Сафро димланиши баджаҳлликка сабабми?
ўт пуфаги ва ўт йўллари касалликлари хусусида
Табобат илмининг султони, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг номи жаҳон тиббиёт тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Улуғ алломанинг қолдириб кетган қўлёзмаларида ҳозирги вақтда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган тавсиялар мавжуд. Уларда ўт суюқлигини ҳайдайдиган бир қанча ўсимликлар, жумладан, зирк мевалари, бўзноч, ялпиз, қоқиўт барги ва бошқалар хусусида тўхталган. Унинг ёзишича касалликни келтириб чиқарадиган ташқи ва ички сабаблар бор.
Ташқи омиллардан инфекцион, механик, физик омиллар, об-ҳаво (ҳарорат) ва шунингдек, бошқаларни ҳам айтиб ўтган. Овқатланишнинг бузилиши ҳам шулар жумласига киради. Етарлича овқатланмаслик ҳам, ортиқча овқатланиш ҳам зарарлидир. Етарлича овқатланмаслик, овқатга ёлчимаслик организмнинг ҳолдан тойиб, инфекцияга кўрсатадиган қаршилиги камайиб кетишига, гипо ва авитаминозлар пайдо бўлишига олиб келса, ортиқча овқатланиш озиқ-овқат маҳсулотларининг энергетик қиймати энергия сарфидан анча ортиб кетишига олиб боради. Бу эса моддалар алмашинуви бузилишига, одам семириб, унинг танаси ёғ босишига сабаб бўлиши мумкин.
Ички касалликлар тўғрисидаги таълимотнинг асосчиси юнон ҳакими Гиппократ эрамиздан аввалги V асрда яшаган. Қадимги дунёнинг шу атоқли ҳакими кўрсатиб кетган баъзи касаллик белгиларининг ҳозир ҳам тўғри ташҳис қўйишда катта аҳамияти бор.
Гиппократ замонасида табиб асосан ўзининг сезги аъзоларига суяниши мумкин эди, холос. Ҳаддан ташқари оғир ҳолатдаги беморда кузатиладиган “Гиппократ юзи”, ўпка пардалари орасига сув йиғилганда (плеврит) бемор нафас олганда плевранинг ишқаланишидан эшитиладиган шовқин сингари касаллик белгилари бунга мисол бўлиши мумкин.
Яна бошқа бир машҳур ҳаким эрамиздан аввалги II-III асрларда яшаган Гален Гиппократ таълимотини тўлдирди. У касаллик вақтида қандай бўлмасин бирор аъзо ва тизимларда бўладиган маҳаллий дард туфайли пайдо бўладиган турли ўзига хос ҳид, рангларнинг, касаллик ўчоқлари жойланиши ҳам муҳим ўрин эгаллайди деб ҳисоблар эди.
Сергей Петрович Боткин (1832-1889) қорин бўшлиғи аъзоларини пайпаслаб кўриш (пальпация) усулларини амалиётга жорий қилди. Олим ички касалликларни аниқлашда янги белгиларни (ўт-тош касаллигида оғриқнинг ўнг томондаги қовурғалар остидан юрак соҳасига ўтиб туриш белгиси, яъни иррадиацияланиш белгиси, яна инфекцион гепатитни) ҳам топди.
САЛБИЙ ҲИС-ҲАЯЖОНЛАРНИНГ РОЛИ
Барча касалликлар мижоз бузилиши сабабли пайдо бўлади. Мижоз бузилишига ҳам нотўғри овқатланиш, ўз вақтида тўйиб ухламаслик, зарарли одатлар(ичиш, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш) киради. Баджаҳл одамларда сафро (ўт суюқлиги) кўп ажралиб чиқади. Ўт йўлларида турли тиқилмалар бўлса, ўт пуфагида бу суюқлик димланиб қолади.
Иқтисодий ва ижтимоий шароитларнинг нобоп бўлиши касалликлар пайдо бўлишида катта роль ўйнайди. Турмуш даражасининг паст бўлиб қолгани инфекцион, турли паразитлар сабабли пайдо бўладиган касалликларга кенг йўл очади. Ҳаким буюрганларини мулойимгина қилиб беморга қунт билан эслатиб туриш унинг соғайиб кетиши учун жуда муҳим. Шифокорнинг ширин сўзи дардга малҳам бўлади, лекин у аксинча бўлса одамни чилпарчин қилиб қўйиши ҳам мумкин.
Даволаш режасини бузиб, шифокор маслаҳатларига парво қилмайдиган интизомсиз беморни унинг ўзбошимчалиги ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида қаттиқ огоҳлантириб қўйиш шарт.
АЛЛЕРГИК ОМИЛЛАР
Организм реактивлиги ўзгариб кетганлиги туфайли турли моддаларга унинг ортиқча сезгир бўлиб қолишидир. Илгари қайси омилга (аллергенга) дуч келган бўлса одам шу омилга ортиқча сезувчан бўлиб қолади.
ИРСИЯТ
Касалликнинг баъзи аломатлари ва хусусиятлари наслдан-наслга ўтиши мумкин. Пасориаз (темиратки), ўт қопининг қийшиқлиги (дискинезия), турли неврологик ва ўсма касалликлари, гипертония (хафақон) ва бошқа хасталиклар ирсий бўлади.
ХОЛЕЦИСТИТ
Ўт пуфагининг яллиғланиш касаллиги – холецистит энг кўп учрайдиган касалликдир. Холецистит тошсиз (нокалькулёз) ва калькулёз (тошли) бўлади. Ўт пуфагидаги яллиғланиш жараёни ўт тошлари-конкрементлар ҳосил бўлиши билан бирга учрайди. Калькулёз холецистит ўт-тош касаллиги ўт пуфагида яллиғланиш жараёни билан бирга кечмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолатда конкрементлар ҳосил бўлиши бошқа қатор омилларга боғлиқ бўлади. Ўт пуфаги ва ўт йўллари касалликлари қаторига кирувчи дискинезия номини олган ўт пуфаги мушаклари қисқаришининг бузилиши киради. Натижада ўтнинг жигар ва ўт пуфагидан ўн икки бармоқ ичакка ажралиб чиқиши бузилади. Дискинезия мушак таранглигининг пасайиши ва бўшаши билан ўтадиган гипотоник ёки аксинча ўт пуфаги мушакларининг кескин қисқариши кузатиладиган гипертоник бўлиши мумкин. Холецистит ва ўт-тош касаллигига ўт чиқарувчи йўлларнинг паразитар касалликлари лямблиоз, описторхоз, аскаридоз ва бошқалар қўшилиб келади. Холецистит асоратлар билан ўтиши мумкин. Билиар жигар циррози холецистопанкреатит, реактив гепатит(йўлдош гепатит) ривожланиши эҳтимол тутилган гепатохолангит энг кўп қайд қилинади. Калькулёз холецистит, ўт-тош касаллигининг жиддий асорати ўт (жигар)санчиғи ҳисобланиб, бунда ўнг қовурғалар остида кучли оғриқ хуружи кузатилади. Жигар, ўт пуфаги ёки умумий ўт йўли конкреметдан тиқилиб қолиши ҳамда обтурацион сариқлик, истисқо (қорин бўшлиғида сув йиғилиши) ёки қовуқ эмпиемаси (йиринг йиғилиши) ривожланиши эҳтимоли кучаяди.
Ичак инфекциялари (ич терлама, дизентерия), хроник(сурункали) отит (қулоқ яллиғланиши), тонзиллит (бодомча безларининг яллиғланиши), гайморит (Гаймор бўшлиғининг яллиғланиши), аднексит(бачадон найлари ва тухумдоннинг яллиғланиши) пиелит (буйрак жомчаларининг яллиғланиши), остеомиелит (суяк кўмигининг яллиғланиши) ва шу каби пастга тушадиган инфекциялар ўт пуфаги яллиғланишига замин яратади. Кўпинча бу касаллик ўчоқларидан ўт пуфагига стофилококк, стрептококк ва бошқа инфекциялар тушади.
Холецистит ривожланишига ўт пуфагида ўтнинг димланиб қолиши ҳам имкон беради. Бу гипотоник дискинезия, шунингдек, тор кийим кийиш (корсетлар, тасмалар, белбоғлар) қабзият билан ҳам боғлиқ. Ўт димланишига одамнинг кам ҳаракатли ҳаёт тарзи, жисмоний фаоллик билан боғлиқ бўлмаган касб-корда ишлаши, етарлича ҳаракат қиллмаслиги, овқатни узоқ вақт оралиғида ва кўп миқдорда ейиш кабилар сабаб бўлади. Ўт пуфагига микрофлоранинг бевосита киришига ва унда яллиғланиш жараёни ривожланишига ахилия (меъда хлорид кислота ва ферментлар ишлаб чиқармаслиги) ёки меъда секретор фаоллигининг пасайиб кетиши имкон беради. Чунки, меъда шираси таркибига кирадиган хлорид кислота бактерицид хоссасига эга. Холецистит кўпми-озми узоқ вақтгача ўртача клиник манзарада юза яллиғланиш ҳолатлари билан ўтиши мумкин.
Бемор ўнг қовурғаси остида унчалик қаттиқ бўлмаган оғриқдан ва оғзи бемаза бўлишидан шикоят қилади. Дуоденал зондлаш ёрдамида олинган ўт суюқлигида лейкоцитлар, шилимшиқ, эпителиал текширишда у ёки бу бактериал флора (микроблар) топилади. Рентгенологик текширувда ўт пуфаги қисқариш хусусиятининг бузилишга мойиллиги, яъни дискинезия белгилари аниқланиши мумкин. Тошсиз холециститнинг клиник аломатлари ана шулардан иборат. Аксарият ўт пуфагидаги яллиғланиш жараёни таъсири остида ўтнинг физик (коллоид) хоссалари ўзгаради. Тош ҳосил бўлиши жараёнида организмда моддалар алмашинуви жараёнларининг бузилиши, биринчи галда ёғ алмашинувининг издан чиқиши муҳим роль ўйнайди. Бу ортиқча овқатланиш натижасида организмнинг ёғ босиши, шунингдек, танадаги нейроэндокрин ўзгаришлар (ҳомиладорликда, климатерик даврда, қалқонсимон без фаолияти пасайганда ёғ алмашинувининг бузилиши) билан боғлиқ. Ўт димланиши ўт тошлари пайдо бўлишига имкон беради.
Калькулёз холециститда оғриқ ўнг қовурғада бўлиб, одатда кучли, аксари хуружсимон бўлади. У ўнг томондан белга ёки курак ости соҳасига ўтади. Агар тош (конкремент) умумий ўт йўлини беркитиб қўйган бўлса, обтурацион сариқлик вужудга келиши мумкин. Ўт-тош касаллигининг клиник белгиларида яллиғланиш жараёни кузатилмайди. Гипотоник дискинезияда димланган ўт-пуфаги деб аталадиган ҳолат ривожланади. Ўнг қовурға остида оғриқ доимий, симиллаган бўлади. Бемор энгашганда катталашган ўт пуфаги осилгандай бўлиб қорин олди деворига қадалгандай бўлиб туйилади. Гипертоник дискинезиядан ўнг қовурға остида тез-тез хуружсимон оғриқ бўлиши ўзига хос клиник белги ҳисобланади. Бироқ, қатор ҳолларда лямблиоз-паразитлар борлиги айниқса, уларнинг кўп миқдорда бўлиши касаллик кечишини оғирлаштириб, ўт суюқлиги оқиб чиқишига ва қоринда механик тўсиқлар вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин.
Калькулёз холецистит ва ўт-тош касаллигида аксарият ўнг қовурға остида ўткир ва қаттиқ оғриқ хуружи пайдо бўлади. Бу кучли санчиқ ўнг куракка, ўнг ёнбош ва бел соҳасига ўтади. Ушбу оғриқ ўт пуфаги шиллиқ пардасининг ундаги тош таъсирланиши натижасида тошнинг ўт ажратувчи йўлларга тиқилиб, сафрони тўсиб қўйиши, тери шиллиқ тўқималарининг сарғайиши, пешоб рангининг тўқ тусга кириб қора чой ёки пивога ўхшаб қолиши, ахлатнинг оқариши билан кузатилади. Хуруж давомлилиги бир-неча дақиқадан бир неча соатгача чўзилиши мумкин.
Касаллик хуружи вақтида бемор ўт (сафро) суюқлигини ташлаб, қайт қилади. Терида қичишиш, тери орасида жонли нарса юргандай туюлади. Ўт – тош касаллиги санчиғидаги оғриққа морфин оғриғи дейилади. Чунки, уни фақат наркотик оғриқ қолдирувчи инъекция билан қолдириш мумкин. Зудлик билан ультратовуш, рентген, компьютер томографияси ёрдамида беморга тўғри ташҳис қўйиб муолажа қилинади.
Беморга шифохонада даволаниш тавсия этилади. Шунингдек, жигар касаллигидаги каби парҳез буюрилади. Аввало ўтдаги микрофлора ва унинг антибиотикларга сезувчанлиги аниқланади. Ҳар бир беморга индивидуал муолажа белгиланади. Ўт ҳайдайдиган воситалар (маккажўхори попуги, наъматак дамламаси ёки ўт ҳайдовчи чой) минерал сувлар (Есентуки, Боржоми) ярим стакандан овқатдан олдин илитилган ҳолда ичилади. Конкремент (тош) билан тўлган ўт пуфагини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш керак.
Тошсиз холециститларга даво қилишда парҳезга, доимий “дренаж қилиш”, ўт йўлларини зонд ёрдамида ювиш ва зондсиз тюбажлар (бемор бир стакан илиқ минерал сув ёки наъматак дамламасни ичади ва жигар соҳасига грелка қўйиб ўнг ёнбоши билан 1 соат ётади, ўт ҳайдовчи дори воситалар қаторига ўтни суюлтириш хусусиятига эга бўлган минерал сувлар) тавсия этилади. Кўрсатмалар бўйича яллиғланишга қарши даво курслари (аксарият ҳолатларда лямбляга қарши препарат билан) тайинланади.
Тошсиз холециститни ўз вақтида тўғри муолажа қилиш беморнинг бутунлай соғайиб кетишига замин ҳозирлайди. Ҳозирги вақтда калькулёз (тошли) холециститларни, ўт йўлида тиқилган тошларни операциясиз эндоскопик усулда туширилади.
Тошларни эритувчи дорилар ёрдамида ҳам туширилади. Уларни таркиби ва тузилиши аниқланиб қайта ҳосил бўлмаслиги учун дори-дармон берилади. Санаторий-курортда даволаниш, шифобахш балчиқ, турли физиотерапевтик муолажалар олиш хасталикнинг қайталанишининг олдини олади.
Баҳодир ҲАМИДОВ,
ТошПМИ доценти, халқаро “Инсон ва табиатни экологик хавфсизлиги илмий академияси” мухбир аъзоси, олий тоифали жарроҳ