ОБОД ЮРТНИНГ БОЛАЛАРИ

СоҒлом ва бахтиёр улҒаймоҚда

Туркистон” саройи болажонлар ва ота-оналар билан гавжум. Кичкинтойларнинг кўзидаги қувончни кўриб катталар ҳам шод. Сарой фойесига ўрнатилган арча атрофида Қорбобо, Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокида байрам тадбирлари қизғин тус олган. Кичкинтойлар шеър айтиб, қўшиқлар куйламоқда. Ранг-баранг мусиқий дастурлар тантанага янада кўтаринкилик, жўшқинлик бахш этмоқда.

Йигирма иккинчи бор бўлиб ўтаётган “Президент арчаси” Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Sen Yolg‘iz Emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган. Ҳар йилгидек тадбирга “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари таклиф этилган.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ота-она меҳридан бебаҳра, ижтимоий, тиббий кўмакка муҳтож, мураккаб шароитда қолган болаларга алоҳида меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча имкониятларни яратиш давлатимизнинг доимий диққат марказида. “Меҳрибонлик” уйлари, SOS – болалар шаҳарчалари, махсус мактаб-интернатлар, “Мурувват” уйлари болалар ижтимоий реабилитация марказларининг моддий-техник базасини яхшилаш, изчил таълимни ривожлантириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилаётир. Зеро, соғлом фикрли ёшлар юрт таянчидир.

Айниқса, Соғлом бола йили деб ном олган ўтган 2014 йилда ҳам талайгина ютуқларни қўлга киритдик. Муҳтарам Юртбошимиз “Соғлом бола – аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир” деган эди. Шу нуқтаи назардан йил давомида оилада ўзаро ҳурмат муҳитини, унинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

“Соғлом она – соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёл ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бунинг натижасида 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилгани бу йўлдаги катта қадам бўлди.

Таълим соҳасида ҳам мактаб ўқувчилари учун 34 миллион 500 минг нусхадаги дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар юртимиздаги таълим олиб бориладиган 7 тилда нашр қилинганини алоҳида қайд этиш лозим.

Бундан ташқари, мамлакатимизда кўплаб янги спорт комплекслари қурилди. Мавжудлари таъмирланиб замонавий жиҳозлар ўрнатилди. Истироҳат боғлари барпо этилди. Ўқув масканларида янада шинам шароитлар яратилди. Саноат талабларига тўлиқ жавоб берадиган харидоргир ўйинчоқлар ишлаб чиқарилмоқда. Истиқболли манзилларни кўзлаб амалга оширилаётган бундай ишлар халқаро миқёсда ҳам самарали ислоҳотлар сифатида тан олинмоқда.

Яна ўқинг:  ИСТИҚЛОЛ ЮЛДУЗЛАРИ КАШФ ЭТИЛДИ

– Янги йил шодиёналарига бағишлаб ўртоқларим билан бирга махсус рақслар тайёрладик, – дейди Юнусобод туманидаги 30-”Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Турсуной Ҳайдарова. – Беш йилдан буён мазкур байрамда ижодий чиқишларим билан иштирок этаман. Биз, болалар учун шундай қувноқ байрамни ташкил этгани учун Президентимиздан миннатдормиз.

Тадбир доирасида “Томоша” болалар шоу гуруҳи томонидан “Мўъжизали китоб” деб номланган саҳналаштирилган мусиқий чиқиш тақдим этилди. Болалар куйларга жўр бўлиб рақс тушишди. Атрофда безатилган “ялт-юлт” арчалар байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси ҳам жалб этилиб, байрам тадбирига болаларнинг тизимли келиб-кетишлари, арча безатиш, иштирокчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги бўйича тегишли чоралар таъминланди.

– Фарзандимни илк бор “Президент арчаси” байрам тантанасига олиб келдим, – дейди Тошкент вилояти Олмалиқ туманида истиқомат қилувчи Камола Шайманова. – Ўғлимнинг қувончи чексиз. Эртак қаҳрамонларини кўриб, “Ая, ая сиз айтиб берган эртакдаги қуёнчаку!” дея севинчи ичига сиғмади. Ёд олган шеърини айтиб бергани учун қорбобо унга совға берди. Ўғлимнинг шодлигидан ўзим ҳам бахтиёрман. Мана шундай тадбирларни уюштирган ташкилотчиларга чексиз раҳмат айтман.

Ҳа, “Президент арчаси” тантаналарини болалар орзиқиб кутади. Арча атрофидаги қизиқарли томошалар, турли совғалар уларга бир олам қувонч, унутилмас таассуротларни ҳадя этади.

Дарвоқе, болалар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган 12 номдаги ўқув қуроллари ва 14 хил ширинликлардан иборат бўлган 11 минг дона совға тайёрланган бўлиб, Тошкент (897 дона), Сирдарё (265 дона), Жиззах (296 дона) вилоятлардаги болажонларга жами 1458 дона совғалар тарқатилди.

Шунингдек, 6109 дона Президент совғалари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг самалёти орқали Қорақалпоғистон Республикасидаги болажонларга ҳам етказилди.

Хуллас, шодиёна айни авжида. Қорбобо, Қорқиз ва турли эртак қаҳрамонлари кичкинтойларни жўровозликда қўшиқ куйлашга, шўх-шодон рақсга тушишга чорлайди. Арча атрофида болаларнинг беғубор кулгуси янграйди. Байрам тадбирида санъаткорлар, ижрочи ёшлар, цирк усталари, болалар бадиий жамоалари иштирокида шоу томошаларини намойиш этишди.

“Президент арчаси” байрам шодиёналари барча вилоятларда ҳам кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Дилдора МУРОДОВА,

Яна ўқинг:  Ниятлар дарчасидан мўралайди Янги йил

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: