ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШИБ ЯШАШ САОДАТИ

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги “Бешбулоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи 102 ёшни қаршилаган Тожихол буви Жумабоева ана шундай пиру бадавлат онахонлардан. Энг қизиғи, қутлуғ ёшли момонинг опаси Қамбар буви 105 ёшга тўлди. Ўғли Бўрибой бобо 85 ёшни қоралади.

…Майин шамоллар эпкинида аста мўралаган қуёш нурлари заминга илиқлик бахш этмоқда. Чор-атрофда қайнаётган кузнинг сўнгги юмушлари тугаб бораётир.

Ҳовлига кириб келган оппоқ кийимли шифокорларни табассум билан қаршилаб, сўри устига тўшалган кўрпачага ўтираётган Тожихол буви беихтиёр қўлларини дуога очади:

– Оллоҳим! Етказганингга шукур, юртимизни тинч, танимизни соғ, иймонимизни бутун айла, – дея юзига фотиҳа тортаркан, сўзида давом этади. – Бўрибой маккажўхори қайираётган экан ўғлимнинг ҳолидан хабар олай деб ҳовли этагига бориб келаяпман…

– Тинч-омонмисиз, бувижон. Соғлиғингиз яхшими? – буви билан сўрашади “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Юлдузхон Усмонова, – Сизни тиббий кўрикдан ўтказиш учун бутун тиббий-ижтимоий патронаж бригадамиз билан келдик.

– Раҳмат болам, сизларни овора қилибман, аҳволим яхши, соғлиғим ҳам дуруст, калишимни “ғарч-ғурч” қилиб, ҳовли кезиб юрибман-да, – таъкидлайди буви ҳазиломуз.

Тожихол бувини обдон текширувдан ўтказган тиббий патронаж бригадаси шифокорлари онахоннинг соғлиғида муаммо йўқлигининг гувоҳи бўлишди. Олиб келган совға-саломларини секингина сўри устига қўйишди. Бу дили тоза кекса бувижон билан суҳбат анча вақтгача давом этди.

Дарвоқе, Тожихол бувининг айтишича узоқ умр кўришнинг сири, аввало серҳаракатлик, саранжом-саришталик, хушфеълликдадир. Сўнгра соф ҳаво, тўғри овқатланиш тартибига амал қилиш, тўйиб ухлаш ҳамда табиий мева-сабзавотлар ва полиз маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишда экан.

– Даланинг кўм-кўк ўт-ўланларини еган сигирнинг суту қатиғи, қаймоқ ва сузмаси қанчалик шифо эканлигини кўпчилик билар, аммо ҳовлида донлаб юрган хонаки товуқнинг тухуми инсон учун қанчалик наф келтиришини айтмасам бўлмайди. Шифобахш асал танга дармон бўлса, садафдек дур новвотлар юракка қувват бағишлайди. Ана шулардан баҳраманд бўлган бувингиз узоқ умр кўрмай ким узоқ умр кўрсин, – яна ҳазиломуз сўзида давом этади буви қўлларини икки ёнга ёйиб.

Ёз бўйи қиш учун ғамланган туршак, майиз, тутмайиз, жийда, ёнғоқ, шафтоли, қовун қоқиларни фарзанду набиралари билан баҳам кўрган бувининг маъноли сўзлари барчага бирдек ёқади. Ҳазилкаш момонинг атрофидан одам аримайди.

Яна ўқинг:  ОИЛАМИЗ МУСТАҲКАМ, СПОРТГА ОШНО ҲАР ДАМ

Тожихол буви фарзандларини тергашга ҳам, келинларига йўл-йўриқ кўрсатишга ҳам вақт топади. Бу пиру бадавлат онахон маҳалласининг маслаҳатгўй ва дуогўй фариштаси. Чунки, унинг ўгитлари кексаю ёшга бирдек ёқиб, уларга амал қилувчилар асло кам бўлган эмас.

Уст-бошининг тоза-ю озодалигини кўрган киши бувини бирон жойга меҳмондорчиликка отланаётганмикин, деб ўйлайди. Аслида эса тозаликдан ҳузур қиладиган Тожихол буви ўзгаларга ҳам шу ҳақида бот-бот такрорлашни канда қилмайди. Ҳар кунинг бир тўйдек ўтишига не етсин, дейди болаларча шодланиб. Тожихол буви шажараси ҳақида сўзлар экан авлодидаги кўпчиликнинг ана шундай узоқ умр кўрганини ҳавасингизни келтириб сўзлайди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими ходимлари Тожихол бувининг ҳовлисидан чиқиб яна кўплаб хонадонларда бўлишди. Белгиланган режа асосида Сирдарё, Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Сардоба, Ховос туманларида 14 минг нафарга яқин аҳолини тиббий кўрикдан ўтказган қўли енгил шифокорлар уларда аниқланган хасталиклар бўйича зарур дори-дармонлар бериб, соғломлаштириш ишларини олиб борди ва тегишли муассасаларга йўлланмалар берди. Шунингдек, вилоятдаги ҳарбий қисмларда меҳнат қилаётган ҳарбийларнинг оилалари ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари ҳам тиббий кўрикдан ўтказилиб “Шахсий гигиена”, “Тиббий-генетик маслаҳат”, “ОИВ ва ОИТС тўғрисида биласизми?”, “Камқонлик касаллиги”, “Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари” каби мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлардан нафақат Тожихол буви каби кексалар балки барча аҳоли мамнун. Мазкур бўлим ҳар бир оиладаги ижтимоий шароит, ундаги психологик муҳит, оила аъзоларининг соғлиғи ва айниқса, фертил ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар ва қарияларнинг саломатлигини назорат қилиб бориш, уларга ўз вақтида кўмак бериш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби масалаларга сидқидилдан ёндошмоқда.

– 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ўтказилган танловда “Холис хизмат” ижтимоий сифатли хизмат кўрсатиш” лойиҳаси билан иштирок этиб 14 млн.сўмлик грантни қўлга киритган эдик. Лойиҳага мувофиқ аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мавзусида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ногиронлар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланиб, уларга манзилли тарзда сифатли ижтимоий-тиббий хизматлар, инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди.

Яна ўқинг:  Hunar bilan turmush, mehr bilan ko‘ngil obod

2014 йилнинг 9 ойи давомида 23 нафар туғма юрак нуқсони билан оғриган бемор болалар аниқланиб диспансер назоратига олинди. 13 нафар бемор бола операция қилинди. 1 нафар бемор бола Корея Республикасида жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилди. 28 нафар лаб-танглай туғма нуқсони бўлган бемор бола аниқланиб, 13 нафари юртимизнинг нуфузли клиникаларида жарроҳлик муолажаларидан ўтказилди. Биргина бу эмас, фонднинг вилоят филиали оналар ва болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан турли спорт мусобақаларини ўтказиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида 130 дан ортиқ турли спорт мусобақалари ўтказилди, – дейди “Соғлом авлод учун” ҳудудий филиали раҳбари Юлдуз Усмонова.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

Сирдарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: