Қутлуғ ёшли қизалоқ

“Гулхан” журналида иш бошлаган дастлабки кунларимда масъул котибимиз Наримон Орифжонов “Муҳаббатхон, шаддодлигингиз, гапни чертиб-чертиб, мақол қўшиб ишлатишингизни Яйрахонга ўхшатдим. Яйра опангиз бола дунёсини, бола тилини яхши билади, у кишининг этагидан тутсангиз кам бўлмайсиз”, дедилар қўлимга бир даста журнал тутқазиб.

– Яйра Саъдуллаева етти йил “Гулхан”га раҳбарлик қилган, – суҳбатга қўшилди бадиий муҳаррир Мирвосил ака Одилов, – опамиз ишга, интизомга талабчан бўлсада, ижодкорни жуда қадрлайди. Дадахон Нурий, Хайриддин Салоҳ, Рауф Толиблар ҳам у кишини устоз деб билишган. Хоҳласангиз, у киши билан сизни таништириб қўяман.

Аммо, мен Яйра опанинг “Гулхан”, “Ғунча”да эълон қилинган ҳикояларини ўқиб ўқишга киришдиму, ўзлари билан юзма-юз гаплашишга журъатим етмади. Чунки, бир кўришда опа анча жиддий ва қаттиққўл кўринарди. Кутилмаганда, “Ғунча”нинг машинисткаси Мукамбар опа, хонада тушлик қилайлик, деб қолди. Тушлик бош муҳаррир Яйра опа билан бирга ўтди. У киши мўъжазгина идишда ош олиб келган экан.

– Абдуолим акангиз дамлаган эди. Олимларнинг қўлидан бир ош енглар, – очиқ чеҳра билан деди опа.

Мен қисиниб-қимтиниб дастурхонга олма-узум, помидор-бодринг қўйдим.

– Вой-бў, бозорни кўчириб келибсиз-у, сизга иқтисодни ўргатсам бўларкан, – хижолат бўлди Мукамбар опа.

– Буларни томорқамизда, ўзимиз етиштирганмиз, – дедим шоша-пиша.

– Ёзганларингизда ерни тушунишингиз сезилиб туради. Бежизга сизни мирзачўллик дўстларимга ўхшатмаган эканман, – Яйра опа қирмизи олмалардан бирини қўлига олиб мириқиб ҳидлади. – Буни Собит акангиз кўрса, дарров топишмоқ ёзиб ташлайди. Тавба, худди ёш болага ўхшайди. Хафа бўлиши ҳам, ҳайратланиши ҳам осон.

– Ҳа, энди болалар ижодкори, бутун умр болалар ичида-да, – суҳбатга қўшилди Мукамбар опа.

– Рост, болалар билан ишлайвериб, ўзимиз ҳам бола бўлиб қоляпмиз, – жилмайди Яйра опа.

Опага табассум ярашиб, мени чўчитган виқорни йўқотиб юборди. “Демак, ижодимни кузатар эканда” ўйладим ичимда, қаддимни сал тиклаб ўтирарканман. – Опа, Сиз Мирзачўлда бўлганмисиз? – сўрадим ҳайратимни яширолмай.

– Бўлгангина эмас, у ерда ишлаганман. Ёшлик бир жасорат экан-да. Нозиккина шаҳарлик қиз, ёшлар газетасидаги яхшигина лавозимдан кечиб чўлга кетибман-а. Устозим Абдулазиз ака Ваҳобовнинг “Яйрахон, сен буни уддалайсан” деган дуолари қанот бўлди. Лекин қақроқ чўлга келдим деб, асло, пушаймон бўлмадим. Чунки, чинакам жасорат майдонига айланган саҳрода иродам тобланди, шижоатли ёшлар сафида бўлдим, ҳаётни кузатдим. У ердаги ҳаёт қувноқ ёшлар қўшиғи садолари остида трактор гуриллашию, ариқ каналларда сув тўлиб оқиши биз ўйлаганчалик осон кечмаган. Гигиена талабларига умуман жавоб бермайдиган бараклар, нафақат қонингни, жонингни суғуриб олувчи искабтопралар… ҳафталаб ичимлик сувини кутиб қақраган лаблар… Мен шу ерда инсон қудратини кўрдим. Тенгдошларимнинг матонатини, иродасини кўриб ҳайрон қолардим. Бу ҳайратларим мақола, лавҳа, очерк бўлиб республика ёшлар газетасида кетма-кет эълон қилинарди. Мен бу мақолаларни кечқурун шам ёруғида ёзардим.

Яна ўқинг:  Оилада спорт – завқли машғулот

– Агар чўлдаги қайноқ ҳаёт қозонида қайнаб, атрофлича ўрганиб ёзмаганингизда чўлқувар ёшлар ҳақидаги “Ҳаётнинг бир варағи” тўпламингиз китобхонларга бунчалик манзур бўлмаган, Сизни элга танитмаган бўларди, – деди Мукамбар опа пиёлага чой қуйиб узатаркан.

– Тўғри, журналистнинг ҳақиқий ютуғи мавзуни билиб, чуқур ўрганиб ёзишида, – жиддий тортди опа. – Афсуски у даврда қийинчиликлар, муаммоларни очиқ ёзиш имкони йўқ эди.

– Яйра опа, – дедим аста, – чўлқуварлар ҳақидаги китобингизни бериб турсангиз.

– Эртага олиб келаман. Лекин “Гулхан”чи бўлмоқчи экансиз, кўпроқ болалар ижодкорларининг асарларини ўқинг. Ўқувчилар, мактаб ҳаётини яхшилаб ўрганинг. Болалар соддаликни яхши кўришади. Узун жумла, катта абзацлар уларни зериктириб қўяди. Уйда укаларингиз борми, – деди Яйра опа ўйланиб.

– 4-синфда ўқийдиган жияним бор.

– Ана шу жиянингиз билан кўпроқ суҳбатлашинг, гапларини, ҳаракатларини кузатиб, ён дафтарингизга ёзиб боринг.

У кишини кузатарканман, “мен ўйлаганимдан анча самимий экан” деган хулосага келдим.

– Муҳаббатхон “Гулхан”даги “Тошбақа хола нима дейди?” номли мақолани жуда қизиқарли, ўқимишли қилиб ёзибсиз. Болалар эсида қоладиган услуб топибсиз. Энди “Ғунча”га қатнашсангиз бўлади, – деди бир куни Яйра опа мени хонасига чақириб.

Мен у ердан қанот пайдо қилиб чиқдим. Тўғри, Тошкент “Ҳайвонот боғ”и, у ердаги муаммолар ҳақида шу масканнинг энг кекса тошбақаси номидан ёзилган бу мақола бош муҳарриримиз Абдулла Ориповга ҳам ёққан эди. Аммо Яйра опадан бундай мақтовни кутмаганим учунми жуда ҳаяжонландим.

Биз “Гулхан”чи, “Ғунча”чи ёшлар Яйра опани нафақат ижодда балки ҳаётда ҳам устоз деб билардик. Опамизнинг кийинишидан тортиб, юриш, туриши одамларга муомаласи ҳам биз учун ибрат эди. Опа пардоз-андозни унча ҳам ёқтирмасди, бироқ қўшиқ айтиб, рақсга тушишни жуда маромига етказарди. Дарвоқе, Яйра опа таниқли санъаткор Ҳабиб Саъдийнинг жияни эди. Эҳтимолки, куй, қўшиққа меҳр у кишидан ўтгандир. Яйра опам бу меҳрни укалари, жиянларига ҳам сингдиргани боис Ўзбекистон Халқ артистлари Лутфулла Саъдуллаев, Хайрулла ва Ёдгор Саъдиевлар моҳир санъаткор бўлиб етишгандир.

“Саодат”, “Гулхан”, “Ғунча” битта касаба уюшмага бирлашган эдик. Шу боис кўпгина йиғилиш ва тадбирларимиз бирга ўтарди. Ана шу пайтларда Раҳима Шомансурова, Яйра опа, Мукамбар опа, Маҳмуд акалар – ансамбль бўлиб, “Омонёр”, “Қошингизни қора дейдилар” лапарларини ижро этишарди. Бу “ансамбль”даги хонимлар “ким кўҳлик семиз кўҳлик” тоифасидан бўлганлари учун Маҳмуд ака “Кўрсат белингни бир кўрайин” деганида. Мукамбар опам қўлларини белига қўйиб “бел бўлса кўрасизда ёр-ёр” деб ҳаммани кулдирарди.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014-39)

Уюшманинг мажлиси бўладиган кунлари ҳаммамиз ўзимизга қараб, чиройли кийиниб келардик. Чунки, бундай мажлисда “Саодат”нинг бош муҳаррири Зулфия опа иштирок этардида.

– Яйражон, сиз буёққа менинг ёнимга келинг, – дерди Зулфия опа у кишига алоҳида илтифот кўрсатиб, – кеча “Тошкент оқшоми”да ҳажвиянгизни ўқидим, қаҳрамон кампирингиз жуда ҳаётий чиқибди.

Ана шундай пайтларда Яйра опанинг кўзлари чақнаб, шундай яйраб кетардики, назаримда нафақат кўнгли, балки бўйи ҳам бир қаричга ўсгандай бўларди.

Ахир нозиктаъб ижодкор, халқ шоирасининг эътирофига сазовор бўлиш осон бўптими…

Яйра опанинг ҳаёт йўлини кўз ўнгимдан ўтказар эканман, у кишининг ўзгаларга бўлган самимий муносабатига ҳавасим келади. Инсон қачон шахсга айланади, қачонки, ҳамиша бошқалар ҳақида ўйласа, қўлидан келган ёрдамини бошқалардан аямаса. Устоз “Ғунча”га муҳаррирлик қилган чорак аср давомида жуда кўп болалар ижодкорларига суянч бўлди. Жуда кўп ёш истеъдодларни кашф қилди, – дейди опа билан узоқ йиллар бирга меҳнат қилган “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” Эркин ака Маликов.

Чиндан ҳам ўша даврларда “Ғунча” нафақат болалар, балки катта ижодкорларнинг ҳам севимли масканига айланганди. Қуддус Муҳаммадий, Илёс Муслим, Пўлат Мўмин, Ҳаким Назир, Миразиз Аъзамгина эмас, Тўхтасин Жалолов, Музайяна Алавия, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғуломлар ҳам тез-тез таҳририятга келишар, ёзганларини кичкинтойларга илинишарди. Яйра опа уларни ҳамиша очиқ юз билан кутиб олар, барча ишларни четга суриб, бир пиёла чой устида улар билан суҳбатлашиш имконини топарди. Яна ташрифлар сал ҳаяллаб қолса, опа ё қўнғироқ қилар, ёки уларнинг уйларига бориб ҳолларидан хабар оларди. Таниқли педагог, профессор Қумри Абдуллаева эса “Алифбо”га киритиладиган шеър, ҳикоя, топишмоқларни даставвал “Ғунча” ўқувчилари назаридан ўтказиб оларди. Ўша пайтларда “Ғунча” тўлиқ маънода бошланғич синф дарсликларининг синов майдони эди десам хато қилмаган бўламан. Салкам бир миллион нусхада чоп этилаётган журнал ёш ижодкорларнинг, ижодкор ўқитувчиларнинг ҳам минбари бўлди. Опа таҳририятга келган яхши асарни кўрганда боладай қувониб кетар, муаллифни эса ёш боладай эркалаб қўярди.

Бош муҳаррир ишда қанчалик қаттиққўл бўлмасин, ўрни келганда онадай меҳрибон ҳам эди. Таҳририят ходимлари худди бир оила аъзосидек, қон-қардошлик ришталарини боғланганди. Турсунпўлат ака янги уй олганида, Собит Ғофуров қиз узатганида, Рауф Толиб ўғлини уйлантирганида, опа худди онадек қувонган бўлса, бутун умрини болалар адабиётига бағишлаган истеъдодли ёзувчи камтарин Маҳмуд ота Муродов оламдан ўтганида сингил бўлиб бел боғлаб кўз ёш тўккан эди.

Яна ўқинг:  СЕҲРЛИ ИПЛАР қўғирчоқларга жон бағишлайди

– Журналда чиққан ҳикоя ва эртакни Яшнар билан, шеър ва тез айтиш, топишмоқларни Юлдуз билан, расм ва бошқотирмаларни Ҳамзахон билан муҳокама қиламиз. Уларга маъқул келса, барча ўзбек болаларига ҳам ёқади, – дерди Яйра опа. Эҳтимолки, ана шу баҳслар натижаси фарзандлар она касбини танлашгандир.

Меҳнат қилган элда азиз. Яйра Саъдуллаеванинг бу фидойиликлари халқимиз, ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлди. Мустақилликнинг илк, нуфузли мукофоти – “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.

Бутун фаолиятини болалар матбуоти ва адабиёти билан боғлаган, салкам ўттиз йил кичкинтойларнинг суюкли журналини бошқарган, барча ўзбек боласининг содиқ дўстига айланган Ғунчаой, Тариқвой, Темиржон (роботбола) каби қаҳрамонларнинг “онаси” Яйра Саъдуллаевага журналхонлар ўз мактубларида ая деб мурожаат қилишарди. Миллионлаб ўзбек боласининг қалбини забт этган журналга ая бўлиш эса болаларнинг ижодкорга бўлган эътибори, чексиз ҳурмати рамзи эмасми?!

Бугун улуғ ёшни қаршилаган адибамизнинг қалами ҳамон ёзишдан тўхтагани йўқ. У киши набиралари – қоракўз ўзбек болаларининг маънавиятини бойитувчи, миллий қадриятларимизга ҳурмат, шарқона ахлоқ-одоб руҳида тарбияловчи ҳикоя-эртаклар ёзишда давом этяпти.

Биз шогирдлари эса турмушдами, ижоддами бирор муаммога дуч келсак нақл ва мисолларга тўла маслаҳатларини тинглаш учун у кишининг ҳузурларига ошиқамиз. Биламизки, севимли онажонимизнинг эшиги биз учун ҳамиша очиқ.

Кимгадир кераклигини, кимгадир нафи тегаётганини билиб яшашдан ортиқ бахт борми, инсон учун бу дунёда?!

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: