Паруазнинг парвози

Нукус шаҳридаги “Зар-Дил-Дилбар” масъулияти чекланган жамиятида қўли гул, бири-биридан гўзал чевар қизлар фаолият олиб борадилар. Уларга ғайрат-шижоатли ёш тадбиркор Паруаз Ережепова раҳбарлик қилади.

Паруазнинг отаси Адилбай Ережепов қатор йиллардан бери “Навбаҳор” номли фермер хўжалигини бошқариб келмоқда. 500 гектар ерга пахта, шоли, полиз экинлари экиб, юртдошларимиз дастурхонининг тўкинлиги, ҳаётининг фаровонлиги учун тер тўкиб келмоқда. Онаси Қалбике Сейданова 25-мактабгача таълим муассасига раҳбарлик қилади. Ана шундай тадбиркорлар оиласида дунёга келган қиз ўқувчилик даврида спортнинг миллий кураш турига қатнашарди. Шунинг учун ҳам у йигитларга хос пишиқ ва чайиргина бўлиб вояга етди.

Ўрта мактабни тамомлаш арафасида Паруаз тиббиёт соҳасига меҳр қўйди. Шу боис Тошкент Педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг “Педиатрия” факультетини битириб, Нукус шаҳридаги Республика туғруқхонасида иш бошлади. Кейинчалик шаҳардаги тиббиёт коллежида ўқитувчилик фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда ана шу билим масканининг II ва III босқич ўқувчиларига “Акушерлик”, “Ҳамширалик иши”, “Оналикда ҳамширалик иши” йўналишлари бўйича сабоқ бериб келмоқда. Шунингдек, коллежда ҳамкасблари билан волейбол жамоасига аъзо бўлган. Ишдан бўш вақтларида волейбол ўйнаб чарчоғини чиқариш унинг севимли машғулотидир.

Замон билан ҳамнафас тарзда иш олиб боришга ўрганган қаҳрамонимиз 2013 йил январь ойида Нукус шаҳрида “Зар-Дил-Дилбар” МЧЖни ишга туширган эди. Тадбиркорлар оиласида вояга етган Паруаз Ережепова уйда ишсиз ўтирган ўн нафар чевар қизни доимий иш билан таъминлади. У “Микрокредитбанк”нинг Нукус филиалидан олинган кредит маблағлари эвазига Тошкент шаҳридан янги замонавий “JUITA” тикув машиналарини келтириб, иш ўринларини аста-секинлик билан кенгайтира борди. Бугунги кунда ҳамкор ташкилотларнинг буюртмаларини ўз вақтида етказиб бериш мақсадида 20 нафардан зиёд чевар қизнинг қўли-қўлига тегмай меҳнат қилишмоқда.

– Паруаз опамиз билан ишлаш жуда қизиқарли. Ниманидир тушунмасак бизга тўғри йўл кўрсатади. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва ростгўйликлиги билан бирчамизга ўрнак бўлиб келмоқда, – дейди чевар қиз Қуролой Жуманиёзова.

Бугунги кунда тадбиркор аёл ишлаб чиқарган маҳсулотларини товар хом ашё биржаси орқали сотувга чиқаради. Шу қаторда туманнинг тиббиёт муассасалари, маданият ва ҳокимиятнинг ободонлаштириш бўлимлари учун махсус иш кийимлари, мактабгача таълим муассасалари учун кўрпа-тўшак, чойшаб ва жилдлар, шунингдек, замонавий дизайндаги турли ташкилотлар учун пардалар тикиб буюртмаларни ўз вақтида бажариб келмоқда.

Яна ўқинг:  H2O – ҳаёт эҳтиёжи

Шу йилнинг май ойида П. Ережепова Қорақалпоғистон Республикаси Савдо-саноат палатаси орқали GIZ лойиҳаси бўйича грант ютуғига эга бўлди. Эндиликда Германияга бориб малака ошириб келиш учун ҳозирлик кўрмоқда.

– Германияга кетишдан олдин Тошкент шаҳрида тайёрлов курсида малака ошириб қайтдим. Бу курсда маркетинг, бозорни ўрганиш, нарх чиқариш, кредитлаш, стандарт тўғрисида ва бухгалтерия ҳисоботи ҳамда экспорт бўйича кўп нарса ўргандим. Шу вақт мобайнида менда кўпгина ғоялар пайдо бўлди. Келажакда Қорақалпоқ нақшлари тикилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни дунё миқёсида экспорт қилишни олдимга мақсад қилиб қўйдим, – дейди ёш тадбиркор биз билан суҳбатлашар экан.

Олис манзилларни кўзлаётган Паруаз Ережеповага келажакда ўз мақсадларига эришиш йўлида баланд парвозлар ёр бўлсин.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: