Қариси бор уй – париси бор уй
“Қариси бор уйнинг париси бор” – деган нақл бизни доим инсонпарвар ғоялар сари етаклайди. Дарҳақиқат, бобо-ю бувижонларимиз, ота-онамизнинг ёнимиздаги ҳар бир дақиқаси, сўзлаётган пурмаъно сўзлари, бизни қўллаб-қувватлаб тўғри йўлга бошлаши, тўй-маъракаларимизда бош-қош бўлишининг ўзи қанчалик бебаҳо давлат. Эътибор берганмисиз, ўғил ота-она уйига бош суқиб, отажон-ойижон набирангизга фалон кишининг ўғлидан совчи келди, нима дейсизлар, – деганича уларга бир илинж билан боқади. Гўёки бу бир жуфт қалби эзгуликларга макон кексаларни сўзи ўғил учун минг тиллодан-да афзал кўринади. Ёки отажон набирангизни қулоғига азон айтиб қўйинг, токи шу юртда туғилиб унинг тупроғини сиз каби эъзозлаб юриш унга ҳам насиб этсин, – дея падарига ҳавас билан нигоҳ қадаганича бағридаги чақалоғини тутаётган қизининг бир олам орзулар оғушида эканлигини сезиб отанинг дили қувончга тўлади.
Воажаб, шажарасини тоза имон, тоза эътиқод билан давом эттираётганига минг бора шукроналар қилаётган падарнинг ўз отасидан олган дуолари ижобати эмасми булар?!
Бувижон, сизга ўзим ёқтирадиган қизнинг суратини кўрсатайми, – юрагидаги бир олам севги оташидан масрур набира бувисининг пинжига суқилади.
– Ўзим ўргилайин полапонимдан, ишқилиб сочи узунми, анави уста Олимнинг қизи бўлса керак-а, қани кўрсатчи?!
– Қаердан билдингиз бувижон?! Яхшилаб кўришингиз учун кўзойнагингизни олиб келиб берайми? – дея энтикаётган набирасининг ҳаяжони бир зумда Ҳалима бувининг ҳам қалбига кўчаркан, – биламанда, бувинг билмаган нарса йўқ. – ҳазиломуз набирасининг елкасига қоқиб қўяди…
– Ассалому алайкум бобожон! Боғимиздаги узумларни хомток қилмоқчи эдим, аммо нард навдасини кесиб қўйишдан чўчияпман, шу боис сизни олиб кетишга келдим, “шоша-пиша” сўзини якунлар экан, ичида ишқилиб бобомнинг уёқ-бу ёққа борадиган юмуши бўлмасин-да, – ҳадик билан Абдулло бобога умидвор боқади тўнғич набираси Абдуҳалим.
– Нард навдасини дегин, бўпти-да, ўғлим, ҳозир бувинг билан бирга борамиз, баҳонада улар ҳам бир боғнинг тоза ҳавосидан нафас олиб, эваралари билан яйрасин, – таъкидлайди ўрнидан илдам туришга интилиб Абдулло бобо…
– Ойижон, дадам уйдами? – Собиржоннинг овози баландлаганидан саросимага тушган Салима опа. “Ҳой, дадаси туринг ўғлингиз чақираяпти”, – “шоша-пиша” ярим тун бўлишига қарамай эрини тортиқилаб уйғотишга тушади.
– Ола сигирнинг қорни шишиб кетди, ўрнидан туролмай инқиллаяпти. Нима қилишни билмай қолдик. Дарров сизларнинг олдингизга югурдим, дадам бир кўрсин-чи, нима деркин, – ўғлининг сўзларини уйқу аралаш туйқус англайолмаган бўлсада жузъий кўнгилсизлик рўй берганини тушунган Ҳабиб ота тўнини елкасига ташлаганича ўғлининг кетидан “қоқилиб-суқилиб” бўлсада илдамлайди.
– Намунча ҳаялладингиз, дадаси, ола сигир яхшими? Деразадан қарайвериб кўзим толиб, юрагим ёрилай деди, – Ҳабиб отани эшик олдида қаршилаган Салима бувининг биринчи сўзи шу бўлди. – Яхши, яхши, хавотирланма, оғзига тол хивчин тиқиб, қорнидаги шишни пасайтирдим, ярим челакча айрон ҳам ичирдим, болаларинг ёшда, шошиб қолибди, ўзиям жонивор роса қийналибди, – момони тинчлантиради Ҳабиб ота…
– Бувижон, набирангиз Нозиманинг инжиқликларидан тўйиб кетдим, қачон қараманг қайнонаси билан чиқишмай уйга аразлаб келгани-келган, нима қилсам экан-а? – Ойниса бувига нажоткор кўзларини қадайди набираси Олимжоннинг хотини Азизахон.
Нима қилардингиз болам, ўша хонадоннинг “китоб”ини ўқитасиз-да, – бош чайқаб қўяди буви чуқур тин олиб.
– Қанақа китоб, нималар деяпсиз, бувижон? – ажабланади келин.
– Қанақа бўларди бип-бинойидай китоб, – кулимсираб гапида давом этади Ойниса буви. – Ҳар бир хонадоннинг бошқалар кўрмаган ўз “китоб”и бўлади. Ундан ўша хонадондаги кексаларнинг, қайнота ва қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳамда қайнонанинг чизган чизиғини англай билишни ўрганади. Унинг биринчи саҳифасидан бошлаб то мундарижасигача ўқиш, энг аввало, қайнона ёрдамида, сўнгра куёв бўлмишу қайинопа, қайинсингиллар, қайинакаю қайинукалар ёрдамида ўқилади. Бу китобни ўқишда кўпам сўзамоллик эмас, балки чаққон қўл-оёқлар, очиқ чеҳра, саранжом-саришталик ҳамда фаҳм-фаросат зарур.
– Раҳмат бувижон, минг раҳмат, биздан ўтибди, – нималарнидир дил-дилидан англаган Азизахон бувисини аста қучиб ўрнидан туради…
– Бу бобомнинг пиёласи, буниси бувимники, “ур-ре-ре”, ана ўзлари келишаяпти, – шодлиги бир жаҳон Аслиддинбекнинг қийқириғи жумлаи жаҳонни тутади.
– Мен бобомнинг ёнига ўтираман, сени бувим тиззасига оладилар шодланиб мурғак синглисига сўз қотади Аслиддинбек.
Шу топда кичкина Марғубахон акасининг сўзларига жавобан алланималарни тушунган кўйи ўзича “ға-ғу”лаб қўяди.
Дарҳақиқат, Аслиддинбекни даст қучиб олган Шокир ота набирасини суйиб ёнига олади. Ҳабиба буви бўлса, Марғубахонни бағрига босиб аста тиззасига қўйганича уни алқаш билан овора бўлади…
– Дадаси, ҳой дадаси, набирамиз Мадинабонунинг тоби қочибди, тезда етиб бормасак бўлмайди, ўғлингизнинг ранги бир ҳолатда, бирровга келиб-кетди, манави тўнингизни кийиб олинг, шошганимдан қайси касалхонада эканлигини суриштирмабман-а, энди нима қиламиз?! Ҳай, йўл-йўлакай у-бу кишининг телефонидан қўнғироқ қилдирармиз, ўзининг саволига ўзи жавоб беради Ҳанифа буви куймаланганича сумкасига набираси учун ул-бул соларкан.
Саҳар-мардондан дала боғга кетган Абдуллоҳ ота бўлса хотини тутган тўнни елкасига ташлаганича белига белбоғ тақиб йўлга отланарди. “Ишқилиб, соғайиб кетсинда. Шу набирамиз жуда хушрўй аммо, нимжонроқ туғилган-да”… Изма-из касалхонага кириб келган бобою бувисининг нурли чеҳрасидан бир олам завқ олган Мадинабонунинг хасталиги аригандай бўлиб ўзини қушдек енгил сезади. Айниқса, бобосининг ўз қўллари билан ўстирган анорининг салкам жимжилоқ бармоғидек келадиган сархил доналарини бувисининг қўлидан олиб маза қилиб тановул қилар экан, икки юзига қизиллик югуриб ўзи ҳам анорга ўхшаб қолди…
– Соғ-саломатмисиз, ойижон келишингизни кутиб набирангизнинг бешигини ҳам безатолмай турибмиз. Бизники сираям ўхшамаяпти, барибир ўзингиз безаган бешик бошқачада… – Қайнонасини уйига чорлаётган тўнғич келини Сарвинознинг ширали овозидан қайнонанинг боши кўкка етади.
Бир зумда бешикка солинадиган чақалоқ учун атаб тикилган беқасам тўну атлас қийиқча, қуроқдор дўппию асл пахталик юмшоқ кийим-кечакларни орқалаб йўлга тушади. Борар манзилининг олислиги-ю, пешонасидан оқаётган “реза-реза” терни ҳам, баъзан бўғзига тиқилмоқчи бўлган нафасини ҳам писанд қилмай одимлаб бораётган қайнона ўз-ўзига, ҳа, “данагидан мағзи ширин”, – дегани шу бўлса керак-да, – деб қўяди…
– Бошингдаги ироқи дўппинг бунча чиройли бўлмаса Сурайё, кел, дугонажон мен ҳам бир кийиб кўрай, ким олиб берди? – дугонасини савол устига саволга тутади Шаҳноза.
– Вой, ким бўларди, албатта, бувижонимда… Нимага жимиб қолдинг? Ма, кийиб кўрақол, – дўпписини олиб дугонасига тутади қиз.
– Эҳ, менинг ҳам бувим бўлгандамиди?! – хомуш тортиб хўрсиниб қўяди Шаҳноза.
– Янаги гал бувижоним келганида, албатта, сенга ҳам дўппи олиб келишини тайинлайман, – бувиси яқинда қазо қилгани сабаб бирдан кайфияти тушган дугонасининг кўнглидагини сезган Сурайё уни овутишга тушади.
Азизлар! Биз сизга ҳикоя қилаётганимиз бу ҳар бир ўзбек хонадонида бўлаётган оддий воқеа ва ҳодисалар ҳисобланар. Аммо ҳаётий воқеликларнинг туб илдизига боқсак ҳар ким фарзандига қандай таълим-тарбия берган бўлса охир-оқибат шунинг мевасидан масрур бўлиши бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат ҳисобланади. Ўтаётган ғанимат кунимизнинг ҳар дақиқасида биз қайсидир маънода кексаларимизнинг йўл-йўриқларига, маслаҳатларига суянамиз.
Дарҳақиқат, кексаларни ардоқлаб уларга қанчалик меҳр-мурувват кўрсатсак келгусида ўзимиз ҳам шунчалик фарзандларимиз эъзозига сазовор бўламиз.
Нуронийлар сабаб кўнгил уйимиз обод, хонадонимиз файзли. Буюк мутафаккир бобомиз Мир Алишер Навоий айтганидек:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кунунгға айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
Дунё учун ой билан қуёш қанчалик аҳамиятга эга бўлса, фарзанд учун ота-она ҳам шунчалик қимматга эгадир.
Жамила ҲАЙДАРОВА