Боланинг оиладаги ҳуқуқлари
Боланинг оиладаги ҳуқуқлари қонунчилигимизда қандай белгиланган? Бунда ота-онанинг масъулияти ҳақида маълумот берсангиз?
О. ЛУҚМОНОВА
Ангрен шаҳри
“Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси 1–ва 2–қисмларига кўра: “Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Унинг манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно”.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига асосан: Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Дилфуза АМИРОВА,
Тошкент шаҳри Учтепа тумани
4-сонли ДНИ нотариуси