ОЗОДАЛИК СОҒЛИҚНИ АСРАЙДИ

ёки тоза қўллар – покизалик манбаи

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси ва ЮНИСЕФ ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорликда 2008 йил 15 октябрь кунини “Халқаро тоза қўллар куни” – “Global Handwashing Day” деб эълон қилди. Чунки, нотоза қўллар ва тирноқлар турли касалликлар ичкетар (диарея), гепатит (сариқ), гижжалар, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар), кўз касалликлари, пневмония (зотилжам)нинг юқишига замин яратади. Айниқса, гўдаклар ва ёш болалар иммунитети яхши шаклланмаганлиги ҳамда катталар ёки шифокорлар (доя, ҳамшира)нинг тозаликка эътибор бермаганлиги учун энг кўп касалликка чалиниши мумкин экан.

Анъанавий тарзда мана бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётган бу куннинг ўзгармас шиори “Тоза қўллар ҳаётни асрайди” дея номланади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам бу шиор ҳар бир инсоннинг болаликдан шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга чорлайди. Айниқса, овқатланишдан олдин ва жамоат транспортида юрганингизда (автобус, микроавтобус ва бошқа автоуловлар)дан фойдаланганингиздан сўнг, эшик тутқичларини ушлагач, пул санаганингиздан кейин ҳам албатта қўлларингизни совунлаб ювинг.

Гўдаклар ва болалар катталарнинг гигиена қоидаларига амал қилмасликлари ва ёмон санитария ҳолатидан кўпроқ жабр чекишади. Ҳар йили ер юзида 1,1 миллион бола диарея (ичкетар), 1,2 миллион гўдак эса пневмония (зотилжам) асоратлари туфайли вафот этар экан. Қўлларни совунлаб ювиш ва сунъий сутли аралашмалар билан боқилаётган гўдакларнинг сўрғич ва сутли идишларини вақти-вақти билан антибактериал совунлар билан ювиш ва гўдаклар учун ишлатиладиган ушбу буюмларнинг устини тоза дока мато билан ёпиб қўйиш уларни турли юқумли инфекциялардан асраш учун ўтказиладиган эмлашлардан кам таъсир этмайди. 5 ёшгача бўлган болаларда диарея (ичкетар)нинг олдини олишда қўлни совунлаб ювиш 50 фоиз, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) 25 фоиз камаяди деб хабар беради baltinfo.ru сайти.

Оила-инсон тарбия оладиган илк мактаб. Ота-она ва оиладаги катталар ибрати гўдак қалбида бир умрга муҳрланиб қоладиган ширин хотирадир.

Болалигимда раҳматли Очилхон момом доимо қўлларимиз ювилгани ва тирноқларимизнинг калта олинганини қатъий назорат қилар эди. Чунки, серфарзанд оилада улғаяётган ўғил укаларим ва сингилларим ҳамда мен момомнинг ҳамиша “Қўлларинг ювилганми?”, деган саволидан дарров сергак тортардик. Чунки, ҳар гал овқатланишдан олдин бу савол такрорланарди. Кун давомида бу сўзни бир неча бор эшитган бўлсада, қўлини чала ювган ёки ювишни эсдан чиқарган болага жазо усули қўлланарди. Унга кўра “қулоқсиз бола” ака-опалари томонидан қўли мажбурлаб бир неча маротаба ювилар эди.

Яна ўқинг:  Бўқоқ наслдан наслга ўтадими?

Ҳатто, бозорга борганида тирноқлари ўсган ва ўзига қарамаган сотувчининг маҳсулоти сифатли бўлсада момом ундан харид қилиш ўрнига албатта секингина унга танбеҳ берарди. Момомнинг ҳамиша тирноқлари калта олинган ва ўзи ҳам озода кийиниб юрарди.

Агар бирорта дугонам тозаликка анчайин бепарво бўлса момом “ундан узоқроқ юр”дер эди. Айниқса, ҳеч ким билан кийим (бош кийим) алмаштирма дея уқтирарди. Уйда ҳар кимнинг ўз тароғи бўларди. Момом албатта тароғини ва меникини ҳам алоҳида-алоҳида оқ чит рўмолга ўраб қўярди. Таралган ва тушган сочларни алоҳида йиғиб мевали дарахт тагига кўмар эдик. Тирноқлар ҳам шундай одам босмайдиган дарахт тагига кўмиларди. Уларни ҳеч қачон ахлатга қўшиб ташламаганмиз ёки хазон каби ёқмаганмиз. Чунки, одамнинг жисмидан ажралиб чиққан ҳар қандай унга тегишли нарса нопок жойга тушса инсонга зиён етади, дер эди момом.

Йиллар ўтиб улғайиб, ўзим мустақил бозор-ўчар қилганимда беихтиёр сомса сотаётган йигитчанинг ўсиб кетган тирноқларига қараб, ундан егулик харид қилаётган одамларга ачиндим. Унинг ёнига бориб секингина “тирноқларингизни олсангиз бўлмайдими” дедим. У менга истеҳзоли назар ташлаб, “кеннойи сизга нима, ҳеч ким индамаяптику ё сиз СЭС (ДСНМ)данмисиз”деб жавоб қайтарди. Аммо мен ҳам бўш келмадим.”Ўзингиз туппа-тузук йигит экансизу, аммо кир тирноқлар сизга ярашмабди. Бунинг устига ифлос қўллар ва кир тирноқлар сабабли касал бўлишингиз мумкин” дедим. Сотувчининг энсаси қотганча яна бақириб харидор чақира бошлади.

Бир пайтлар ўша бозорда сомса сотаётган ўсмир йигитчани эсласам унга раҳмим келади. Наҳотки, уйда ота-онаси ва мактабда устозлари унга бир оғиз тозалик хусусида айтмаган бўлса? Ёки у билан бир дастурхон атрофида овқатланадиган дўсту биродарининг унинг ифлос қўлларини кўрганда таъби тирриқ бўлмаса?

Момонинг болаликдан қулоғимга сингиб қолган қозон-товоқ, супра ва тандир-ўчоқ ҳамда албатта дастурхон атрофида бош яланг ўтирмаслик ҳақидаги панду насиҳатларини бот-бот эслайман.

“Тандир-ўчоқ ёки қозон бошида бош яланг юриш бехосият бўлади. Овқат ёки хамирга соч тушиши мумкин. Эҳтиёт бўл, Дилор, мен кекса одам бўлсам болаларнинг таглигини ювасан, уй тозалайсан, тирноқларингни албатта олиб юр. Луқмам нопок бўлмасин” дея онамга ҳам насиҳат қилар эди. Ҳатто, уйда ҳам асло момом бизга оёқ кийим алмаштириб кийишга рухсат бермасди. Ўзининг калиши ҳам эшик орқасида турарди. Бирортамиз “юрак ютиб” момомнинг калишини кийганимизни эслай олмайман. “Чунки, ҳар кимнинг мижози ҳар турли бўлади. Бировнинг оёғи, бировнинг эса қўли терлайди. Терлаш эса одамдан одамга юқади, “дер эди момом.

Яна ўқинг:  ДЮШЕНН ВА ЭРБ ФАЛАЖИ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК?

8-синфда ўқиб юрган чоғларимда илк бора соч ювиш учун шампунь ишлатганман. Унгача момом гуруч ювилган сув, ёғсиз қатиқ, тухум, хина суртиб ювилган сочларимни ироқи (атир) совун билан ҳам ювдирар эди.

Болалигимда момом қўл ва оёқларимга хинани чопиб, аччиқтош аралаштириб боғлаб қўярди. Бу ҳам оёқ ва қўлларнинг терлашини олдини олар экан. Шунингдек, хина қўл ва оёқ тирноқларини соғлом ўстиради. Кейинчалик ўқиб билдимки, аччиқтош эса замбуруғли касалликларнинг олдини олар экан.

Юқорида тилга олинган “Халқаро тоза қўллар куни” муносабати билан моможонимни эслаб “Қари билганни, пари билмас”лигига яна амин бўлдим.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: