ЁШЛАР – СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ТАРАФДОРИ
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида “Экстрим – гиёҳвандликка қарши” мавзуида ёшлар фестивали бўлди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир гиёҳвандлик, кашандалик каби иллатларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилди.
Мамлакатимизда ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал, ижодий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу жараёнда спортнинг экстремал турлари ҳам ёшлар ўртасида жадал оммалашмоқда. Роликли конькида учиш, скейтборд, тоғ велосипеди каби спорт турлари инсонда тезкорлик, дадиллик, чаққонлик, тез ва тўғри қарор қабул қилиш каби фазилатларни шакллантиради.
– Тўққиз ёшимдан буён роликли конькида учаман, – дейди пойтахтимиздаги 71-умумий ўрта таълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Искандар Жалилов. — Спорт билан шуғулланиш соғлом ўсишимга, мактаб дарсларини тўлиқ ва осон ўзлаштиришимга ёрдам беради.
Ўнинчи маротаба ташкил этилган ёшлар фестивалида экстремал спорт турлари билан мунтазам шуғулланаётган эллик нафарга яқин ўғил-қиз роликли коньки, скейтборд ва тоғ велосипедларида турли мураккаб ҳаракатларни бажариш, тўсиқлардан ўтиш бўйича ўз чиқишларини намойиш этди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА мухбири