ОДДИЙ МУАЛЛИМ
Қадри билинади энди менга гоҳ,
Олис мактабимни ўша беҳашам,
Навоийку бизга устоздир, бироқ,
Кимдир ўқитганку Навоийни ҳам.
Шундай улуғ зотга ҳарф ўргатган ким,
Оддий муаллим-да, оддий муаллим.
Тупроқдай хокисор безовта жонлар,
Аммо қаноатда тоғдек улуғвор.
Ҳатто Темурдайин соҳибқиронлар,
Пирим деб этагин тутган зотлар бор.
Қайсар жаҳонгирга йўл кўрсатган ким,
Оддий муаллим-да, оддий муаллим.
Йўқдан Берунийлар бинолар қилган,
Машрабни машҳури дунёлар қилган.
Ҳусайнни Ибн Синолар қилган,
Абдуллонинг тилин бурролар қилган,
Илон ўйнатгандек сўз ўйнатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим…
Муҳаммад ЮСУФ