Яхши янгиликлар кўпаймоқда

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган XVII ёзги Осиё ўйинларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган спортчиларимиз сафи кенгайишда давом этмоқда.

Эркин кураш бўйича 70 килограмм вазнгача бўлган спортчилар ўртасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов финалда жанубий кореялик Ох Манхони 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Курашчимиз нимчорак финалда тожикистонлик Сомиршо Воҳидовни, чорак финалда хитойлик Линг Хаивеини, ярим финалда Кунчиқар юрт вакили Кожима Такафумини баҳслардан чиқариб юборган.

Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган Таэквондонинг (WTF) йўналиши бўйича вазни 87 кг.гача бўлган спортчилар ўртасидаги мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Жасур Бойқўзиев ўз вазнида қитъанинг энг кучли спортчиси эканлигини амалда яна бир карра исботлади.

Ҳал қилувчи финал баҳсида Таиланд вакили Наттапат Тантрамарт билан баҳс юритган Жасур Бойқўзиев рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 7:2 ҳисобида зафар қучиб, Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. Таъкидлаш жоизки, шу пайтга қадар Ўзбекистон таэквондочилари Осиё ўйинларида биринчи ўринни эгаллашмаган эди. Демак, Жасурбек Ўзбекистон спорти тарихида янги саҳифа очди.

Енгил атлетиканинг кўп кураш баҳсида Екатерина Воронина олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди. У сўнгги баҳс – 800 метрга югуриш баҳсларида хитойлик Куинг Линг Вангдан ўзиб кетишга муваффақ бўлди.

Каноэда эшкак эшиш бўйича (С1) 1000 метр масофага ўтказилган ҳал қилувчи финал баҳсида ҳамюртимиз Вадим Менков марра чизиғига 3.57, 40 сонияда етиб келиб, Осиё ўйинларининг навбатдаги олтин медалига сазовор бўлди.

Терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Алексей Мачалов ҳам Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 1000 метр масофага ўтказилган пойгада марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Тажрибали спортчимиз белгиланган масофани 3.39,87 сонияда босиб ўтиб, энг яқин таъқибчиси эронлик Аҳмадризо Толибианни қарийиб беш сония ортда қолдирди.

Эркин кураш бўйича 74 килограмм вазнда мусобақада иштирок этган Рашид Қурбонов Осиё ўйинлари финалида эронлик Иззатулло Акбаризаринколаини мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.

Финал баҳсида Рашид Қурбонов 3:1 ҳисобида рақибидан устун келган. Ушбу ғалабадан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги олтин медаллар сони 6 тага етди.

Ҳамюртларимиз яна 7 та кумуш ҳамда 14 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 12-ўринда боришмоқда.

Яна ўқинг:  САНЪАТКОРЛАР СИНФИ

Ф.Толипов

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: