“КАРИМ-МУКАРРАМ СТОМА”: АҲОЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТДАН МАМНУН

Ҳар ким ўз касби сирларини пухта билгани яхши. Ана шундагина у янгилик ва яхшилик қилишга, ўз орзу-мақсадларига эришишга муваффақ бўлади. Буни Янгийўл туманида 2003 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Карим – Мукаррамстома” хусусий килиникаси раҳбари, олий тоифали ортопед-ортодонт Мукаррам Бобосаидова мисолида яққол кўриш мумкин.

Ҳозирги кунда саккиз нафар тиббиёт ходими фаолият кўрсатаётган клиникада “Устоз-шогирд” анъаналари асосида малакали мутахассис кадрлар ҳам етиштирилади. Синов муддатини яхши ўтаган кадрлар клиникада ўз фаолиятини давом эттирадилар. Шу боис аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишдан ташқари, клиника ўнлаб стоматолог, ортодонт ва ҳамшираларга тажриба мактабини ўтаётгани диққатга сазовор.

Ҳа, олийгоҳни тугаллаб, даставвал Янгийўл туман стоматология поликлиникасида малака ва тажрибага эга бўлган Мукаррам Бобосаидова бошида икки нафар ишчи ўрни билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, кейинчалик клиника кредит асосида тиббий асбоб-ускуналар харид қилди. Натижада яна 6 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, бу ерда ўнлаб малакали мутахассислар тайёрланиб, ўз ўринларини топдилар.

Бугунги кунда тоғаси, тажрибали ортопед-жарроҳ Абдулхай Жаҳонгировни ва акаси – стоматолог Саидазим Бобосаидовларни ўзига устоз деб билган Мукаррам Бобосаидованинг ғайрати таҳсинга лойиқ. Чунки ҳар куни кўплаб мижозларга малакали тиббий хизмат кўсатиб келаётган клиникада ўтган йил мобайнида йигирмадан ортиқ ўсмирга брикет системаси ўрнатилиб, тиш қаторлари тўғирланди. Юзлаб аҳоли ва уларни фарзандларининг тишлари соғломлаштирилди.

Айни пайтда клиникада фаолият кўрсатаётган стоматологлар – Зулфира Сайидумирова, Равшан Ризаев, техниклар – Марҳабо Хўжаева ва Юнусали Ғоибназаров ишбилармон раҳбарни ўзларига устоз деб биладилар.

– Президентимизнинг биз мутахассис кадрларни тадбиркорлик йўли билан соҳани ривожлантиш ва эркин фаолият юритишимиз учун барча шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бераётгани қувонарли. Бундан руҳланган мен каби эзгу мақсадлар сари интилаётган, тадбиркорлик салоҳиятига эга мутахассислар замонавий корхоналар очишга, ўз фаолиятларини кенгайтиришга эришмоқдалар. Бундан ҳам ортиқ инъом ва бахт борми, ахир, – дейди хусусий клиника раҳбари Мукаррам Бобосаидова. – Бизнинг “Ҳамкорбанк” Янгийўл тумани филиалида ўз ҳисоб рақамимиз очилган. Меҳнатимиз самараси ўлароқ ҳар куни режа асосида банкка 7,5 миллион сўм миқдорида кирим қилинади. Тушган маблағлар ҳисобидан ходимларимизнинг ойлик маошлари, коммунал тўловлар, дори-дармон ва протез маҳсулотлари олиниб, ҳомийлик ишлари амалга оширилади. Муҳими, давлатимиз ва элимизга фойдамиз тегаётганидан хурсандмиз.

Яна ўқинг:  QAHRAMON ONANING QUVONCHI CHEKSIZ

Ҳа, ҳалол меҳнатнинг самараси бўлади. Кўнгли меҳр-муҳаббат ва оқибатга тўлиқ Мукаррам Бобосаидова ҳар куни 2-3 нафар қария ёки кам таъминланган кишиларга бепул хизмат кўрсатишни ўз бурчи деб билади. Шунингдек, “Мезон” маҳалласи ҳудудида жойлашган клиника ҳудудда яшаётган кам таъминланган оила, ёлғиз ва эҳтиёжманд қарияларга бепул тиббий хизмат кўрсатишдан, анъанавий-миллий байрам дастурхонларини ёзишда аҳолига ўз моддий ёрдамини беришдан асло қочмайди.

“От ўрнини той босар”, дейдилар. Оилада ҳам “Устоз-шогирд” анъаналарига амал қилган сулоланинг уч нафар фарзанди онакасбга меҳр қўйиб улғайганлари боис, улар ҳам тиббиёт йўлини танладилар. Шу боис тўнғич фарзанд – Ботиржон Баҳодиров Тошкент Тиббиёт академиясининг 7-босқич талабаси, Баҳромжон Баҳодиров Самара тиббиёт университети стоматология йўналишини тугаллаб, ўша ерда интернатурани ўтамоқда. Кичик фарзанд – Шоҳруҳ Баҳодиров эса Янгийўл тиббиёт коллежида таҳсил олмоқда.

Истиқлолдан сўнг ободонлашиб, кўркам қиёфа касб этаётган Янгийўл туманида бугунги кунда улкан бунёдкорлик ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилда улкан ютуқларни режалаштирган ишбилармон раҳбар ҳам давлат банкидан қўшимча кредит маблағлари олиш асносида янги замонавий клиника қуриш ва қўшимча ишчи ўринларини яратишни ҳамда аҳолига янада малалакали тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш истаги билан яшамоқда.

2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йилида ҳам кам таъминланган, ёлғиз ва кексаларга бепул тиббий хизмат кўрсатишни ва бошқа хайр-саховат ишларини амалга оширишни режалаштирган Мукаррам Бобосаидова айни пайтда кадрлар малакасини ошириш ва элга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун астойдил меҳнат қилмоқда.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: