Қантар оққунча

1

Оҳунинг сояси ҳақида эшитганингиз бордир?!

Кўз илғамас сонияларда қора беради-да, ўтади, кетади.

Қиш кунларини шунга менгзайди.

Бир тутам, биргина тутам, аммо тунлари…

Кечаси билан у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилавериб, зериккан набирам тонг ғира-ширасида “дик” этиб ўрнидан туради-да, деразага қарайди:

– Бобо, бугун қор ёғмабди.

– Ёғади, болам, бугун ёғмаса, эртага ёғади, ҳозирча Аёз бобо ярим кечаси сену менга билдирмай эшик, деразаларнинг ойнасига чизиб кетган расмларни томоша қил.

Бир оғиз рағбатимга маҳтал набирам чироқни ёқиб, эшикка югуради, сал вақт ўтмай, даҳлиздан унинг ҳаяжонли қийқириғи эшитилади:

– Қойил, Аёз бобо зўр рассом экан, қор босган ўрмон сувратини чизибди.

Табиат қиёси йўқ мусаввир. Ойнага тушган шудринг биллур томчилари тунги аёзда музлаб, қалин қор босган арчазор тасвири ҳосил бўлган. Набирам унга синчиклаб тикилиб, баковул бўри, ясовул тулки, қақимчи қарға, чақимчи чумчуқ тасвирларини топиб олади, кейин эса негадир хўрсиниб:

– Лекин қори кўрпадек қалин экан, – дейди.

– Зориқма, болам, – дейман унга таскин берган бўлиб, – ҳали қиш эндигина яримлади, олдинда қанча қорлар бор.

2

– Бу йил деҳқон ҳам, чорвадор ҳам ношукурлик қилмаса бўлади, – дейди суҳбатдошим Оқмамат Хўжамов. – Куноша ёмғир савалаб турибди, қор ҳам диёдорини қизғангани йўқ. Қурғоқчил келган йиллардан Худонинг ўзи асрасин. Февралнинг бошида қишнинг катта чилласи чиқиб, қиличини яланғочлаб, кичик чилла киради, у йигирма кун давом этади, далв ойи тугаб, ҳут дохил бўлганидан сўнг ҳам ўн беш кун қиш бор, илк баҳордаги аҳман-даҳман, Наврўз қароқчи, Ажуз момолар ҳам кўп ўйин кўрсатади. Насиб этса, бу йил ёғингарчиликнинг ками қолмайди.

Ҳисобдонлик Оқмаматнинг қонида бор, отаси Жаббор домла жуда хокисор инсон эди. У кишининг бир ғалати одатидан доимо ҳайрон қолардим. Бўш вақти бўлганидан мактаб ҳовлисидаги дарахтлар орасида куймаланар, кафтини шамол йўналишига тутиб, ерга тупроқ тўплаб, орасига қўл тиқиб, нималарнидир ўзича ҳисоб-китоб қилар, кейин дарахтларнинг танасига, ён дафтарчасига белгилар қўярди. Кўпинча бу белгилар думалоқ, тўғри ва эгри чизиқлардан иборат бўларди.

Бир гал белгилар сирини сўраганимда:

– Доира шакли кун иссиқ, қуёшли келганини, тўғри чизиқ ҳаво осуда, мўътадил бўлганини, эгри чизиқлар қайси томонга эгилганига қараб, шамол йўналишини билдиради, – деб жавоб берганди домла.

Яна ўқинг:  Kulgu-shifo (2015-28)

– Буни белгиларсиз ҳам кўриб турибмиз-ку, – эътироз билдирдим “шунинг нимаси қизиқ”, деган оҳангда.

– Аммо олти ойдан сўнг шу куннинг об-ҳавоси қандай бўлганини бехато эслаш қийин, булар менга табиат турланишини ҳисоб-китоб қилиш учун керак.

Дарҳақиқат, қиш ойларида Жаббор домланинг қачон қор ёки ёмғир ёғишини, қачон қуруқ совуқ билан ўтишини олдиндан айтиб берганига кўп бор гувоҳ бўлганман.

– Отам раҳматли ҳисобдон ҳисобидан адашмаслик учун синчи ва кузатувчан бўлиши, камида бир тўлиқ мучал, яъни ўн уч йиллик муттасил тажрибани умумлаштира олиши керак, дердилар, – суҳбатимизни давом эттирди Оқмамат. – Илгари қишлоғимизда ҳисобдон кишилар кўп бўлган, ҳалигача помуқлик чорвадорлар “Хўжамқули калнинг ҳисоби бўйича”, деб бобомни эслаб туришади. Ҳозир бу борада Соат бобо Вазиров, Сана бобо Эшонқуловга тенг келадигани йўқ. Ҳисобдонлар ёз билан қиш, баҳор билан куз ойларининг кунларини олти ой илгаригиси билан таққослашади. Адашмасам, февралнинг боши қорли, изғиринли келиши керак. Саратоннинг оёғи, асаднинг бошидаги жазирамаларни бир эсланг.

Баъзан эса синчков, кузатувчан кишиларга об-ҳаво ўзгаришларини табиатнинг ўзи айтиб бераркан. Масалан, халқ орасида “Ой қўтонласа, ойда, қуёш қўтонласа, кунда ёғар”, деган гап бор. Буни ҳар бир киши ўзи тажрибада синаб кўриши мумкин экан. Изғиринли, совуқ кеча, ой атрофида каттакон ёруғ доира ўраса ойнинг, кундузи қуёш атрофида шундай доира кўзга ташланса, қуёшнинг қўтонлагани бўларкан.

Тағин бир нечта мисоллар:

– Қор, ёмғир ёғиб турганда, чумчуқлар теварак-атрофдаги дарахтлар шохига тарқалиб, қувноқ чирқиллай бошлаши тез орада ҳаво очилиб, кун исиб кетишидан;

– Аксинча, булутли кун чумчуқлар дарахт шохида тўда бўлиб, ҳурпайиб, тек туришса-да, бирин-кетин ҳаммаси ерга қўниб, тупроқ титкилашса, сўнгра бир хавфни сезгандек “гурра” учиб, дарахтга қўнишса, шу ҳолат бир зайл давом этаверса ёки қишнинг иссиқ кунлари чумчуқ, олақарға, майна каби қушлар тез-тез ариқ ёки кўлмак сувларида чўмилишса, ҳаво бузилиб, ёғингарчилик бошланишидан дарак бераркан.

Синчиларга ҳатто мўридан чиқаётган тутун ҳам сир очар экан. Қор ёғаётган палла тутун қийшаймай, тўғри кўтарилса, тез орада қор тиниб, ҳаво очилар, тутун мўридан чиқиши билан пастга урса, ҳаво бузилиб, қор ёки ёмғир ёғаркан.

Яна ўқинг:  ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИ

Тажрибали қўйчивонлардан бирининг айтган гапи ёдимда қолган:

– Чўпонликдан обрў топаман деган киши ҳисоб-китобдан, синчиликдан хабардор бўлиши керак. Айни қиш чилласи эрталаб қўтондан чиқарилган сурув кунчиқарга қараб ўрласа, ёғингарчилик бўлмайди, хавотирга тушмай, отар изига тушавериш керак. Агар сурумга чиқарилган сурув кунботарга йўл олса, эҳтиёт бўлиш, жоннинг бир муддатлик ҳузурини ўйламай, қўйларни шамолга қарама-қарши томонга оғдириш лозим, чунки олдинда катта қор ёки ёмғир бор, у бошланиб қолса, шамол оқимида осонгина ўтовга қайтиб келинади. Қўй ердан бош кўтармай, шошилиб ўтлайверса ҳам сурувни қўра томонга бурган афзал, чунки бу ёғингарчиликдан дарак.

3

Синчиларнинг ҳисоб-китоби бўйича ўлкамизда декабрь ойининг бешинчи куни қиш бошланади, шундан ўн беш кун ўтиб, энг қисқа кун ва энг узун кеча – шабиялдода катта чилла киради. У қирқ кун – февраль ойи бошигача давом этиб, ўрнини йигирма кунга чўзиладиган кичик чиллага бўшатиб беради.

Ривоят этишларича, катта чилла кичигига ўрин бераркан:

– Мен катталигимни қилиб бўлдим, энди сен ўзинг биласан, – дер экан.

Шунда кичиги савол бераркан:

– Хўш, менга нималарни қолдирдингиз?

Каттасининг жавоби қуйидагича бўларкан:

– Нортуянинг ўркачида қолди, укам, оларсан;

– Эр йигитнинг юрагида қолди, укам, оларсан;

– Бўй қизларнинг билагида қолди, укам, оларсан…

Бу “менинг синовимга шулар дош берди, сенам бир силкитиб кўр-чи”, дегани бўларкан. Навқирон кичик чилла акасининг топшириғини бажариш учун қор, аёзли изғирин билан ҳамлага ўтаркан.

Кичик чилла дала меҳнаткашлари учун энг оғир синов кунлари саналади, тажрибали деҳқонлар унинг қисқа фурсатли қуёшли кунларида ҳам уйда оёқ чўзиб ўтирмай, ариқ-зовурларни тозалаб, ички сув йўлларини равонлаштиради, техникани экиш мавсумига шайлайди. Боғбонлар новда уйғонмасидан мевали дарахтларни буташ, шакл бериш ишларини тугатиш чораларини кўради. Чўпон-чўлиқлар қўйларни қишловдан тўлиқ ва соғлом олиб чиқиш, хусусан, қўзилатиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш учун отарга вақти-вақти билан сурум беради.

4

Отам айтиб берган ибратли воқеаларни ҳалигача тез-тез эслаб тураман, бир гал у киши шундай ҳикоя қилганди:

– Олтмиш саккизнинг кузаги ва қишининг бошланиши кутилганидан ҳам қурғоқчил келганди. Чорвадорнинг кўнгли нотинч, ахир баҳорнинг файзини қишнинг ёғини белгилаб бериши унга ўн бармоғидек аён. Ўшанда “Ўзбекистон” қоракўлчилик-наслчилик заводининг маркази Жейнов қишлоғида жойлашган, аксарият отарлар эса Помуқ яйловларида қишловни ўтказаётган эди. Аҳвол шу зайлда кетаверса, эрта баҳорда ҳам қўйларга қўлдан озуқа беришга тўғри келишини ўйлаб, ташвишга тушгандик. Хайрият, февралнинг илк кунларидан изини узмай қор ёғишга тушди.

Яна ўқинг:  Ёди ҳамиша ёдда

Шундай изғиринли қор ёғаётган кунларнинг бирида яйловдан ташвишли хабар келди, бир отар қўй, чўпон-чўлиғи билан дом-дараксиз кетган эмиш. Ҳамма оёққа турди. Чор-тарафга тарқаб изладик, натижа бермади. Бўронда тумшуғингнинг остидан узоқни кўролмайсан. Ярим тун шу отарнинг ўтовига тўпландик.

– Энди нима бўлади, қўйлар-ку садқаи сар, одамлар музлаб қолмасмикин? – барчамизнинг тилимиз учида турган саволни ўртага ташлади кимдир.

Биримиз олиб, биримиз қўйиб, адашган чўпон-чўлиқларга салкам аза очиб турганимизда, бармоқ букиб нималарнидир ҳисоб-китоб қилиб ўтирган Султонёз Қурбонов бамайлихотир сўз очди, кўп сингир одам эди раҳматли:

– Буниси уларнинг ўзига боғлиқ, тун ярмигача тинмай сурувга сурим бериб, кейин ухлаб қолишган бўлса ҳам жин чалмайди, ернинг тафти илитиб, омон қолишларига ёрдам беради.

– Шундай изғиринда-я? – Ишонқирамадик у кишининг айтганларига.

– Адашмасам, бу кун февралнинг бешинчиси-я, – бир-бир юзимизга қаради

Султонёз ака.

– Шундай, шундай, – дедик ниманингдир илинжида.

– Насиб этса, ярим тун қантар оғади, қантар оққандан кейин эса ер бағри исийди.

Дарҳақиқат тонг азонлаб майдонлашга чиққан шерикларимиздан бири шундайгина ўтовга яқин жойда сурув ҳамда чўпон-чўлиқлар “ғуж” бўлиб ётишгани хабарини келтирди. Шоша-пиша унинг изига тушдик. Бориб қарасак, чўпон-чўлиқлар қалтираб туришган бўлишса-да, соғ-омон, сурув бут экан. Уларни ернинг юзага урган ички ҳарорати муқаррар ҳалокатдан асраб қолган, қантар оққан кун эди…

5

Қиш хотираларини ўйлаб, тушга яқин кўзим илинибди. Набирамнинг шодон қийқириғидан уйғониб кетдим:

– Бобо, туринг, қор ёғаяпти, пахтадек момиқ, оппоқ қор.

Набирам айтган оппоқ қор аллақачон ер юзасини қоплаган, чилла ўз амалини бошлашга шайланаётган эди.

Абдунаби АБДИЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: