Кавказ тоғларида: Ўзбекистон

(Давоми. Боши ўтган сонда).

Домбай – Эльбурс тоғларининг этаги

– Қорачой-Черкас Автоном республикасининг шарқида жойлашган бу қишлоқ Кавказдаги энг баланд Эльбурс чўққиларига туташиб кетади. Бу ердан ёзнинг жазирамасида тўртта осма йўл орқали 3 минг метр баландликка чиқиб, саратонда қиш билан учрашасиз. Оппоқ қор кечсиз қувонч бахш этади. Тоғ бағрида 25 минг турдаги гиёҳлар билан танишасиз, – дейди санаторийнинг ошхонаси фойесида доимо дам олувчиларни саёҳатга чорлаб турувчи экскурсавод.

Домбойга Қумбоши довони орқали ўтилади. Қумбоши довони хушманзара жой бўлиб, тамадди қилиш, бироз йўл чарчоғидан фориғ бўлиш учун қулай шароитга эга маскан.

Саёҳатчиларга қорачой миллатига мансуб йигит-қизлар хизмат қилади. Улар билан бемалол она тилимизда суҳбатлашдик, гўммадан исътемол қилдик. Маҳаллий ошпазлар тайёрлаган таомларнинг номлари ҳам айнан тилимиздагидек. Масалан, гўмма, айрон…

Йўл-йўлакай Европадаги энг тоза сув деб ном олган биллурдек тиниқ Ули Муружу дарёси билан танишиб ўтдик. Эътибор берсак, Хоразм шевасида ҳам улли сўзи бўлиб, у катта, улуғ, деган маънони англатади. Яна шу саёҳатда тоғлар орасидаги Қоракўл ҳавзаси бўйида тўхтаб дам олдик. Унинг суви шу қадар тиниқки, сузиб юрган балиқларини кузатиш мумкин. Дарҳақиқат, у мамлакатимизнинг бутун дунёга машҳур қоракўл териларидек товланиб туради. Улли Муружой, Қоракўл, Қумбоши, гўмма, айрон… буларнинг бари қорачойларнинг нафақат тили, балки, урф-одатлари, таомларида ҳам ўхшашлик борлигини англатади. Йўлбошчимиз Андрей уларнинг тарихи, инсонпарварлиги, меҳмондўстлиги ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилди.

Домбой қишлоғидаги меҳмонхоналарнинг, ошхоналарнинг пештоқидаги номлар ҳам она тилимизни, юртимизни ёдга солади. Беихтиёр Носируддин Рабғузийнинг “Пайғамбарлар қиссаси” асарини эсладим: “Дунёдаги барча одамизот Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган” дея ёзади. Мамлакатимиздан узоқ жойда юртимга, одамларига, тилига, урф-одатларига хос белгиларни кўрар эканман, юрагим ҳапқиради. Юртга, элга бўлган муҳаббат, соғинч туйғуси қалбимда жўш уради…

Йўлбошловчи Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркарда боболаримиз бу жойларда бўлганини гапириб ўтди. Дарҳақиқат, Жалолиддин Мангуберди Кавказ халқларини бирлаштириб, тинчлик, осойишталик ўрнатгани тарих китобларида ҳам битилган. Амир Темурнинг туркийлар салтанатини барпо этганини жаҳон яхши билади.

Кавказ халқларининг ривоятларини йиғиб, улар асосида “Кисловодск ва Кавказ ривоятлари” номли китоб ёзган ёзувчи Владимир Савченко Самарқандда уч йил яшаган. У шундай дейди: “Кавказдаги кўплаб ривоятлар туркий халқлар билан боғлиқ бўлгани, бизнинг ўлкаларда Амур Темур, Жалолиддин Мангуберди ҳақида ривоятлар ҳам мавжудлиги, мени ана шу юртни кўришга ундади. Самарқандда мухбир бўлиб уч йил ишладим”, – дейди у. Дарҳақиқат, бу муаллифнинг ривоятлари билан танишсангиз уларнинг кўпчилиги туркийлар ҳаётидан олиб ёзилганлигини англаш мумкин.

Яна ўқинг:  Кулгингдадир ҳаётнинг акси

Нарзан” булоғи

Кисловодск шифобахш суви – “Нарзан” билан машҳурдир. Атиргуллар водийси ва ҳаётбахш “Нарзан” булоғи ҳақида маҳаллий аҳоли орасида кўплаб ривоятлар юради. Шулардан бири “Бургут ва Жаҳоной” ҳикояси эл орасида кўп тарқалган. Эмишки, Бургут билан Жаҳоной оила қуриб 6 қиз, 6 ўғил фарзанд кўришибди. Бу бахтиёр хонадонга заҳарханда жодугарнинг ҳасади келибди. Ботир Бургутбой ва унинг фарзандларини жоду қилиб бургутга айлатириб қўйибди. Суянган тоғи ва фарзандларининг кўздан ғойиб бўлганини кўриб, Жаҳоной оҳ-фарёд тортибди. Кунлардан бир куни уй тепасида улкан бургут парвона бўлибди. Мерганликда тенги йўқ она милтиқ билан қушни уриб туширибди. Жон таслим қилаётган бургут ногоҳ инсонга, Жаҳонойнинг суюкли ёри Бургутбойга айланибди. Висолдан сўнг Жаҳоной фарзандлари ҳақида сўрабди. Турмуш ўртоғи бўлган воқеаларни сўзлаб берибди. Жаҳоной фарзандларини соғиниб шунчалар фиғон қилибдики, у чеккан надоматларидан, оҳу зорлари сабаб бургутга айланиб қолибди. Тоғлар томон парвоз қилиб, фарзандларининг дийдорига тўйибди. Сўнг илон тусига кириб олган заҳархандани излаб топибди. Қўққисдан унга ташланиб, панжалари орасига қисиб олиб, баландликдан тошга урибди.

Газанда ерга урилгач, калтакесакка айланиб тошдек қотибди. Бугунги кунда атиргуллар водийсидаги тимсоҳ ана шу ялмоғиз экан.

Онанинг ўз болаларини қайтадан инсонга айлантириш орзуси хаёлидан кетмабди. Одамлар, парранда-ю даррандалар борадиган кўплаб сувларни, булоғу чашмаларни тотиб кўрибди. Интилиш-изланишлари беҳуда кетмабди, атиргуллар орасидан биллурдек тиниқ сув сизиб чиқиб турганини кўриб қолибди. Улар ҳаётбахш сувдан ичиб инсонга айланибди. Яна аҳил-иноқ, ҳаёт кечира бошлабди.

Бу ривоят. Бироқ, рус халқининг севимли шоири Лермонтов болалигида жуда нимжон ва касалванд бўлгани учун бувиси йилда икки-уч марта шу ерга олиб келиб, “Нарзан” булоғи сувидан ичириб унга чўмилтириб дуркун йигит қилиб тарбиялагани, йигит ёшида дворянларга хос тарзда армияда хизмат қилганини тарих саҳифалари тасдиқлайди.

Биз ҳам яхши тилаклар билан ушбу шифобахш сувдан ҳар куни уч марта исътемол қилдик. У шундайгина санаторийнинг ёнида жойлашган.

“Ўзбекистон” санаторийсининг олд томондаги дарвозадан чиқсангиз халқ амалий санъати маҳсулотларининг ярмарка-бозори мавжуд. У ерда асосан аёллар томонидан тўқилган турли кийим-кечаклар, очиқ рангдаги газламалардан тикилган бежирим нимчалар, тоза теридан ишланган шиппаклар сотилади. Уларни бир-бир томоша қилиб, “Нарзан” шифобахш булоғига кириб борганингизни билмай қоласиз. Хуллас, бу ердаги барча йўллар шифобахш сув томон олиб боради.

Яна ўқинг:  Экотуризм – ёввойи табиат қўйнига саёҳат

Мусиқали фаввора

Шифобахш неъмат – “Нарзан” сувидан баҳраманд бўлгач, унинг олд томонидаги майдонга қўйилган супачаларда ўтириб, бири-бири билан бўйлашган арча дарахтлари, қийғос гуллаб турган лаванда ифори остида дам оласиз. Майдон атрофидаги дўконларни кезаётганда шарқона тақинчоқларга маҳлиё бўласиз.

Бу манзилга аввал келганимдан буён 23 йил ўтди. Биз ўзбекистонликлар у пайтларда шаҳар марказидаги рангли фавворани томоша қилгани чиқардик. Айниқса бу фавворалар ўғлим Равшанжонга хуш ёқарди. Турфа рангларда товланаётган гўзал оҳангларга бой фавворага тикилиб, завқланарди. Зеро, у пайтларда мамлакатимиз пойтахти Тошкентда ҳали рангли фаввора йўқ эди. Бу сафар келганимда ана шу бизни ҳайратга солган фавворани изладим. Унинг ўрнида оддий рангсиз фаввора бўлиб, тиниқ сувларида болалар чўмилиб юришарди.

Бундан йигирма уч йил бурун бизни ҳайратга солган рангли фаввораларни бугунги кунда мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, вилоятлар марказлари, туману қишлоқларида кўплаб учратиш мумкин. Бир куни оқшом тушганида “Себзор” маҳалласини невараларим билан кезганим кўз олдимдан ўтди. Бу ердаги рангли фавворалар атрофида бир-бирини қувалашиб юрган болакайларни, ёқимли таралаётган мусиқа оҳанглари остида дам олиб ўтирган онахону отахонларни, музқаймоққа шайдо ёшларни узоқ кузатган эдим. Ўшанда биз ўзбеклар хуш кўрган Кисловодскдаги фаввора кўз олдимда гавдаланганди…

Фавворалар бугунги кунда Тошкент шаҳрига кўрк қўшиб турган юксалиш ва ободликнинг рамзидир. Кўкка интилиб, яна ерга тушиб, атрофга оромбахш салқинлик улашаётган, гўзал товланиб турган фавворалар гўё юртга баланд шуҳрату шукуҳ тилаб тургандек, улар инсонпарвар, эъзозли қадриятларимизни, анъаналаримизни эслатади.

Касбдошлар билан танишув

Мамлакатимизда 27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланади. Шу кун муносабати билан биз касбдошларимизни кўриш учун “Кисловодская газета” таҳририятида бўлдик. Нашрнинг бош муҳаррири, Кисловодск курорт-шаҳар думаси депутати Наталья Иванова билан миллий ва жаҳон журналистикаси хусусида узоқ суҳбатлашдик. Тажриба алмашдик. Сўз орасида у ўзи Навоий шаҳрида туғилиб катта бўлганлигини ва бизнинг ташрифимиз қадрдон жойларини яна бир бор эслатганини қувонч билан таъкидлади: – Ота-онамнинг қабрини зиёрат қилгани у ерга тез-тез бориб тураман. Ҳар борганимда Ўзбекистондаги улуғвор ўзгаришлардан лол қоламан. Айниқса, менинг киндик қоним тўкилган Навоий вилояти саноат шаҳрига айланганлиги, бу жойнинг эркин иқтисодий ҳудуд деб эълон қилинганлиги мени бағоят хурсанд қилди. Қаерда юрсам мен Ўзбекистонда туғилганлигимни фахр билан айтаман, – дейди у. Биз касбдошлар ҳузурига кирганимиздан, Ўзбекистон тарбиялаган фарзандлар ўзга юртларда қанот қоқиб, ўша шаҳарнинг юзи-кўзи бўлиб юрганидан фахрландик. Ватанимизнинг суви ҳам, нону ҳавоси ҳам муқаддаслигини ҳис қилдик.

Яна ўқинг:  САЛОМАТЛИК НАЗОРАТИ

Дарҳақиқат, саёҳат – улкан, беқиёс куч. У дунё кезишга, халқларни, элу юртларни танишга кўмак беради. Одамларнинг тафаккурини бойитади, ақлу заковатини чархлайди, ирода ва имкониятини бақувват қилади. Маънавий баркамолликка ундайди. Бежиз халқимиз, “Юрган – дарё, ўтирган бўйра”, дея нақл келтирмайди…

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: