ИБН СИНО ИЗДОШЛАРИ
Мамлакатимизда, айниқса, ўқув муассаларида “Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда.
Пойтахтимизнинг Чилонзор тиббиёт коллежида ташкил этилган “Ибн-Сино издошлари” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир шулар жумласидандир. Унда “Соғлом авлод” газетаси лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, профессор, тиббиёт фанлари доктори Эгамберди Эшбоев ушбу билим маскани талаба ва ўқитувчилари билан самимий суҳбатлашдилар.
Тадбирда тиббиёт соҳасининг тамал тошини қўйган бобокалонимиз Абу Али ибн Сино фаолияти, аллома томонидан яратилган илмий асарлар мавзуси ҳамда унинг замондошлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ўқувчиларга мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасида эришаётган ютуқлари, истиқлол йилларидаги оналик ва болалик муҳофазасидаги юксалишлар ва уларни жаҳон аҳли тан олаётгани ҳақида сўз юритилди. Қолаверса, тадбир давомида Республика ихтисослаштирилган дермотология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти, “ОИТС касаллиги ва унинг аломатлари” хусусида ҳам сўз юритилди.
Тадбир сўнгида меҳмонлар ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
М.ҚУРБОНБОЕВА