“САЛОМАТЛИК БУРЧАГИ”: СОҒЛОМ КЕЛАЖАК САРИ

Ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган кўрик-танловлар, фан олимпиадалари, турли беллашувлар, спорт мусобақалари кўплаб иқтидор эгаларини кашф этиш билан биргаликда уларнинг дунёқарашини бойитиб, билимини мустаҳкамламоқда. Ғолибликни қўлга киритган ёшларнинг дил сўзларини тинглар экансиз чинданда уларга ҳавасингиз ортади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 февралдаги “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказилган “Энг яхши саломатлик бурчаги” республика кўрик-танлови ҳам ана шундай иқтидор эгаларини аниқлаб берди. Уч босқичда ўтказилган ушбу танловнинг 1-босқичи умумтаълим мактаблари ўртасида туман ва шаҳарлар миқёсида, 2-босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсида бўлиб ўтиб, 3-босқичда эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ғолибликни қўлга киритган жами 15 та умумтаълим мактаблари томонидан юборилган ўқувчи-ёшларнинг илмий ва ижодий изланишлари ҳакамлар томонидан ўрганилиб баҳоланди.

Танлов ташкилотчиларидан иборат ҳайъат аъзолари мактабларда мавжуд бўлган тиббиёт хоналарининг тўғри жиҳозланиши (фавқулодда бахтсиз ҳодисалар рўй берганда биринчи ёрдам кўрсатишга тайёр эканлиги, мактаб ҳамшираси билан синф саломатлиги сектори орасида ҳамкорликнинг ва “Ораста қизлар” тўгарагининг қай даражада йўлга қўйилганлиги), доривор гиёҳлардан тайёрланган “Саломатлик бурчаги” даги деворий газетанинг долзарб мавзуларни қамраб олганлиги, гербарийлар ҳамда фотоальбомлар керакли маълумотлар билан бойитилганлиги, доимо янгиланиб борилишига эътибор бериб ғолибларни аниқлашди.

Умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказилган мазкур танлов мактаб ўқувчиларининг тиббиёт борасидаги билимларини оширишда, соғлом турмуш тарзи хусусида тушунчаларининг кенгайишига хизмат қилиши билан биргаликда, жаннатмакон юртимизда ўсадиган гиёҳлар билан танишиши, кези келганда қўлланилиши, табиатдан оқилона фойдаланиш ҳақида юксак билимга эга бўлишига пухта замин яратди.

Шундай қилиб, республика босқичига чиққан “Саломатлик бурчаги”нинг намуналари бирин-кетин пойтахтга юборилди.

Биринчи май. Навоий кўчаси, 30 уй. Тўртинчи қават… Таҳририятимиз ходимлари одатдаги иш фаолияти билан машғул бўлган бир маҳал хонамизга республикамизнинг турли ҳудудларидан келган “Саломатлик бурчаги” танловининг республика босқичига йўлланмани қўлга киритган мактабларнинг катта қутиларда жойланган ижодий ишлари бирин-кетин олиб келина бошлади. Танловнинг республика босқичи ҳақида хабаримиз бор эдику-я, аммо мактаб раҳбарлари ва мактаб ўқувчиларидан бу даражадаги фаоллик ҳамда эътиборни кутмаган эдик. Бу Хоразм, мана бу эса Сирдарё, анави улкан қутидаги Термиз, Навоий, Бухоро, Андижон, Тошкент яна Фарғона, Наманган вилоятлари… Вилоятлар номи ёзилган турфа ҳажмдаги қутилар келтирилди-ю, баҳоси олтинга қиёс этса бўладиган асл қўл меҳнатида ишланган ижод маҳсули, ҳар бир вилоятдан танловга тақдим этилган кўргазмали қуролларни кўриб очиғи жуда ҳайратландик. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар бир иштирокчи мактабларнинг иқтидорли ўқувчи-ёшлари танлов шартларини тўғри англаган ҳолда ёндашган. Танлов шартларидан бири – турли доривор ўсимликлар ва гиёҳлардан гербарий ясаш, у ҳақида маълумот бериш каби шартларни барча вилоят мактаблари юксак изланиш билан тайёрлаган. Айниқса, Денов туманидаги 77-, Термиз шаҳридаги 13-, Наманган шаҳридаги 57-умумтаълим мактабларининг бу борадаги ишлари таҳсинга лойиқ. Фавқулодда бахтсиз ҳодисалар рўй берганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга тайёргарлик кўриш каби шартларда Сирдарё вилоятидан иштирок этган 8-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг ишлари кўзга яққол ташланди. Сабаби, мактаб жамоаси танловнинг республика босқичига фавқулодда вазиятларда қўллаши мумкин бўлган воситалари акс этган катта плакат тайёрлаб олиб келишган. Бу эса барчанинг эътирофига сазовор бўлди. Келтирилган барча кўргазмали ишларни бирин-кетин кўздан кечирар эканмиз, Чирчиқ шаҳридаги 7-, Фарғона вилоятидаги 2-, 11-умумтаълим мактаблари, Қорақалпоғистон Республикасидан келган 6-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан ёзилган ижодий ишлар, саломатлик мавзусини қамраб олган иншолар салмоғи, ҳажми ҳамда қизиқарлилиги билан эътиборлидир.

Яна ўқинг:  ОГОҲЛИК ОДАТИМИЗ БЎЛСИН

Тан олиш керакки, олиб келинган кўргазмалар хонамизга сиғмай қолганлиги боис, аста уларни таҳририятимиз жойлашган қават йўлакларига тартиб билан жойлаштира бошладик. Буни қаранг-ки, таҳририятимиз тиббиёт музейига айланди қолди. Қўшни таҳририят ходимлари ёки бирор юмуш билан ўтаётган инсонлар бундай ажойиб ишлар ёнидан шунчаки ўтиб кета олмадилар. Ижодий ишлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб, йўл-йўлакай баҳо бериб боришди. Ва бу фикр-мулоҳазаларнинг барчаси ҳайъат аъзолари эътиборидан четда қолмади. Кимдир бу кўргазмали ишлардан мактаб ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлган бўлса, яна бошқалар ўсимликлар ҳақидаги кўплаб маълумотларга эга бўлди. Бошқа газета ходимларининг фотомухбирлари эса ўз нашрининг махсус сони учун ноёб “экспонат”ларни суратга тушира кетдилар. Шу жараённинг ўзидаёқ кўпчиликнинг илиқ фикр-мулоҳазаларига гувоҳ бўлдик.

Энг муҳими, ҳар бир кўргазма бизга вилоятнинг сўлим, баҳаво табиати, шинам ва кўркам мактаби, ораста, билимли ва зукко ўғил-қизларининг тимсолини яққол гавдалантириб бера олди.

Демакки, бу жарёнда ишлаган мактаб ходимларининг, ўқувчиларнинг меҳнатлари бесамар кетмади ва бу орқали улар кўпчиликка тиббиёт борасида анчагина билим беришга ҳаракат қилишган.

ЙИЛ БЎЙИ КУТИЛГАН КУН

26 ноябрь. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 324-умумтаълим мактаби мажлислар зали. Мактаб фойесида “Энг яхши саломатлик бурчаги” танловига тақдим этилган ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилган. Зал гуллар ва ранг-баранг шарлар билан безатилган. Аммо тадбирни безаб, унга кўрк бериб ва мазмунан бойитиб, ўзгача шукуҳ бағишлаб турган бу – шу танловда ғолиб бўламиз дея, бутун меҳрини ҳамда меҳнатини аямай ўқувчи ва мураббийларнинг биргаликда яратган ижодий ишларидир.

Саҳнанинг тўрида танлов акс эттирилган баннер осилган. Майин мусиқа садолари остида анжуманлар залига вилоятлардан келган танлов иштирокчилари, ОАВ ходимлари, ўқувчилар, меҳмонлар ҳамда санъаткорлар кириб кела бошладилар.

Байрам тадбири бошланди. Меҳмонларнинг билдирган фикри ва тилаклари, халқимиз севган санъаткорлар ҳамда ёш ижрочиларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача файз киритди.

Тадбирнинг ҳаяжонли лаҳзалари бошланди.

– Бундай танловнинг ташкил этилиши аввало ўқувчи ва мураббийларни, шунингдек, мактаб жамоасининг янада ҳамжиҳатликда, уюшқоқлик билан меҳнат қилишига сабаб бўлди. Ушбу танлов орқали мактабимиз ўқувчилари бу мавзуда янада кенгроқ тушунча олдилар. Ижодий ишларни кўриб, бошқа вилоятлардан келган дўстларимизнинг ишлари анчагина салмоқли эканлигига гувоҳ бўлдик. Кейинги танловда албатта биринчи ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз, – дейди Наманган вилояти 57-умумтаълим мактаби директори Дилором Матмусаева.

Тадбирни очиш учун сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бош назоратчиси Равшан Эргашев, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси Бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” бош бошқармаси бошлиғи Саидмурод Исмоилов, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ижрочи директори Нозимжон Мўминовлар ғолиб ўқувчиларни қутлаб уларнинг ўқиш ва ишларида муваффақиятлар тилади.

КУЧЛИЛАРГИНА ЯХШИСИГА МУНОСИБ

Умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказилган “Энг яхши саломатлик бурчаги” танловининг якуний босқичига юборилган ижодий ишлар сараланиб, ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Яна ўқинг:  Кулгу – шифо (2012/48)

Шундай қилиб, “Энг яхши саломатлик бурчаги” кўрик-танлови ғолиблари қўйидаги номинациялар бўйича тақдирландилар.

“Энг яхши саломатлик тарғиботчиси” номинациясига Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги 12-мактаб, Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 8-мактаб, Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 4-мактаб ҳамда Навоий вилояти Навоий шаҳридаги 11-мактаб ўқувчилари лойиқ топилди.

“Энг яхши саломатлик бурчаги” номинациясига Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 1-мактаб, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 13-мактаб, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 66-мактаб ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош шаҳридаги 6-мактаб ўқувчилари муносиб кўрилди.

“Энг яхши саломатлик посбони” номинациясига Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб, Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 2-мактаб ҳамда Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 11-мактаб ўқувчилари ва Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 48-мактаб ўқувчилари лойиқ деб топилдилар.

– Бугунги танлов биз педагоглар учун яна бир байрам десак янглишмаймиз. Чунки, республика миқёсида ўтказилаётган “Саломатлик бурчаги” танловида бизнинг 6-умумтаълим мактаби жамоаси “Энг яхши саломатлик посбони” номинациясида фахрий ўринлардан бирига муносиб кўрилди. Бунда мактабда ўтказиладиган “Саломатлик” дарсларининг ҳам ўз ўрни бор, албатта. Ўқувчилар танловга тайёргарлик даврида саломатликни асраш, турли касалликларни олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш зарурлиги, юртимизнинг мева-сабзавотлар таркибидаги витаминларнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамияти қандай каби саволларга жавоб олиш мақсадида кўплаб адабиётларни ўқиб изланишди. Энг асосийси, ўз саломатлигини асраш борасида чуқур билимга эга бўлишди, – дея таъкидлайди танлов совриндори Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиятош шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби директори Асия Медетова.

Яна бир рағбатлантирувчи ўринга сазовор бўлган Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 4-умумтаълим мактаби директори Эргаш Самандаров эса мактаб фаолияти, жумладан “Саломатлик бурчаги” ишлари билан бизни таништирар экан, шундай фикрларни билдириб ўтди:

– Мактабимиздаги “Саломатлик бурчаги”да саломатлигимизни асраш ўз қўлимизда эканлиги, саломатликка оид тавсиялар мунтазам ёритиб борилади. Шунингдек, мазкур бурчакдан воҳамизнинг табиий бойликлари, унинг фауна ва флорасидаги табобат олами, доривор ўсимликлари, уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотлар қаторида гиёҳлардан тайёрланган гербарийлар ҳам жой олган. Бугунги тадбирда бизнинг мактаб “Саломатлик бурчаги” жамоаси “Энг яхши саломатлик тарғиботчиси” номинацияси ғолиби бўлди. Бу албатта, ўқувчиларнинг соғлом турмуш тарзи, изланишлари натижасидир. Биз педагоглар бугунги тадбирдан кейин ёшларга бу йўналишда билим ва тарбия беришда янада масъулият билан ёндошишимиз кераклигини яна бир бор ҳис қилдик. Чунки, соғлом турмуш – соғлом келажакдир. Фарзандлар соғлом, демак миллат соғлом бўлади. Бундай тадбирларни ўтказишдан асл мақсад ҳам ана шудир.

КУЧЛИ УЧЛИК

Ғолиблик шоҳсупасига кўтарилишни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз. Кучли учликка ким кирган экан, деган савол барчани бир зум ўйлантириб қўйди. Ниҳоят, асосий ғолиблар эълон қилинди.

3-ўрин Наманган вилояти Наманган шаҳридаги 57-мактаб ўқувчиларига, 2-ўрин Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 77-мактаб ўқувчиларига ва 1-ўрин Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 7-мактаб ўқувчиларига насиб этди. Чеҳраларда табассум, қалблар тўла ҳаяжон. Чирчиқдан келган “Ораста қизлар” клубининг аъзолари саҳнада бир-биридан гўзал шеърлари билан ҳаммани ҳайратга солишди.

– “Саломатлик бурчаги” танлови ҳақидаги Низомни қўлимга олиб танишиб чиқар эканман, унинг мазмун-моҳияти кўп нарсани ўрганиш, тадбирлар ўтказиш, изланишга ундади. Аввал мактабимиз синфлари ўртасида ўтказилган кўрик-танловларидан кейин ғолибларнинг сараланган гуруҳи йиғилди. Улар мазкур танловнинг шаҳар, вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритгандан кейин республика босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишди. Назаримда, “Саломатлик бурчаги” соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Биз таълим муассасаси ходимларининг вазифаси руҳан, маънан ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш бўлса, бу танлов ана шу мақсад йўлида дастуриламал бўлиб хизмат қилади, – дейди биз билан суҳбатда Чирчиқ шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби директори Мавжуда Аширова. — Бугунги тадбирда бизнинг мактаб жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Бунда мактабимиз юқори синф ўқувчиларининг ҳиссаси катта бўлди. Улар “Саломатлик бурчаги”га керакли кўргазмаларни ўз қўллари билан ясашга харакат қилдилар. Айниқса, 9-синф ўқувчиларидан Дурдона Ҳамидуллаева, Дилдора Давронова каби ўқувчилар фаол иштирок этди. Бундай кўрик-танловлар ёшларга шижоат, ўз меҳнатидан завқланиш, олдинга интилиш каби эзгу ҳис-туйғуларни бахш этишини бугунги тадбир намоён этиб турибди. Ёшлар тарбиясида, уларнинг келажакда жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етишида бундай тадбирларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бугунги анжуман ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Яна ўқинг:  Шоирга эҳтиром

– Танлов жуда кўтаринки кайфиятда ва қизғин тайёргарлик остида ўтди. Бизларга совринларни тантанали ва байрамона руҳда тақдим этганликлари учун барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдирамиз. Бу танловга бизнинг Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 77-мактаб ўқувчилари катта тайёргарлик кўришганди. Бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлган бўлсангиз керак. Ўқувчиларимиз биринчиликка даъвогарлардан эди. Лекин бу ерга келиб шунга амин бўлдикки, рақибларимиз биздан-да яхши тайёргарлик кўришган экан. Тўғрисини айтсак, уларнинг бажарган ишларини кўриб лол қолдим. Гарчи биринчи ўринни қўлга кирита олмаган бўлсакда, бундан сира хафа эмасмиз. Аксинча, танловда иштирок этиб дўстлар орттирганимиздан жуда мамнунмиз. Насиб этса, келгуси танловларда албатта, биринчиликни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз, – дейди Денов тумани 77-мактаб директори Гавҳар Худойбердиева.

– Тан олиш керакки, тақдим этилган барча ижодий ишлар юксак ўрингга лойиқ эди. Сабаби ўқувчиларнинг қўл меҳнатида ишланган ҳар қандай ижодий иш таҳсинга лойиқ. Аммо, ҳайъат аъзоларининг билдирган фикр-мулоҳазаларини инобатга олиниб ғолиблар аниқланди. Ўйлайманки, навбатдаги танлов яна ҳам юксак савияда ўтказилади деган умиддамиз, –дейди биз билан суҳбатда ҳайъат аъзоси Муҳаббат Шербўтаева.

Танлов ўз шиори ва низоми билан республика ўқувчиларини саломатлик байроғи остида бирлаштира олди. У том маънода саломатлик тарғиботчисига айланган десак, асло муболаға эмас. Чунки, билдирилган барча фикрлар ижобий. Мазкур танлов саломатлик ҳаракатига айланди ва кейинги босқичлари оммавий тарзда ўтказилиб, яна ҳам кўпроқ мактаб ўқувчилари иштирок этишади. Бунинг исботини ўқувчиларнинг ҳамда уларнинг жонкуяр устозларининг юзу кўзидан балқиб турган шижоатидан уқиб олиш қийин эмас.

Ҳа, мактаб тарбия ўчоғи бўлиши билан бир қаторда, саломатлик тарғиботчиси ҳамдир. Ҳар бир ўқувчи ўз саломатлигига аввало ўзи масъул бўлиши лозим. Бунинг учун албатта тиббий билим зарур. Ўқувчи мактаб партасида тиббиётга оид билимни аввало “Саломатлик бурчаги”дан ўқиб ўрганади. Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шифобахш гиёҳларнинг саломатлик борасидаги аҳамияти каби қатор мавзуларни ўз ичига олган мазкур бурчак ўқувчининг кундалик ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Бир сўз билан айтганда мактаб “Саломатлик бурчаги” тиббий тарғибот борасида болажонларнинг энг яқин дўсти ҳисобланади.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

Муҳаббат ҲЎЖАМУРОДОВА,

Майна ҲАСАНОВА,

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: