ХАЛҚАРО ТАНЛОВДАН ЁРҚИН ТААССУРОТЛАР

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Competizione dell’Opera” ёш опера ижрочиларининг XIV халқаро танлови ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Австриядаги “Competizione dell’Opera” халқаро танлови ассоциацияси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ушбу танлов кўплаб ёш ижрочилар учун мусиқа оламининг юксак чўққилари сари йўл очиб, жаҳоннинг энг нуфузли опера саҳналарида ўз истеъдодларини намойиш этиш имконини бермоқда.

“Competizione dell’Opera”нинг пойтахтимизда ўтказилиши мамлакатимиз маданий ҳаётида ёрқин воқеа бўлди. Танлов ўзбекистонлик мухлисларга Италия опера санъати, мамлакатимиз ва бутун дунёдан келган ёш истеъдод эгалари билан яқиндан танишиш имконини берди. Ўзбекистон, Австрия, Германия, Венгрия, Япония, Беларусь, Польша, Россия, Словакия, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Африка Республикаси ва бошқа давлатлардан 60 дан зиёд иштирокчи бир неча кун давомида энг яхши опера асарларини итальян тилида ижро этди. Уларнинг чиқишлари нуфузли халқаро ҳайъат томонидан баҳоланди.

Иштирокчиларнинг опера асарларини ижро этиш ва томошабинга етказиб бериш маҳорати ҳамда бошқа ижодий хислатлари баҳоланган танлов натижаларига кўра, 20 нафар хонанда финалга йўл олди. Уларнинг беш нафари мамлакатимизнинг иқтидорли ёшлари экани биз учун, айниқса, қувонарлидир. Булар Ўзбекистон давлат консерваторияси битирувчиси Ғулом Назиров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри хонандалари Рустам Алимардонов, Жаброил Идрисов, Барно Исматуллаева, ушбу театр стажёри Дамир Раҳмоновдир.

Мазкур танлов якунига кўра, биринчи ўринни ўзбекистонлик Барно Исматуллаева эгаллади. Иккинчи ўринга Беларусь опера ижрочиси Павел Пятро сазовор бўлди. Учинчи ўринга россиялик Мария Баянкина ва Ўзбекистоннинг яна бир вакили Жаброил Идрисов муносиб кўрилди.

М. ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Яна ўқинг:  АНЪАНАВИЙ ТУРНИР

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: