ҚАЛБЛАРГА ЭКИЛГАН МЕҲР ДАРАХТИ

Устоз! Болакайларнинг тилидан жаранглаётган бу сўзни эшитганимизда беихтиёр олис болалик йиллари ёдга тушади. Қўлимиздан тутиб, бизга ҳарф ўргатган устозимизнинг нафасини ёнгинамизда ҳис этгандек бўламиз, меҳрини туямиз. Йиллар ўтиб, ўзимиз ўқитувчи даражасига етган бўлсакда, ҳамон бола бўлиб қолгимиз, устозимизга эркаликлар қилгимиз келади. Ҳаёт сўқмоқларида гоҳ ғамли, гоҳ шодон кунларга рўпара бўлганимизда устозларимиз берган панд-насиҳатлар эсимизга тушади.

Тошкент шаҳридаги, Яшнобод туманига қарашли 61-мактабда ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Болакайларнинг устозларига бўлган меҳрини кўриб, жажжи кўнгилларга йўл топиш ҳам осон иш эмаслигини ҳис этдик.

– Бизда устоз ва шогирдлик анъаналари жуда яхши йўлга қўйилган, – дейди мактабнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Маъпура Акрамова. – Шу боис бўлса керак муассасада таълим олаётган ёшларнинг устозларига бўлган меҳри бўлакча. Ўқитувчиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ўқувчиларимиз ҳар йили турли кўрик-танлов ва мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келишади.

Наргиза Бейбетова шу мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси:

– Болаларнинг қалбига меҳр-муҳаббат, одамийлик, ватанпарварлик каби инсоний туйғулар бошланғич синфларданоқ сингдириб борилмоғи зарур, деб ўйлайман. Чунки, бола бу ёшда дунёни, олам ва одамларни англаётган, фикри шаклланаётган бўлади. Ҳозир бешинчи марта бошланғич синфларни юқори синфларга кузатаётган бўлсамда, ҳар доим илк марта дарсга киргандек ҳажонланаман. Чунки боланинг қалби жуда сезгир. Рост ёки ёлғон гапираётганлигингизни қалбан ҳис қилиб туради.

Тадбир сўнгида мактаб ўқувчиларининг устозлари ҳақида айтган дил сўзларини тингларканмиз, уларнинг кўзларида ажиб бир ёлқин, қалбларида ўзгача ҳаяжон борлигини сезиб, жажжи қалбларга меҳр уруғини қадаган устозларга чин дилдан ҳавас қилдик. Ўқитувчи ва мураббийларни касб байрамлари билан қутлар эканмиз, беғубор қалбларга эккан меҳр ниҳолларингиз улкан чинорларга айлансин, дея тилак билдирдик.

Гулруҳ ЁРМАТОВА

Яна ўқинг:  ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ АМАЛДА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: