САЙЛОВ ҲУҚУҚИ ВА ҚОНУНЧИЛИК
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мамлакатимизда сайлов ҳуқуқи эркинлиги ва бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш истиқболларига оид брифинг ташкил этилди. Унда депутатлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган. Ушбу вазифалар ижроси юзасидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги “Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов мамлакатимизда демократик сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида самарали ҳуқуқий-амалий механизмлар яратилганини таъкидлади. Янги қонун лойиҳаси бу борадаги ишларнинг мантиқий давомидир.
Ушбу қонун лойиҳаси депутатлар, олимлар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик, миллий ва хорижий экспертлар иштирокида қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу тадбирларда уч юзга яқин амалий таклифлар билдирилди. Шунингдек, қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Марказий сайлов комиссиясининг веб-сайтларига жойлаштирилди. Ҳозиргача тўрт минг нафарга яқин юртдошларимиз мазкур лойиҳа билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Буларнинг барчаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.
Брифингда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш, сайлов қонунчилигини ривожлантириш, янги қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Б.ХИДИРОВА,
ЎзА мухбири