САНЪАТКОРЛАР СИНФИ

Чор-атрофга таралаётган қашқар рубобининг майин оҳанглари оғушида оҳиста тебранаётган сентябрь гуллари янада кўркам. Бир қатор маржон сингари тизилиб олишган бу “нозанин” ларни кўпинча сентябрь “малика” лари деб ҳам аташади. Ҳеч эътибор берганмисиз? Уларнинг очилиши билан янги ўқув йили бошланади. Атиргул ёки чиннигул сингари бўй чўзиб, яшнаб турмасада бу гулларнинг ўзига хос ифори бетакрор чиройи кўзни қамаштиради.

Мактабимизга кираверишда қатор экилган гуллар худди чаманзор сингари яшнаб турибди. Бугунги байрам тадбирини ҳар галгидек синф раҳбаримиз Ботир Муқимов бошчилигида ташкиллаштирдик. Улар байрам сценарийсини тузишга бирам устаки, асти қўяверасиз. Айниқса, қашқар рубобию доира чалишда уларга тенг келадигани кам топилади десам, муболаға бўлмайди. Шу боис бўлса керак, кўпинча бошқа ўқитувчилар, ўқувчилар ҳам синфимиз болаларини кўрди дегунча “санъаткорлар” келаяпти дея беғараз ҳазил қилишарди. Ҳар галгидек бу сафар ҳам бизнинг 7-”Б” синф ўқувчилари синфлараро “Марҳабо, талантлар” беллашувини бошлаб беришди. Синфимиз сардори Алиқул Шомуродов ижросида янграётган “Тонг” куйи дилларга олам-олам завқ бағишлайди. Устозимизнинг ҳаяжонланаётгани юз-кўзидан кўриниб турибди. Ахир, қайси устоз ўз шогирдларини муваффақият қозонишини истамайди, дейсиз. Синфимиз ўқувчилари ҳам асло бўшашмади. Қизлар жамоасининг дилбар қўшиқлари, жозибали рақслари, йигитлар ижросидаги дилрабо куйлар, “Андижон полькаси” рақси ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Аслидаку бизни санъатга ошно этган синф раҳбаримизнинг ўзи ҳам санъатни жону дилидан севар эди. Беллашув ниҳоясида ҳакамлар ғолибларни эълон қилар экан, синфимиз биринчи ўринни эгаллагани маълум бўлди. Ботир аканинг қўлларини икки ёнга чўзиб, “раҳмат менинг хизмат кўрсатган санъаткорларим”, дея бизни алқаб севинишларини кўриб, бир қувончимизга ўн қувонч қўшилди. Бу кичкина ютуқ нафақат бизни, балки жонкуяр синф раҳбаримизнинг ҳам ютуғи эди.

Ҳа, устозимиз Самарқанд вилоятининг Оқтош шаҳридаги 6-умумтаълим мактабини тугатгунимизча бизга синф раҳбари бўлди. Синфимизни тугатган 28 нафар ўқувчининг кўпчилиги олий маълумотга эга. Бугунги кунда улар турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда. Синф раҳбаримиз эса нафақада бўлса ҳам ҳали-ҳануз санъатсевар болажонларга бош-қош. Айни вақтда Муқимий номидаги маҳаллада фаолият юритаётган Ботир ака Муқимовнинг таълим масканимизда яратган ўзига хос тажриба мактаби ёш ўқитувчиларга қўл келмоқда.

Яна ўқинг:  Ҳунари борнинг бахти бор

Хаёл ҳамон болалик томон етаклайди. Мактабнинг қайноқ бағри, ўша қадрдон синф, шўх синфдошлар, меҳрибон дугоналар давраси кўз ўнгимда намоён. Кундалигимиздаги қатор “аъло” баҳолар ким ўзарга беғараз беллашувлар… Бу беғубор онларни хотирламай бўладими?! Барча шўхликларимиздан кўз юмиб, қувончимиздан қувониб, ташвишимиздан озор чеккан синф раҳбаримиз Ботир Муқимов шаънига қанчалар илиқ сўз айтсак, шунча оз. Бизни санъатга ошно этган муаллимимизга қалбимизда чексиз миннатдорлик туйғулари жўш уради.

Устоз..! Бугун ўқувчиларингиз олис манзиллардан Сизга ўз қутловларини йўлламоқда. Болажон қалбингиз асло озор чекмасин. Шогирдларингиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг.

Жамила ЭРДОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: