстлик, аҳиллик байрамига айланган ушбу айёмнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллуд куни арафасида ўтаётганида теран маъно мужассам. Буюк Йўлбошчимиз истиқлолнинг илк кунларидан тинчлик ва фаровонликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратди. Мустақиллигимиз эълон қилинган тарихий нутқида “Республикамизда истиқомат қилувчи барча миллат вакилларининг конституциявий ҳуқуқларини муҳофаза этиш, уларнинг маданияти, миллий урф-одатлари ривожланишига, она тилида сўзлашиши ва ўқишига барча шароитларни яратиш учун бор имкониятлар ишга солинади. Мустақил Ўзбекистоннинг сиёсати – инсонийлик, эзгулик қонунларига асосланади ҳамда фуқаролар осойишталиги ва миллий муроса сиёсати бўлиб қолади”, деб давлатимиз сиёсатини, жамиятимиз истиқболини белгилаб берган эди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзининг устувор вазифаси, деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлади.

Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётгани ҳам мамлакатимизда инсонпарвар, тинчликпарвар сиёсат изчил давом эттирилаётганининг яна бир ҳаётий тасдиғи бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев учрашувда ушбу муҳим масалага бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратиб, миллий маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун зарур барча ишлар амалга оширилишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Ватанимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширди.

Учрашувда сўзга чиққан Республика байналмилал маданият маркази директорининг ўринбосари Сергей Миронов, Тошкент шаҳар “Свитанак” белорус миллий маданий маркази раисининг ўринбосари Нина Шубникова, Тошкент вилояти қозоқ миллий маданий маркази раисининг ўринбосари Динислам Канаев, Самарқанд вилояти немис миллий маданий маркази раиси, Самарқанд енгил саноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Наталья Кайзер, Республика қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматулла Жабборов тинчлик ва миллатлараро тотувлик барқарор юртимизда яшаш улкан бахт эканини, бу кун уларнинг қалбида бир умр муҳрланиб қолишини таъкидлади, юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.

Яна ўқинг:  Cаломатлик маскани

 

Анвар САМАДОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: