Кавказ тоғларида: ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 августда мустақил деб эълон қилди. Ўша пайтда Россиядаги мамлакатимизнинг бир парча ери – “Ўзбекистон” сиҳатгоҳида эдик. Биз ўзбекистонликлар хабарни телефон орқали эшитган бўлсакда, кечқурун “Время” теледастурини интиқлик билан кутдик. Йўлакдаги дам олиш майдончасига қўйилган телевизорга барчанинг нигоҳи қадалган, хонага сукунат чўккан эди. Москва орқали хушхабар эълон қилинганида барча юртдошларимиз қарсак чалиб юборди. Бир-бирини қутлашди. Ёнимда турган ўғлим қувончимиз сабабини сўради. “Ўғлим, халқимизнинг юз йиллик орзуси амалга ошди”, дедим кўзларимда беихтиёр ёш қалқиб. Ўзбекистон мустақиллиги Она халқимизга XX аср сўнгида насиб этган улкан тарихий ғалаба эканлигини тушунтирдим.

Дарҳақиқат, ўтган йигирма уч йил халқимиз мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олгани, танлаган йўли – тинчлик, босқичма-босқич тараққиёт йўли тўғри йўл эканлигини исботлай олди. Бугунги кунда ривожланишнинг “ўзбек модели”ни дунё эътироф этмоқда. Ўзбекистон 250 дан ортиқ давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида байроғимиз ҳилпираб турибди. Мустақиллик йилларида республикада пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, пиллачилик, мева-сабзавотчилик соҳалари, саноатнинг газ, нефть, қимматбаҳо металлар қазиб чиқариш турлари кенг ривож топди.

Мен Россиянинг Ставрополь ўлкасида жойлашган Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийсига йигирма уч йил ўтиб борганимда буни яна бир марта қалбдан ҳис этдим. Миллатимизнинг машҳур саркардалари Жалолиддин Мангуберди ва Амур Темур боболаримизнинг қадамлари етган тоғлар бағрида мамлакатимизнинг бир парчаси – дам олиш маскани борлиги ва у янада обод бўлгани дилларни яшнатади.

“Минвода” аэропортидан чиқибоқ, “Ўзбекистон” санаторийси” деб ёзилган машинага кўзимиз тушди. У кўнгилларга ёрқинлик бағишлади. Дам олиш масканининг пештоқида она тилимизда ёзилган “Ўзбекистон” санаторийси ёзуви ва юртимизнинг рамзи – байроғи ва гербини кўрганимизда қалбимизни беихтиёр фахр туйғуси чулғаб олди. Сўлим масканда ҳордиқ чиқараётган юртдошларимиз ўзбекона лутф билан “хуш келибсиз” деганларида янада яйраб кетдик.

Табиат мўъжизаси, шифо манзили, курортлар шаҳрига айланган – Кисловодскда ўттиз саккизта санаторий жойлашган. Уларнинг бири – “Ўзбекистон” сиҳатгоҳидир. У ўрмон-паркнинг хушманзара жойида бунёд этилган. Ҳавоси роҳатижон, ям-яшил арчалар ҳиди айвон орқали хоналарга уфуриб, дилга хушкайфият бахш этади. Шарқироқ сойнинг тошларга урилиб, биллурдек товланиб оқиши руҳиятга осойишталик олиб киради.

Бизнинг дам олиш масканимиз ҳам ўз навбатида келинчакдек безанган ўрмон ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди. Жонажон Ватанимизнинг бир бўлаги бўлмиш Кисловодскдаги “Ўзбекистон”имизнинг ҳайратомуз гўзалликлари бепоён мовий осмонга интилган, тоғлар билан бўйлашган сарвқомат дарахтлар, ой билан чирой талашган гуллар, миллий руҳ билан безатилган йўлаклар сўлим оромгоҳга янада кўркамлик бахшида этган. Дам олиш масканининг орқа эшигидан шундай ўрмонга йўналасиз ва “Биллур булоқ” ёдгорлигига дуч келасиз. Унинг бир томонида икки буюк ижодкор Пушкин ва иккинчи томонида эса Лермонтовга қўйилган ёдгорлик қад ростлаган. Бу ерлар улуғ шоирларнинг қадами етган ва ижод манбаи бўлган макондир.

Яна ўқинг:  Гап ёшда эмас...

Ижодкорларнинг пойқадамида гулларнинг беллашиб, чирой талашиб туриши ҳам тасодиф эмас, албатта. Ўрмон табиати – гулзорлару боғ-роғлар, хуш манзаралар инсон ва унинг қадоқ қўли, қайноқ қалби ҳамда нозик дидининг маҳсулидир. “Ўзбекистон” санаторийси эса ўзбек халқининг бахтли турмуши, фаровонлиги ва ижодкорлиги, ташаббускорлиги тимсолидир! Зеро, табиат ўз қуёши билан, инсон тафаккури, ижодий фаолияти билан ажралиб туради.

“Ўзбекистон” санаторийсининг ўзига хос анъаналари бор. Уларнинг аввали тоза ҳаво, шифобахш “Нарзан” булоғи суви ҳамда тиббий муолажалардир.

Оромгоҳнинг орқа эшигидан ўрмонга чиқиб, биллурдек товланаётган сой ёқалаб бориб шифобахш сувдан қониб ичамиз. Бу борада врачлар ҳам дам олувчиларга ҳамфикр, ҳаммаслакдир. Хизматга шай санаторий ходимлари турли миллат вакиллари бўлиб, уларнинг мақсаду муддаоси ягона – миллатнинг юзи бўлган бу масканда буюк Ватанимизга муносиб хизмат кўрсатиш, сиҳатгоҳнинг гўзал, ранг-баранг гулларига ҳамоҳанг яхши кайфият бахш этишдир.

 

ОРОМГОҲЛАР ШАҲРИ

Кисловодск Кавказ тоғлари билан ўралган шаҳар бўлиб, кавказ-абазин тилида мафтункор деган маънони англатади. Кавказ тоғларининг адрларида жойлашган Кисловодск нафақат Ставрополь ўлкасида, балки бутун жаҳонда энг машҳур курорт шаҳарлардан биридир. Ессентуки, Пятигорск, Железноводск шаҳарлари у билан ёнма-ён жойлашган. Кисловодскнинг шаҳар шаклида ташкил топганига кўп бўлмади, эндигина икки юз йил тўлди. Уни Кисловодск курорт-шаҳар маъмурияти бошқаради. Бу ерда 95дан ортиқ шифо ва дам олиш масканлари мавжуд. Ўттиз саккизта санаторий, 12та пансионат, 4та клиника ва 39та меҳмонхона ва ундан ташқари мини меҳмонхоналар ҳам мавжуд. Курортлар маконида мамлакатимизнинг шифо маскани ҳам борлиги, албатта, бу ерга келган юртдошларимиз қалбини ғурурга тўлдиради.

Аҳолиси. Кисловодск нафақат шифо масканлари билан машҳур, балки кўп миллатли аҳолисининг дўстона яшаётгани билан ҳам эътиборга моликдир. Бу ерда турли мазҳаб ва миллат вакиллари яшайди. Асосий аҳолиси диний мазҳаб бўйича насроний ва мусулмонлардан ташкил топган. Шаҳарда 13 та миллий маданият маркази бор. 2 та славян, немис, қорачой, грек, осетин, абазин, озарбайжон, арман, доғистон, яҳудий, адигей ва грузин халқларининг маданий марказлари фаолият юритади.

Табиати ҳам ўзига хос. Кечқурун ёмғир ёғиб, эрталаб қуёш порлаб туради. Шунинг учун руслар бу ерни қуёшли ўлка дейишади. Диёримиздаги каби тўрт фасл тўрт фазилатни ўзида намоён этиб, турли кўринишда товланиб кўзни қувонтиради. Кишилари йил давомида арчалар ифори уфуриб турган ҳаводан нафас олади. Мамлакат табиатида, аҳолисининг урф-одатларида, турмуш тарзида бетакрор ранг ва оҳанглар мавжуд. Кавказ халқининг шиори гўё ”Бирдамлик – ранг-барангликда” дегандек туюлади.

Яна ўқинг:  ТАОМГА ТАЛПИНГАН ГЎДАК

Тили. Кўп миллатли шаҳар халқларининг умумий тили – рус тили. Шаҳар халқининг кўп тилли эканини ўрмоннинг маликаси турли-туман арчаларга менгзайман. Турфа миллатли дўстона яшаётган халқни рус тили уйғунлаштириб туради. Арчаларга келсак, турли туман шаклли, ранг-баранг арчалар битта яшилликда мужассамлашган. Уларнинг баъзилари бахмал гулдек турли хил товланади, фақат ям-яшил, баъзилари бахмалдек юмшоқ, баъзилари бизнинг ўлкаларда кўп ўсадиган нина баргли дарахтлардир. Улар гўё юқорида таъкидлаганимиздек Кавказнинг турли феълли, турфа тилли одамларига ўхшаб кетади.

Шаҳар кезар экансиз, бозору дўконларининг пештахталарида туркий тилимизга ўхшаш сўзларни ҳам учратиш мумкин. Сотувчилари билан ўзбекча суҳбатлашамиз, деярли кўпчилиги тушунади.

 

АТИРГУЛЛАР ВА АРЧАЛАР ВОДИЙСИ

Инсон турфа тилли, турфа шакл-шамойилли бўлганидек атиргуллар ҳам турли-туман эканлигини ана шу водийда ҳис қиласиз. Бу ерда атиргулнинг юзлаб турлари мавжуд бўлиб, барчаси қизил ва оқ рангда. Бу иккала рангнинг кўплигини кўриб лол қоласиз. Улар бир-биридан на фақат шакли-шамойили балки, қизил ва оқ-сариқ рангларининг турфалиги билан ҳам ажралиб туради. Уларни ўраб турган булут билан бўйлашаётган арчалар ҳам атиргуллардек шакл-шамойилга эга. Ушбу қадди тик арчаларнинг шохларига эътибор берсангиз, улар ҳам атиргуллардек қат-қат товланиб ўзига хослиги билан ажралиб туради. Беихтиёр ҳайратга тушамиз. Бу мўъжизамикан ёки инсон қўли билан яратилган янги бир дарахт нави?! Бу ерда арчадан ғорлар ясалган. Бу масканда арчадан тоннеллар бунёд этилган. Арчадан яна бетакрор айвонлар қад ростлаган бўлиб кўзни қамаштиради. Уларнинг бири нина баргли, бири яшил гулга ўхшайди, бири яшил арчага тонгги қиров тушгандек кайфият уйғотади. Яна бирининг улуғворлигидан кўз уза олмайсиз. Соясида юзлаб одам дам олиши мумкин. Танасига ўнлаб қучоқ бирлашса етмайди. У донишманд нуронийни эслатади. Уларнинг ёнида пастаккина дум-думалоқ пуфакдек бўлиб ўсган арчалар кўзга ташланади. У “донишманд арча”нинг ёнида бўй чўзаётган болани ёдга солади. Бетакрор манзарани кузатар эканман, беихтиёр биз билан бирга дам олаётган, собиқ тузум замонида Пскент туманида ишлаган рус аёли Ларисахонимнинг сўзлари хаёлимга келади. “Мен Ўзбекистонда уч йил яшаб, донишманд халқингиздан уч ҳикматни ўргандим: мансаб – сароб. Чўлда сароб сувдек кўзга ташланади, унинг кетидан борсанг алдайди, адаштиради. Бойлик – қўлнинг кири. Вақтида ювиб ташламасанг хасталик чақиради. Дунёнинг устуни – меҳр-муҳаббат! Меҳрли оилада соғлом авлод камол топади. Бойлик аслида саломатлик ва фарзандлардир. Зеро, фарзандлар келажакда тарих ғилдирагини айлантиради.

Яна ўқинг:  Таълим учун кредит. У қандай берилади?

Россияга қайтгач, бу катта донишмандлик эканлигини англадим. Зеро, мансаб ҳам, бойлик ҳам ўткинчи, қариганда белингни қуввати, кўзингнинг нури фарзандларинг экан. Кенгроқ шарҳласак, мамлакатнинг таянчи, суянчи ҳам ўғил-қизларимиздир.

– Мен Ўзбекистонни, унинг донишманд, болажон халқини қўмсаганим учун “Ўзбекистон” санаторийсига келдим. Бу имкониятни болаларим туҳфа этди – деди у самимий.

Дарҳақиқат, жаҳонни ўрганмай, дунёни танимай туриб киши, ўзлигини тан олмайди. Ўзлигини таниган одам ҳар тарафлама уйғун ривожланган инсондир. Баркамол шахс ва соғлом авлод халқларнинг гўзал тажрибасидан, умуминсоний қадриятларидан ўрганиб, ўзининг илдизларига – халқ салоҳиятининг муносиб ўзанларига, асрлар давомида қарор топган ахлоқий мезонларга суяниб, ўзига хос, ўзига мос йўлни танлаб олади. Агар эътибор берсангиз нафақат одамзотнинг, балки миллатларнинг, давлатларнинг ҳам яшаш тарзи, юксалиш аъмоллари ана шундан иборат. Изланиш, ўрганиш, яратиш… дейман унга.

Дарҳақиқат, Ларисахоним сўзларини амалда исботлайди. Дам олиш масканида мунтазам Ботир Зокиров қўшиқлари янграб турарди. У ўзбекча хиром билан оҳиста рақсга тушади. “Бу менинг сизнинг халқингизга бўлган меҳр-муҳаббатим рамзи”, дея табассум билан тавозе кўрсатади.

(Давоми келгуси сонда).

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: