Эпли қизларнинг иқтидори намойиши
Пойтахтимиз марказида жойлашган “Ёшлар ижод саройи” байрамона кўринишда безатилган. “Ҳаётим безаги, жонажон спорт!” деб номланган кўргазмадан ўрин олган кубоклар, дипломлар ва медаллар шодасига кўзингиз тушиб, беихтиёр уларнинг эгаларига ҳавасингиз келади. Улар спорт соҳасидаги ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизлардир.
Яқинда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан БМТнинг “Аҳолишунослик” жамғармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига бағишланган ва 12 август – халқаро Ёшлар куни муносабати билан “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида “Муҳаббатим сенга, она Ватаним” номли байрам тадбири ўтказилди.
Ҳозирда бутун дунёда 75 миллионга яқин қиз таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум. Уларнинг аксарияти 14 ёшгача бўлган қизлар эканини маълумот ўрнида келтириш жоиз.
Юртимизда эса ҳали 15 ёшга тўлмаган 200 нафардан зиёд қиз орасида Осиё чемпионлари, адабиётга ихлоси баланд ижодкор ҳамда илм-фан вакилалари, санъаткор ва рассомлар борлиги қалбимизга фахр бағишлайди. Бунинг барчаси ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг устуворлигини англатади.
– Биз мустақил Ўзбекистоннинг бахтиёр ёшларимиз. Негаки, бизнинг билим олишимиз, спорт билан шуғулланишимиз, хоҳлаган олий таълим масканларига ўқишга кириб ўқишимиз учун давлат томонидан барча шароитлар яратилган. Мен тўрт ёшимдан бадиий гимнастика билан шуғуллана бошлаганман. Онам, ҳам устозим Саодат Наимова гимнастикачи бўлгани учун шу спорт йўналишига қизиққанман. Устозим Рима Хохловадан бу спорт турининг сирларини қизиқиш билан ўргандим. 2011 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлдим. 2014 йилда Бухоро Давлат университетининг жисмоний тарбия ва спорт факультетига ўқишга кирдим. Ниятим – спорт устози бўлиш, – дейди қатор халқаро ва Осиё чемпионатлари ғолиби, 100 га яқин олтин, кумуш ва бронза медаллари соҳибаси бухоролик Сарвина Ҳолиқова.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова сўзга чиқди.
Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири