“Табиат болалар нигоҳида” номли расмлар кўргазмаси очилди
Ўзбекистон давлат табиат музейида “Баркамол авлод” республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази моҳир педагоги, истеъдодли рассом Тоҳир Шаймуродовнинг “Табиат болалар нигоҳида” номли расмлар кўргазмаси очилди.
Тадбирда ёшларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш, уларда касбга оид дастлабки кўникмалар шаклланишида “Баркамол авлод” болалар марказларининг ўрни беқиёслиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида икки юздан ортиқ ана шундай марказ ташкил қилинган. Уларда бадиий ва техник ижодкорлик, ўлкашунослик ва экология бўйича юзлаб тўгараклар фаолият юритмоқда.
Айни пайтда “Баркамол авлод” республика болалар ўлкашунослик ва экология марказидаги ботаника, биология, табиатшунослик ва экологияга оид элликдан зиёд тўгаракда 500 дан ортиқ ўғил-қиз маҳоратини оширмоқда. Марказда чет тилларини ўргатиш ҳам кенг йўлга қўйилган.
Кўргазмада Т.Шаймуродовнинг ижодига бағишланган видео слайдлар, экологик бурчак, шогирдлари томонидан юртимизнинг табиати, бой тарихи, моддий ва маданий бойликлари, ҳайвонот ва ўсимлик олами моҳирона ифодаланган юздан ортиқ расм намойиш этилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА