ОТАМ, ОНАМ ВА МЕН —СПОРТЧИЛАР ОИЛАСИ

Оила ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг асосий бўғинидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, оила соғлом экан — жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан — мамлакат кучли ва барқарор бўлади.

Оиланинг соғлом ва мустаҳкам бўлишида спортнинг роли беқиёс. “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурида аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, айниқса, ёш авлодни спортга кенг жалб этишга муҳим эътибор қаратилган. Фарғона вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.

— “Мустаҳкам оила йили” да оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилувчи турли тадбирлар ўтказилди ва у изчил давом этмоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева. — Бунда спорт мусобақаларини ташкил этиш, спортсевар оилалар сонини янада кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга. “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи” мусобақаси, “Алпомиш ва Барчиной” спорт ўйинлари, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилган аёллар спартакиадалари спортнинг оммавийлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда спорт билан шуғулланадиган оилалар кўпаймоқда. Улар орасидан у ёки бу спорт тури бўйича мамлакат, ҳатто, жаҳон чемпионлари ҳам етишиб чиқмоқда. Фарғоналик Саидхўжаевлар оиласи шулардан биридир.

Мазкур оила теннис билан мунтазам шуғулланади. Оила бошлиғи Собирхўжа Саидхўжаев касаба уюшмалари тизимида, оила бекаси Барнохон таълим соҳасида меҳнат қилади. Фарзандлари Санжар, Муҳаммадризо ва Сарвиноз ҳам теннис бўйича мураббийлардан сабоқ олишмоқда.

— Юртбошимиз томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бизни янада руҳлантирмоқда, — дейди Собирхўжа Саидхўжаев. — Ўзбек спортчилари жаҳон мусобақаларида кучли рақибларни доғда қолдираётир. Юртимиз довруғини дунёга танитмоқда.

Теннис эпчилликни, маҳоратни талаб этади. Бу ёшлар дастлаб Ўзбекистон теннис федерацияси томонидан ташкил этилган “Кичкинтой”, Тошкент, Андижон ҳамда Фарғона шаҳрида ўтказилган турли мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб бўлишди.

Ўн беш ёшли Сарвиноз 2010 йили бир қанча чет давлатларда ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди.

Ўтган йили Малайзия ва Исроилда бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда қатнашиб, ғолиб бўлди. Бу йил эса Австралия, Туркманистон ва Қозоғистонда ўтган теннис мусобақаларида иштирок этди.

— Юртимизда ёшларга берилаётган эътибор катта-катта мусобақаларда ғолиб бўлишимизда асосий омил бўлаётир, — дейди Сарвиноз. — Ўтган йили Малайзияда 14 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё биринчилигида ғолиб бўлганим менга катта имкониятларни очиб берди.

Яна ўқинг:  Мутахассис маслаҳати (2012/46-47)

Санжар ва Муҳаммадризо ҳам Республика олимпия захиралари теннис мактабида тажрибали мураббийлардан сабоқ олишди. Санжар Фарғона давлат университетининг педагогика факультети жисмоний тарбия ва жисмоний маданият таълим факультетида, Муҳаммадризо ва Сарвиноз эса Фарғона олимпия захиралари спорт коллежида таҳсил олишмоқда. Улар теннис бўйича вилоят терма жамоаси аъзоларидир.

“Toshkеnt Оpеn”, “Челленжер”, “Фьючерс” каби йирик турнирлар юртимизда тенниснинг янада оммалашувига хизмат қилиш билан бирга, ёшларимизнинг истеъдод ва маҳоратини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган Саидхўжаевлар оиласи оилавий спорт бўйича улкан муваффақиятларга эришиб келмоқда. Чунки спорт улар учун соғлик, саломатлик, кучли ирода манбаи, ҳаёти мазмунига айланган.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: