Китоб – инсон яратган буюк кашфиёт

Китобдин яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамли замонда.

У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат бергуси такрор.

Буюк мутафаккир Абдураҳмон Жомий китобни бу қадар улуғлаши бежиз эмас, албатта. Зеро, инсониятнинг буюк кашфиётларидан бири ҳам айнан китобдир. Неча минг йиллар ўтса-да, унинг қадри ҳамиша баланд бўлиб қолаверади.

Яқинда Пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида анъанавий республика “Китоб байрами” бўлиб ўтди.

Шу куни хиёбон ҳар қачонгидан-да гавжум. Карнай-сурнай наволари барча китоб ихлосмандларини байрамга чорламоқда. Истироҳат боғидаги “Ўзбекистон”, “Чўлпон”, “Янги аср авлоди”, “Ўқитувчи”, “Фан ва технология” каби кўплаб нашриётлар ҳамда “Шарқ” нашриёти матбаа акциядорлик компаниясининг китоблари махсус расталарни тўлдирган.

Таъкидлаш жоиз, мустақилликка қадар юртимизда 9 та нашриёт фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда 100 дан зиёд нашриёт, турли ташкилот ва муассасалар таркибида 50 га яқин ноширлик бўлимлари фаолият юритмоқда. Биргина бу эмас, йигирма йил муқаддам республикамизда 149 та матбаа корхонаси фаолият юритган. Ҳозирда эса уларнинг сони бир ярим мингдан ортди.

Икки кунлик тадбир Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Ўзкитобсавдотаъминот” масъулияти чекланган жамияти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ёшлар маънавиятини янада ошириш, сифатли китоблар сонини орттириш, савияли китобхонлар аудиториясини шакллантиришдан иборатдир.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Омонулла Юнусов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, юртимиз ёшларининг юксак салоҳиятли, ақл-заковатли шахс бўлиб камол топишларида маънавиятнинг қўш қаноти бўлмиш китобнинг ўрни муҳим эканини таъкидлаб ўтишди.

– Болага ақлий бойликни фақатгина китоб ҳадя эта олади, – дейди пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 300-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Нодира Жамолиддинова. – Шуни инобатга олган ҳолда ўқувчиларимни мутолаага қизиқтираман. Бугунги байрам ҳам ўқувчиларим учун янги-янги болалар китоблари билан танишиш, таниқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашиш, суҳбатлашиш имконини берди.

Яна ўқинг:  Шавкат Мирзиёев: “Депутатлар, сенаторларимиз уйғониши керак”

Тадбирда “Намунавий китоб дўкони” республика кўрик-танловининг ғолиблари тақдирланиб, “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби мавзуларда викториналар ўтказилди.

М.ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: