ҲУСНБУЗАР НИМАЛАРГА ТЎСИҚ?
Жисмоний тўсиқ
Одатда, ҳуснбузар, юзнинг энг ёғли жойларида ўсмирлик даврида пайдо бўлади ва йигирма ёшга тўлгунча ўтиб кетади. Бироқ, баъзи инсонларда анча йилларгача сақланиб туради. Оддий ҳуснбузарлар бир неча йилда изсиз ўтиб кетса, баъзи ҳолларда йиллар давомида тошиб, кўп ноқулайлик келтиради. Бундан ташқари, тугунчали ҳуснбузарлар бўлади, улар узоқ вақт давомида ривожланиб, эстетик нуқтаи назардан ёқимсиз оқибатларга олиб келади. Чунки, улар ўрнида хунук чандиқлар қолади.
Ҳис-туйғудаги тўсиқ
Айтиш мумкинки, ҳуснбузарлар тошиши бу — ўзгаларни онгсиз равишда ўзидан итариш, ўзига яқин йўлатмаслик истагидир. Ушбу тери касаллиги сиз ўзингизни ёқтиришни билмаслигингиз ва ўзингизни етарли даражада қадрлай олмаслигингиздан хабар беради. Ҳуснбузар — ўта таъсирчан, одамови инсон табиатига хос белгидир. Шунинг учун ушбу тошмаларни ўзларига юқори талаб қўядиган ва ўзларидаги нуқсонлардан жуда уяладиган ўсмирларда кузатиш мумкин. Улар яширинишга интиладилар ва айни вақтда атрофидагиларни ёқимсиз туюладиган тери касалликлари орқали ўзларидан четлаштирадилар.
Ҳуснбузар кўп ҳолларда уларни севадиган ёки улар ёқтирадиган инсонларга мамнуният ато этиш мақсадида ўзларини табиий равишда тутмайдиган ўсмирларда юзага келади.
Ментал даражадаги тўсиқ
Агар сиз ўсмирлик даврини бошдан кечираётган бўлсангиз ва ҳуснбузарлар сизга кўп ноқулайликлар келтираётган бўлса, ўзингизга бўлган муносабатни ўзгартиринг. Ўйлаб кўринг. Сиз қандай бўлсангиз шундай қолишга, самимий бўлишга, шахсиятингизни намоён этишга нима халақит бераяпти? Балки сиз ота ёки онангизга ўхшагингиз келаётгандир, ёинки уларнинг хатти-ҳаракати шу даражада сизни қониқтирмайдики, сиз уларга умуман ўхшамасликка ҳаракат қилаётгандирсиз?! Биринчи ва иккинчи ҳолатда ҳам сиз ўзлигингизни йўқотаяпсиз. Бошқалардан қизиқиб кўринг, улар сизни қандай деб билишади. Кейин уларнинг фикрини ўзингизники билан солиштириб кўринг.
Агар сиз ўсмирлик пайтидан аллақачон ўтган бўлсангизу, бироқ ҳуснбузарлар сизни барибир безовта қилаётган бўлса, хаёлан ўша даврга қайтиб, ҳаётингизда бўлиб ўтган барча воқеаларни синчиклаб таҳлил қилиб чиқинг. Ҳуснбузарлар шунда ҳам ўтиб кетмаётган бўлса, демак сиз ҳали- ҳануз ўсмирлик даврида вужудга келган психологик жароҳатлардан азият чекмоқдасиз.
Тошмалар балоғат ёшига етганингизда ҳам пайдо бўлаверса, бу ўсмирлик пайтида шахсиятингизга зиён етказган қандайдир салбий ҳис-туйғуларни юзага чиқармай, ичингизда сақлаётганингиздан дарак беради.
Ҳуснбузар пайдо бўлишидан аввал ҳаётингизда содир бўлган барча воқеаларни таҳлил қилинг – бу сизга ўсмирлик даврида айнан қайси туйғуни юзага чиқармай яширганингизни аниқлашга ёрдам беради. Бу таҳлил юрагингизнинг туб-тубида сақлаётган ва ортиқ бостира олмаётган ҳис-туйғулардан халос бўлишингизга кўмаклашади. Сабаби ҳис-ҳаяжонни бостириш учун кўп миқдорда куч талаб этилади. Сизнинг вужудингиз ўзингизни кўпроқ севишингизни ва ички гўзаллигингизни намоён этиш лозимлигига даъват қилмоқда..