МИЛЛИЙ ИНТЕРНЕТ ТАНЛОВИ
“Туркистон” саройида ёшлар ўртасида “MIT.uz” III миллий интернет танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Газетамизнинг “Soglom.uz” сайти MIT – Миллий интернет танловининг “Давлат тилидаги энг яхши сайт” номинациясида 1–ўринни эгаллади.
Мазкур танлов мамлакатимиз ахборот ресурслари ва сервисларини яратиш ҳамда ривожлантириш, ёшлар учун мўлжалланган сифатли интернет лойиҳаларини оммалаштириш, хавфсиз интернет маконини таъминлаш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, шунингдек, ёш интернет сайт яратувчилари, веб-дизайнер, дастурчилар, блогерлар, журналистларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, интернетда ёшлар сегментини янада кенгайтириш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда “MIT.uz” миллий интернет танловида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган саккиз юздан ортиқ интернет сайт муаллиф ва ишлаб чиқувчилари қатнашди. Танловда Uz доменидаги веб-ресурслар билан бир қаторда хорижий доменларда жойлаштирилган сайтлар ҳам танлаб олинди.
Энг яхши ижодий ишлар ўн асосий ва олти қўшимча номинация бўйича саралаб олинди.
“Keksаlik.uz” сайти “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисидаги энг яхши сайт деб топилди. Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт соврини “tarix.uz” сайтига топширилди. “Umid. zn.uz” сайти маҳалла, қишлоқ ва шаҳарларнинг ободлиги ва фаровонлигини акс эттирувчи энг яхши сайт деб эътироф этилди.
Ғолиблар “Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт”, “Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт”, “Давлат бошқаруви соҳасидаги энг яхши сайт”, “Энг яхши янгиликлар сайти” ва бошқа номинациялар бўйича ҳам аниқланди.
“Энг яхши янгиликлар сайти” номинацияси тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бугун мамлакатимизда интернет-журналистика соҳаси жадал ривожланиб, веб-нашрлар ўртасида кенг аудиторияни жалб қилиш бўйича рақобат тобора кучайиб бормоқда. Танловда кўплаб янгиликлар сайтлари иштирок этгани ҳам шундан далолат беради. Уларнинг ҳар бири бетакрор дизайни, мавзуси ва воқеаларни ёритишга нисбатан ўз ёндашуви билан ажралиб туради. “Кun.uz” сайти ушбу йўналишда ғолиб бўлди.
2013–2015 йилларда танловда жами 2800 нафардан зиёд йигит-қиз иштирок этди. Улар томонидан 1300 дан ортиқ веб-сайт, қарийб 1500 фотосурат, видеоролик ва фотоколлекциялар тақдим этилди. Шуниси эътиборлики, танлов қатнашчиларининг 70 фоизи талабалардир. Тақдим этилган сайтларнинг 40 фоиздан ортиғи шу йил ишга туширилган.
– Ушбу танлов истеъдодли ёш дастурчилар учун ўзига хос рағбат бўлиб хизмат қилади, – дейди “MIT.uz” миллий интернет танлови ҳайъат аъзоси Алишер Тожиев. – Масалан, танлов дипломи “Камолот” уйларидан олишга имтиёз беради. Бундан ташқари, ғолибларга диплом билан бирга қатор IT-ташкилотларнинг сертификатлари топширилди.
Тадбир доирасида веб-ишланмалар, мобиль ўйинлар ва дастурий таъминот воситалари кўргазмаси, 3D форматидаги “Ўзбекистон музейларининг энг сара минг асари” виртуал музейи тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Миллий интернет танлови ғолиб ва совриндорларига диплом ва мукофотлар топширилди.
Фарҳод ТОЛИПОВ,
“Sog‘lom avlod” мухбири