КЕЛАЖАГИ БУЮК ДАВЛАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ

ҳар бир суверен давлатнинг бош ҳуқуқий асоси бу унинг Конституциясидир. Конституциямизнинг яратилиши ўзига хос ривожланиш йўлини босиб ўтганлиги билан тавсифланади. Ўтиш давридаги мураккаб замонда яратилган ушбу бебаҳо ва беназир ҳужжат асосий қонун шаклида жамиятнинг, халқнинг манфаати ҳамда келажагига умид ва ишонч уйғотди. Ижтимоий тараққиётга мўлжал олувчи йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Конституциямизнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қизғин муҳокамалар натижасида суверен демократик давлатнинг Конституцияси сифатида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди.

Асосий қонунимиз мустақиллигимизнинг меваси, маҳсули халқ манфаатини таъминловчи олий қонун сифатида яратилди ва ҳурлигимиз мадҳияси сифатида яшамоқда. Конституция келажаги буюк Ўзбекистоннинг қад ростлаши учун, адолатли ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиши шак-шубҳасиздир.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 8 йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганидек “Мен Конституцияни болалар боғчасидан бошлаб ўрганишни, мактабларда дарслик тариқасида ўқитишни, олий ўқув юртларида махсус бир дарс сифатида ўрганишни бугун барча мутассадди раҳбар ва ташкилотларимизга топшириқ тариқасида айтмоқчиман. Токи, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз Конституциянинг мазмун-моҳиятини, у халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғи эканини теран англаб етсин”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзига хос хусусиятлари:– Биринчидан, ушбу ҳужжатда ҳуқуқий ва сиёсий онгнинг энг юксак ютуқларини, ҳозирги замон, конституциявийлик илмини ўзига жалб этгани, ўзбек халқи маданияти ва миллий анъаналарининг чуқур илдизларига суянилганлиги; иккинчидан, Ўзбекистон Республикасидаги аввалги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тизимнинг амалда бошқа тизимга айланганлигини, тубдан ўзгариш рўй берганини Конституциявий мустаҳкамлаганлигини кўриш мумкин.

Демократия ва адолат ғоялари асосида инсон ҳуқуқларини таъминлашга, ҳуқуқий давлат ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига йигирма икки йил тўлди. Бу ғурур ва ифтихор билан эътироф этишга лойиқ тарихий воқеадир.

Ўтган тарихан қисқа, бироқ, жуда масъулиятли давр мобайнида Ўзбекистонда диққатга сазовор улкан ўзгаришлар содир бўлди. Катта ва оламшумул ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, мустақил демократик ҳуқуқий давлат асосларини шакллантириш борасида, иқтисодиётни эркинлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, маънавиятни юксалтириш соҳасида ибратли ишлар амалга оширилди.

Яна ўқинг:  ИЖТИМОИЙ ҲАМКОРЛИК

Энг муҳими фуқароларнинг эртанги кунга, келажакка бўлган ишончи мустаҳкамланди. Конституция ва қонун устуворлиги тамойили асосида қатъий иш олиб бориш натижасида юртимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурмоқда. Бунёдкорлик ва яратувчанлик учун ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилган.

Конституцияни мамлакатимиз ҳаётидаги аҳамияти бениҳоя катта. Эътибор қиладиган бўлсак, ҳозирги дунёда ўзини маърифий, демократик деб ҳисоблайдиган ҳар бир давлат ўз Конституциясига эга.

Конституция инсонларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларига юқори юридик мақом бағишлаб, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади.

Ҳақли равишда Конституцияни давлатнинг асосий қонуни деб атайдилар. Агар мамлакатда амал қилаётган барча ҳуқуқий ҳужжатлар кўламини тасаввур этсак, улар ўзига хос ягона мажмуани, тизимни ҳосил қилади. Айнан Конституция мана шу тизимни бирлаштирувчи, унинг ўзагини ташкил этувчи, бутун ҳуқуқнинг манбаи, бир сўз билан айтганда, барча ҳуқуқий ҳужжатларга пойдевор бўлувчи асосий қонун сифатида майдонга чиқади.

Конституциянинг кўплаб моддаларида миллий давлатчилигимиз асослари, халқимизнинг аънаналари, тарихий тажрибаси, демократия, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат ғоялари ўзининг қонуний ифодасини топган. Ана шундай ғоялардан бири – давлат инсон ва жамият манфаатларини ҳамда фаровонлигини кўзлашдан, ўз фаолиятини ижтимоий адолат ва қонунийлик тамойили асосида амалга оширишдан иборат эканлигидир. Инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаш-давлатнинг бош Конституциявий мақсади. Ана шу мақсаднинг Асосий қонун даражасида мустаҳкамланиши ҳалқимизнинг эркинлик ва истиқлол борасида эришган энг муҳим тарихий ютуғидир.

Ўзбекистон Конституцияси ўзбек миллий давлатчилигининг ҳуқуқий асоси сифатида бир қатор хусусиятларга эга.

Биринчидан, Конституция демократик ривожланиш йўлига кирган мустақил давлатнинг Асосий қонунидир. У ўзининг туб моҳияти, фалсафаси, мафкураси, ғоясига кўра янги ҳуқуқий ҳужжат. Унда коммунистик мафкура, синфийлик, бир партиянинг ҳукмронлиги каби иллатлар йўқ. Жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи ва муқаддаси – инсон деган ғоя мустаҳкамланган. Шу асосда “фуқаро – жамият – давлат” ўртасидаги муносабатларнинг оқилона ҳуқуқий ечими белгилаб берилган.

Иккинчидан, Конституцияда фуқаролар манфаатининг устунлиги қонуний равишда мустаҳкамланган ва кафолатланган. Инсон унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас бўлиб, давлат ҳимоясидадир.

Учинчидан, Ўзбекистон фуқаролари, ўзларининг насл-насаби, ирқи, миллати, диний эътиқоди ва бошқа хусусиятларидан қатъий назар тенг ҳуқуқларга эга. Конституция Ўзбекистон фуқароси деб ҳисобланган барча шахслар, уларнинг миллати, элати, тили, урф одатлари ва миллий анъаналаридан қатъи назар ҳурмат қилинишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди.

Яна ўқинг:  Фарзандларимизни вирусли гепатит А дан асрайлик!

Тўртинчидан, фуқаролар билан давлат ўзаро ҳуқуқлар ва бурчлар орқали узвий боғлиқдир. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари дахлсиз бўлиб, ҳеч ким суднинг қарорисиз улардан маҳрум этилиши ёки чекланиши мумкин эмас. Айни вақтда фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишлари бошқа фуқароларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслиги лозим.

Бешинчидан, Асосий қонунда ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси бўлмиш Конституция ва қонуннинг устуворлигини таъминлаш мустаҳкамланган. Бу бир томондан, барча жорий қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида ва унга мувофиқ бўлишини, иккинчи томондан эса қонун олдида ҳамманинг баробарлигини англатади. Бирор – бир фуқаро, давлат органи, жамоат бирлашмаси, мансабдор шахс қонунга бўйсуниш мажбуриятидан халос этилмайди.

Дарҳақиқат, қонунга оғишмай итоат этилган жамиятдагина демократия қарор топади. Зеро, қонун – ҳуқуқий давлатнинг пойдеворидир, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот эса унинг асосий принципи ва зарур шартидир. Бошқача айтганда, ҳуқуқий давлатнинг қуроли ҳам, ҳимояси ҳам, сўзи ҳам, қалқони ҳам қонундир. Дарҳақиқат, ҳуқуқий давлатда биринчи навбатда давлатнинг ўзи, унинг барча органлари, мансабдор шахслар ҳам қонунга итоат этишлари мажбурийлиги Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган.

Олтинчидан, Конституцияда ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётида мулкчиликнинг хилма-хил шакллари тенглиги таъминланган ҳолда бозор муносабатларини шакллантиришга қаратилган тадбирларга таяниш, хусусий мулкнинг ҳимоя қилиниши мустаҳкамланган бўлиб ўз мулкига ўзи хўжайин бўлган тадбиркорлар ва шахслар учун иқтисодий фаолият эркинлиги бериш, ишбилармонлик ташаббусига ва эркин бозор муносабатларига кенг йўл очишдир.

Еттинчидан, Конституцияга мувофиқ, давлат сиёсий партияларнинг, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий манфаатларини муҳофаза этиш, уларга сиёсий ва ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратиб беради. Кўппартиявийлик ва фикрлар хилма-хиллигининг қонуний асосларини яратади.

Саккизинчидан, ҳурфикрлилик, виждон ва диний эътиқоднинг ҳуқуқий мезонлари белгилаб берилган. Ҳар бир инсон ўз эътиқодига ва динига амал қилиш ёки бирон-бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳолда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

Тўққизинчидан, Конституцияда давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва фаолият тартиби ваколатларнинг тақсимланиши принципига асосланган ҳолда амалга оширилиши мустаҳкамланган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти – давлат ҳокимиятининг учта асосий таянчидир. Асосий қонунда шу учта ҳокимият идораларининг ўзаро уйғун фаолият воситалари, шунингдек, мазкур идораларнинг бир-бирини тийиб ва мувозанатни сақлаб туриш тизимини вужудга келтирувчи қоидалар мустаҳкамланган.

Яна ўқинг:  USTOZLARIMIZ O‘GITLARI SAMARASI

Ўнинчидан, Ўзбекистоннинг ўз миллий манфаатларига мос келадиган фаол ташқи сиёсий фаолият юритиши, унинг халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ҳаракат қилиши Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч сиёсий воситалар билан ҳал этиш, ички ишларга аралашмаслик принципларига, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва меъёрларига амал қилиш заминида қурилган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўз мақоми, тузилиши, йўналиши ҳамда асосий тамойиллари, яхлит мундарижасига, яъни муқаддимасидан бошлаб сўнгги моддасига қадар мустақиллик ва истиқлол руҳи, демократик тамаддун мазмуни билан ажралиб туради. Шу ўринда айтиш ўринлики, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда жамиятни умуминсоний қадриятлар асосида ташкил этишда, шубҳасиз Конституциянинг тутган ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини эътибордан қолдирмаслик зарур. Мазмун-моҳияти билан ҳуқуқий демократик давлатда ҳеч бир фуқаро ҳеч бир одам ўз ижтимоий – шахсий ҳаётини, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур қила олмайди. Шунинг учун ҳам биз Конституциямиз мазмун-моҳиятини чуқур билишимиз, олдимизда турган муаммоларни ечишда Асосий Қонунимиздан жавоб топишга интилишимиз лозим.

Мустақил давлатимизнинг Конституцияси келажаги буюк давлатнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди. У бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик ва тараққиёт тамойиллари йиғиндисини ифодалайдиган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини аниқ ифода этган ва халқ манфаатларини ҳимоя қилувчи энг олий қонун сифатида доимий йўлчи юлдуз бўлиб халқимиз бораётган йўлни ёритиб туради.

Воҳиджон ТОПИЛДИЕВ,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети доценти, юридик фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: