Яхшиликнинг ширин меваси

Аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади. Бешик қучиб мудраётган онага аҳамият берганмисиз, бағридаги нуридийдасини авайлаб тунни тонгга улаб бедор ўтказади. Бешикда хотиржам ухлаётган бола бир онанинг юраги эмас, бутун бир миллатнинг фарзанди. Азалдан Сароймулкхоним, Увайсий, Нодирабегим, Тўмарис каби жамият равнақига хисса қўшган аёллар тарих зарварақларида, инсонлар қалбида мангу яшайди.

Бугунги кунда ҳам оиласидаги вазифасидан ташқари, юрт истиқболи учун меҳнат қилаётган шижоатли аёллар бисёр. Айни чоғда сўз юритмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ҳам оилавий саодатга эришган, Ватан тараққиёти йўлида халққа маърифат улашаётган Гулчеҳра Каримова муборак олтмиш ёшни қарши олди.

Гулчеҳра опа узоқ йиллар давомида Юнусобод туманидаги 27-умумтаълим мактабида немис ва инглиз тилидан болаларга сабоқ берди. Шу давр мобайнида, мунтазам равишда газета ва журналарда маънавий руҳ билан суғорилган мақолалари чоп этилди. “Ҳамроҳ”, “Бедорлик”, “Ижод завқи” каби кўплаб радио эшиттиришлар олиб борди. Телевидение орқали намойиш этиладиган маърифий кўрсатувларда мураббия сифатида иштирок этган. Ҳаёти давомида кўрган кечирганлари ҳақида “Яхшилик-ла ёниб яшайман” деб номланган мўъжазгина китоб ёзди.

Гулчеҳра опа файзли бир хонадоннинг оқила бекаси, беш келиннинг севимли ойижониси. Маҳаллада, ёру биродарлари даврасида опанинг ўрни ўзгача. Қўни-қўшниларидан у ҳақида илиқ фикр эшитасиз.

Ҳаёт чизгилари доим бир текис бўлавермайди. Турмушнинг ширин ташвишлари билан андармон бўлиб юрган она, кўз гавҳаридек асраб вояга етказган қизи Шаҳнозахонни ўз қўллари билан нам тупроққа топширди. Онага фарзанд доғидан ортиқ ғусса бўлмайди. Полапонини излаётган қалдирғоч мисоли қайноқ бағрида қучиб юрган нуридийдасини йўқотган онаизор чирқиллаб қолди…

Аёлнинг меҳри тошни ҳам сел қилади, аёлнинг иродаси темирни ҳам мўрт қилади. Жигаргўшасидан ажралган Гулчеҳра опа бошқа фарзандларнинг бахту камолини кўриш учун ҳам яшашда давом этиши, синовларни енгиши лозимлигини яхши биларди. Шу тариқа бироз вақтдан сўнг у яна ижод оламига қайтди. Бирин-кетин мазмунли шерлар ёзди, ҳикоялар қоралади. Газета журналларда ижодий фаолиятини давом эттирди..

– Ҳаётда биргина армоним бор, – дейди қаҳрамонимиз. – 27 ёшимда онам вафот этди. Уларнинг дийдорига, меҳрига тўёлмадим. Нолимайман, фарзандларим бағримда, дўстлар даврасида эъзоздаман, аммо биргина онамнинг тафтини соғиниб яшайман. Баъзида савол беришади “Гулчеҳра опа, сочингизга оқ ораласа ҳам жуда шижоатлисиз. Оилангиз даврасида фароғатда яшасангиз бўлмайдими?”. Ўтирган бўйра, юрган дарё, дейишади. Ҳозир ҳам фароғатда яшаяпман. Одам яралибди-ки, халоватни меҳнатдан топади. Юртимизда барча соҳада чексиз имкониятлар яратилаётган пайтда четдан томоша қилиб туриш мумкинми? “Қимирлаган қир ошар”, – дейди дона халқимиз. Майли қийналинг, майли қоқилинг аммо ҳаракатдан тўхтаманг. Шундагина саодат соҳилига етасиз.

Яна ўқинг:  Фонарли шиппак

Ҳар бир синов ортида яхшилик бор, дейди машойихларимиз. Айни кунларда қаҳрамонимиз бир-биридан ширин саккиз набиранинг бувижониси бўлиб умргузаронлик қилмоқда. Ўзи истиқомат қилаётган “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида “диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича” маслаҳатчи бўлиб, маҳалладошларининг қайғу ва хурсандчилигига шерик бўлмоқда. Яқинда Гулчеҳра опанинг 60 ёшни қаршилаганини қўни-қўшни, қавм-қариндош, ҳамкасблар маҳалла гузарига йиғилиб катта шодиёна билан нишонлади. Орамизда Гулчеҳра опадек касбига фидоий инсонларнинг борлиги учун ҳам юртимиз равнақ топмоқда, у каби меҳридарёлар сабаб кўнгли яримларнинг қалби қувончга тўлади, унингдек оқила аёллар ҳамиша ўз номига, шаънига муносиб қадр топадилар.

Дилдора МУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: