ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Қадрли ватандошларим!

Мана шу файзли дамларда сиз, азиз юртдошларимга аввало ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этиб, қутлуғ қадамлари билан кириб келаётган Янги йил билан табриклаб, барчангизга чин қалбимдан сиҳат-саломатлик, тинчлик-омонлик, бахт-саодат, хонадонларингизга хотиржамлик ва фаровонлик тилашни ўзим учун катта бахт деб биламан.

Айни шу дақиқаларда якунига етиб бораётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида босиб ўтган йўлимизни ва рўй берган воқеаларни, қўлга киритган марра ва ютуқларни шукроналик билан кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз, 2014 йил биз учун самарали ва хосиятли бўлди, деб айтишга тўлиқ асосларимиз бор, деб ўйлайман.

Бунинг исботини аввало биз кўзлаган буюк мақсад бўлмиш – дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, бунинг учун олиб бораётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш мақсадида амалга ошираётган улкан ишларимизда кўришимиз мумкин.

Айниқса, иқтисодиётимизни барқарор суръатлар билан юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишда, ҳеч шубҳасиз, ўтаётган йил ҳаётимизда чуқур из қолдириши муқаррар.

Бунинг тасдиғини юртимизда рўй бераётган оламшумул ўзгариш ва янгиланишларда, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси янада чирой очаётганида, қад ростлаётган, энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналарда, деҳқон ва фермерларимизнинг мардона меҳнати эвазига далаларимизнинг унумдорлиги ва ҳосилдорлиги йилдан-йилга ошиб, халқимизнинг ҳаёт даражаси юксалиб бораётганида, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги обрў-эътибори тобора ортиб, унинг халқаро майдонда муносиб ўрин олаётганида кўриб-кузатиб, шу юртда яшаётган ҳар қайси инсоннинг кўнгли ҳақиқатан ҳам ғурур ва ифтихорга тўлади.

Айтиш керак – ўтган даврда биз эришган айрим кўрсаткичларни тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Жаҳон миқёсида молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистонимизнинг саноқли давлатлар қаторида охирги 10 йил давомидаги иқтисодий ўсиши, яъни, содда қилиб айтганда, фаровонлигимизнинг юксалиш суръатлари узлуксиз равишда 8 фоиздан кам бўлмасдан келмоқда ва 2015 йилда ҳам бу кўрсаткичдан кам бўлмайди, иншооллоҳ.

Азиз юртдошларим!

Ўзбекистоннинг бугунги кунда тараққиёт йўлида барқарор суръатлар билан қадам қўяётганида, обод ва фаровон ҳаёт қураётганида бу саховатли заминда яшаётган ҳар қайси инсоннинг, унинг миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар, муносиб ҳиссаси борлигини, бутун халқимизнинг машаққатли меҳнати, мардлиги ва матонати, бағрикенглиги, бир оила бўлиб яшаётгани, қисқача айтганда, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва меҳр-оқибатлик туйғуси нақадар катта бойлик эканини барчамиз миннатдорлик билан қайд этамиз.

Яна ўқинг:  ИСТЕЪДОД ВА ИЗЛАНИШ ЭЪТИРОФИ

Бунга иқрор бўлиш учун аввало ҳозирги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни, яқин ва узоқ атрофимизда хавф-хатарлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар авжига чиқиб, терроризм ва экстремизм ҳаракатларини, қон тўкилишларни кўриб-кузатиб турганимиз ҳеч кимни тинч ва бепарво қолдирмайди, албатта.

Минг афсуски, бундай кескинлашувлар, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, дунё бозорларидаги ноаниқ вазият ва танглик давом этишининг кутилиши – бундай таҳликали аҳвол барчамиздан ҳушёрлик, сезгирлик ва сафарбарлигимизни оширишни, содда қилиб айтганда – бўш келмаслигимизни талаб қилади.

Бир муҳим масалани эсимиздан, хаёлимиздан асло чиқармаслигимиз керак. Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Айниқса, биз XXI асрда, глобаллашув, интеллектуал тараққиёт ва интернет замонида яшаётганимизни инобатга оладиган бўлсак, эришган марра ва ютуқлар билан чегараланмасдан, ҳаволаниш кайфиятига берилмасдан, аксинча, доим янгиликка интилишимиз, эртанги кунимизни, олдимизда турган муаммо ва қийинчиликларни ўзимизга яққол тасаввур қилиб яшашимиз лозим. Фақат шундай жамият, қолаверса, давлатгина жадал суръатлар билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб яшаши мумкин.

Айни шу ҳақиқатни англаган ҳолда, 2015 ва келгуси йилларнинг режалари ва янги марраларни эгаллаш ҳақида сўз юритар эканмиз, биз аввало демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришган ютуқларимизга, тўплаган тажрибамизга суяниб, келажагимиз стратегиясига айланган Концепциямиз асосида олиб бораётган ишларимизни изчил суръатлар билан давом эттиришимиз зарур.

Шу борада амалга ошираётган барча ислоҳотларимизнинг туб илдизи – томирида ётган масалаларга эътиборингизни жалб этмоқчиман.

Сўз кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳаси ҳақида – хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, уларнинг эркинлигини таъминлаш ҳақида бормоқда.

Яна бир устувор масала – бутун жаҳон миқёсида иқтисодий ва сиёсий вазият тобора кескинлашиб бораётганини инобатга олган ҳолда, иқтисодиётимиздаги таркибий ўзгаришларни изчил чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш соҳасини узлуксиз техник, технологик янгилаб бориш ва модернизация қилиш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этишдир.

Шу масалалар билан чамбарчас боғланган яна бир вазифа – иқтисодиётимизда давлатнинг улуши ва ўрни қай даражада бўлишини танқидий кўз билан баҳолаб, уни стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартиришдан иборат. Очиғини айтганда, мана шу ўта муҳим ислоҳотларимизни ярим йўлда қолдирмасдан, мантиқий якунига етказсак – марра бизники.

Яна ўқинг:  БАЙРАМ СОВҒАЛАРИ ЖЎНАТИЛДИ

Бошқача айтганда, айни шу асосда эски маъмурий-буйруқбозлик тизимидан ҳали-ҳамон мерос бўлиб келаётган, одамларнинг норозилигини қўзғаётган барча қолдиқлардан воз кечишга имкон туғдирамиз, улардан озод бўламиз.

Ҳурматли юртдошлар!

Янги – 2015 йилда мамлакатимиз давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Яъни, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини, мухтасар айтганда, инсон омилини янада юксалтириш эътиборимиз марказида бўлади.

Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорининг ўртача ўсиши 22 фоиздан кам бўлмасдан, аҳолимизнинг реал даромадлари 10 фоизга кўпайиши белгиланмоқда.

Кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун янги йилда ягона социал тўловлар ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга туширилади. Шу тариқа 440 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ уларнинг ихтиёрида қолдирилади. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг бир минимал ойлик ҳажмидаги маошидан солиқ олинмайди. Барча ишчиларга тегишли бўлган бу янгилик авваламбор бошқаларга нисбатан ойлиги энг кам бўлган фуқароларга кўпроқ наф беришини алоҳида қайд этиш лозим.

Айни шу тадбирлар ҳисобидан меҳнаткашларимиз камида 120 миллиард сўм наф кўради. Янги йилда бериладиган бундай имтиёзларнинг рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Инфляция даражаси, яъни нарх-навонинг ўсиши тахминан 5,5-6,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Келгуси йилда одамларимизнинг турар-жой шароитларини яхшилаш, янада обод этиш, коммунал-маиший хизмат сифатини тубдан оширишга алоҳида эътибор берилади.

2015 йилда қишлоқ жойларда яшаётган 12 мингта оила шаҳар шароитидан қолишмайдиган, намунавий лойиҳалар асосида қурилган янги уй-жойларга кўчиб кириши мўлжалланмоқда.

Қадрли дўстларим!

Кириб келаётган янги йилга мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб ном берганимиздан халқимиз албатта яхши хабардордир.

Бунинг замирида ҳаммамизни оқ ювиб, оқ тараган, муқаддас юртимизнинг ташвиш ва муаммоларини ўз елкасида кўтариб келаётган, хонадонларимизнинг файзи ва кўрки бўлган кекса авлод вакилларини ҳаётдан рози қилиш, уларнинг дуосини олишдек савобли ва олижаноб мақсадлар мужассам эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз.

Биз меҳрибон ота-оналаримиз, муҳтарам кексаларимиз олдидаги ана шу қарзимизни янада теран англаган ҳолда, уларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишдек олижаноб мақсадлар билан 2015 йилга қадам қўяр эканмиз, биз учун миллий ўзлигимиз тимсолига айланиб кетган каттага – ҳурмат, кичикка – иззат, меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват каби эзгу фазилатларни янада мустаҳкамлаб, уларни жондан азиз фарзандларимизнинг онгу шуурига сингдиришда кириб келаётган йил муҳим, юксак бир босқич бўлишига ишонаман.

Яна ўқинг:  Улуғ ва муҳташам даргоҳ

Айни шундай ноёб фазилатларга эга бўлаётганимиз яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда яққол намоён бўлганининг гувоҳи бўлдик.

Буларнинг барчаси одамларимизнинг, аввало, ҳал қилувчи кучга айланаётган ёш авлодимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши, сиёсий ва фуқаролик савияси, ҳуқуқий маданияти юксалиб ва энг муҳими – эртанги кунимизни биз ўзимиз, она юртимиз учун қуряпмиз, деб дадил майдонга чиқаётганининг намойиши, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Мен яқинда, Конституциямиз байрамига бағишланган тантанали мажлисда кимки асл демократияни кўрмоқчи бўлса, Ўзбекистонимизга келсин, деб айтганим бежиз эмас.

Ҳақиқатан ҳам, бундай халқ олдида бош эгиб, ҳар қанча таъзим қилсак арзийди, албатта, азизларим.

Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!

Янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолган мана шу ҳаяжонли дамларда барчамиз Яратганимиздан эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишини, хонадонларимизнинг қут-баракаси, файзини беришини чин қалбимиздан сўраймиз.

Кириб келаётган янги йилимиз юртимизга, барча-барча оилаларга бахту саодат ва омад келтирсин!

Ҳар биримизнинг пок ният ва тилакларимиз ижобат бўлсин!

Ватанимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: