САЙЛОВ ВА АЁЛЛАР

Аёлларнинг сайлов жараёнидаги иштироки ва уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлар ҳақида билишни истардик.

Дилбар Шарипова,

Урганч шаҳри

Сайловлар демократик жамиятнинг асоси ҳисобланади. Демократия бу халқ ҳокимиятчилиги, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш тизимидир. Шунинг учун ҳар қандай сайлов тизимининг асосий вазифаси сайлов жараёнларини имкон қадар очиқ ўтказиш ва унда мутлақо холисликни таъминлашдан иборатдир. Сайловлар кўпчилик хоҳиш-иродасини шакллантириш ва қарама-қаршиликларни демократик ҳал этишнинг тўлақонли механизмидир. Шу билан бирга янги сиёсий намояндаларни шакллантириш вазифасини ҳам бажаради. Партияларнинг мақсад ва дастурларини, манфаатларини қўллаб-қувватлашга сафарбар этиш воситасига айланади. Ижтимоий-иқтисодий тараққиётга кўмаклашишга қодир бўлган амалий мухолифатни шакллантиради.

Сайловлар орқали аҳолининг кенг қатлами ва ҳатто, сиёсий майдондан узоқ бўлган кишилар сиёсий жараёнга тортилади. Сайловлар муайян даражада аҳолининг сиёсий таълими мактабига айланади. Сайловолди кураш майдони сиёсий партиялар, ҳатто ижтимоий фаол бўлмаган фуқароларнинг эътиборини жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги муаммоларини ўйлашга жалб этиши билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида кечаётган муҳим палла – Ўзбекистон Республикаси вакиллик органларига сайловларни ўтказиш жараёни, шубҳасиз, барча фуқаролардан алоҳида масъулият талаб этади. Зеро, юрт келажаги, миллат тақдири айни жараёндаги сиёсий фаоллигимизга кўп жиҳатдан боғлиқ эканлигини ҳар бир киши, жумладан, ёшлар ва аёллар ҳам унутмаслиги лозим. Чунки, мамлакатимиз аҳолисининг 51 фоизидан ортиғи аёллардир.

Аёлларнинг сайлов жараёнидаги иштироки ва уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлар ҳақида гапирганда аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳуқуқий нормаларга эътибор берамиз. “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида: “ Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт” деб белгилаб қўйилган.

Бош қонунимизнинг “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари” номли X бобининг 46– моддасида эса:”Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” дейилади. Албатта, бу ерда сайлов ҳақида гап бўлмасада, ушбу сатрлар бевосита сайловларга ҳам дахлдордир.

Конституциямизнинг 117-моддасида эса сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари кафолатланган. Жумладан, унда шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади”. Ушбу ҳуқуқий норма ўн саккизга кирган ҳар бир аёлнинг сайлаш ҳуқуқини кафолатлайди. Зеро, жаҳондаги баъзи мамлакатларда аёллар сайлаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун интилмоқдалар.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ ТИББИЁТ ТАЪЛИМИ САМАРАЛАРИНИНГ ЯНА БИР ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФИ

Энди аёлларнинг сайланиш ҳуқуқига келсак, бу борада миллий хусусиятларимиздан келиб чиқиб, парламент ва маҳаллий ҳокимиятларга сайловларда аёлларга квота белгиланганлигидир. Президент ташаббуси билан Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига номзод кўрсатишда ҳар қайси сиёсий партия томонидан хотин-қизларга камида 30 фоиз ўрин ажратиш шарти белгилаб қўйилганлиги сиёсатчи аёллар тайёрлашга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг “Депутатликка сиёсий партиялар томонидан номзодлар кўрсатиш” номли 22-моддасида ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг “Депутатликка сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан номзодлар кўрсатиш” бўлимининг 22-моддасида. “Хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим” деб белгилаб қўйилган.

Сайлов қонунчилигимизнинг бу тариқа такомиллаштирилиши миллий хусусиятларимиздан келиб чиқади. Янги жорий этилган квота тизимига кўра сиёсий партиялар ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва вакиллик органларига номзодлар кўрсатилиши 2004 йилги сайловларда биринчи марта қўлланилди. Натижада аёлларнинг Миллий қонунчиликдаги фаол иштирокини таъминлади. Ушбу квота белгиланганлиги туфайли парламент аъзолари бўлган аёллар сони аввалги парламент сайловига кўра икки бараварга кўпайди. Олий Мажлис қонунчилик палатасида 21 нафар аёл депутат (18 фоиз ) ва 15 нафар аёл (15 фоиз) Сенатда фаолият юритди.

Ҳозирги пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 33 аёл депутат (22 фоиз) ва 15 нафар аёл (15 фоиз) Сенатда фаолият юритаяпти.

Мамлакатимизда жорий йилнинг 21-декабрь куни ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва маҳаллий вакиллик органларига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади. Сайловлар айни қизғин паллага кирган пайти. Республика Марказий сайлов комиссиясининг матбуот анжуманидаги хабарига кўра эса рўйхатга олинган номзодларнинг 31,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Сайланиш ҳуқуқида имтиёзлар белгиланганлиги туфайли МДҲ мамлакатлари орасида бу борада Ўзбекистон анча илгарилаб кетди. Квота берилган пайтдаги даврларни қиёслайдиган бўлсак Россия парламентида аёллар икки сайлов даврида 8 ва 10 фоизни, Қозоғистонда 11 ва 12 фоизни ташкил этди. Бу борада жаҳонда Швецария парламентини намунали деса бўлади. Парламентда аёллар иштироки 48 фоизни ташкил қилади. Олдинги парламент сайловларида улар 43 фоиз эди. Ушбу кўрсатгич Польша парламентида 18 ва 23, Покистон парламентида 17 ва 18 фоиздир.

Яна ўқинг:  БРАЗИЛИЯДА 2016 ЙИЛГИ ОЛИМПИАДА ВА ПАРАЛИМПИАДА ТИМСОЛЛАРИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Амалга оширилган ишлардан кўриб турибсиз, ушбу йўналишдаги вазифаларни бажариш бошқа мамлакатларга қараганда бизнинг юртимизда анчагина яхши йўлга қўйилган.

Жаҳонга юз тутган Ўзбекистонимизда парламент ислоҳотларини амалга ошириш ҳақиқий фуқаролик жамиятини барпо этишнинг чинакам калитидир. Сайловлар эса очиқлик ва холисликни билдиради.

Мамлакатимиз узлуксиз ривожланмоқда. Тараққиёт жараёни эса янгиланишлар ва туб ислоҳотларни англатади. Эл фаровонлиги, юрт тинчлиги, мамлакат тараққиётини кўзлаб қонун чиқарувчи икки палатали парламентимизнинг фаолиятини янада юксалишига катта ишонч билдирамиз.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: