Тиббий-ижтимоий марказ: эл соғлиги учун жонбозлик

Барча соҳаларда амалга оширилаётган ишларни, ислоҳотларни кўриб беихтиёр дил яйрайди. Инсонларнинг кўнглида, юз-кўзларида барқ уриб турган шукроналик ҳисси ҳур ўлкамизда тинчлик-барқарорликнинг ҳукмрон эканлигидан далолатдир. Айниқса, ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар мамлакатимизда инсон манфаатларининг ҳар нарсадан устун эканини ифодалайди.

Ортга боқиб, босиб ўтган ҳар бир кун, ҳар бир одимимизни сарҳисоб қилсак, ўсиб, ривожланиб бораётганимизни ҳис қилишимиз, табиий. Чин юракдан, бор имкониятини ишга солиб, олдинга интилаётган ҳар бир инсон борки, бундай тараққиёт нашидасидан бебаҳра қолаётгани йўқ, албатта.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юрт тинчлиги, эл саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 5 мартдаги “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ҳамда 1996 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ташкил этилган “Соғлом авлод учун” фонди Тиббий-ижтимоий маркази ҳам мана бир неча йилдирки, она ва бола соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва республикада баркамол авлодни тарбиялашга йўналтирилган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Тиббий-ижтимоий марказ кенг фаолият юритишида ва мамлакатимизнинг аҳолисига ижтимоий ёрдам кўрсатиб келишида ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, марказ фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам эҳтиёжманд аҳолига бепул, сифатли ва кенгайтирилган тиббий-ижтимоий ёрдамлар кўрсатишда бир қатор қулайликларни келтириб чиқарди. Чунончи, 2008 йилда Корея соғлиқни сақлаш фонди – “KOFIH” томонидан умумий қиймати 214 минг АҚШ долларига тенг бўлган “HYUNDAI” русумли “Мобиль клиникаси” инсонпарварлик ёрдами сифатида берилди. Пировардида, Тиббий-ижтимоий марказ тасарруфидаги замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган мазкур кўчма клиника орқали республикамизнинг экологик жиҳатдан ноқулай ва ижтимоий ёрдам етказиб бериш қийин ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини малакали шифокорлар тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлом турмуш тарзи, она ва бола соғлиғини таъминлашга қаратилган давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, қария ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, манзилли беғараз ёрдамлар етказиб берилмоқда. Айниқса, 2011 йилда Корея соғлиқни сақлаш фонди – “KOFIH” томонидан Тиббий-ижтимоий марказ қошида янги поликлиника фойдаланишга топширилгани ҳам аҳолини беминнат ижтимоий ҳимоя қилишда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг яна бир намунаси бўлди. Мазкур бинонинг қурилиши учун умумий қиймати 586 минг АҚШ долларига тенг бўлган маблағ сарфланди.

Яна ўқинг:  Bola baribir bola-da...

Тиббий-ижтимоий марказнинг асосий вазифаларидан бири фонднинг ҳудудий филиаллари тиббий-ижтимоий патронаж бригадаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, тиббий-ижтимоий патронаж бригаларининг 18 йиллик фаолияти давомида республика бўйича 600 мингга яқин оила ва 3 миллион 600 мингга яқин аҳолининг ижтимоий шароити, ундаги психологик муҳит, оила аъзоларининг, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирларнинг соғлиғи ўрганилди.

Тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдамга, ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазага муҳтож бўлган аёллар ва болалар ўз вақтида аниқланиб, тегишли амалий ёрдамлар берилмоқда.

Шунингдек, 2008 йилдан Тиббий-ижтимоий марказ ҳузурида “Ёш оналар” мактаби ўз фаолиятини бошлади. Ушбу мактабда ҳомиладор аёлларни туғишга тайёрлаш, гўдакни парвариш қилиш, кўкрак сутининг фойдали жиҳатлари бўйича назарий ва амалий машғулотлар олиб борилади. “Ёш оналар” мактаби ўтган 6 йиллик фаолияти давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 653 нафар аёлнинг фарзандини муваффақиятли дунёга келтиришига омил бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳар бир давлатнинг барқарорлигини, дунё ҳамжамиятида мустаҳкам ўрин эгаллашини ва унинг бардавомлигини таъминловчи асосий омил, буюк қудрат – бу баркамол авлоддир. Дарҳақиқат, Юртбошимизнинг ҳар бир нутқида ёш авлоднинг эркин ва обод Ватанда кенг қулоч ёзиб, комил инсонлар бўлиб етишишлари учун барча шароитларни яратиб бериш талаби қўйилади. Мамнуният билан айтиш жоизки, шундай фараҳбахш замонда истиқлол меваси сифатида мамлакатимиз аҳолисига “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” шиори остида беминнат хизмат кўрсатиб келаётган Тиббий-ижтимоий марказ баркамол авлодни вояга етказишда, оилада тиббий маданиятни оширишда, турли касалликларнинг олдини олишда ва давлат дастурларини ҳаётга татбиқ этишда бор имкониятини сафарбар этади. Қолаверса, ўз фаолияти доирасида доимо олдига қўйган мақсад ва вазифаларни тўлақонли бажаради, дея ишонч билдирамиз.

Адҳамжон УСМОНОВ,

Тиббий-ижтимоий марказ раҳбари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: