Таниш ҳолатнинг нотаниш қирралари

Уйда, интернет клубларда, кинотеатрларда фильм томоша қилаётган ёшларга кўзимиз тушади. Бу одатий ҳол, албатта. Лекин, ўша ёшлар қандай кино кўришаётгани кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди. “Боланинг тарбияси бузиляпти” деган гапларни эшитамизу унинг туб моҳиятини ахтармаймиз. Балки, бунга ўша фильмлар, уларда яширинган ёт ғоялар сабаб бўлаётгандир…

Бир куни дугонамнинг уйига бордим. Биргалашиб дарс тайёрладик. Унинг “гап дўкони” очилиб, вақт ўтганини ҳам сезмай қолибмиз. Уй бекасининг кечги овқатга чақирганидан сўнг, атрофга қоронғулик чўкканини англадим.

Овқатланиш учун ҳаммамиз стол атрофига йиғилдик. Аммо укаси Аъзамжон “кейинроқ ейман” дея рад жавони бериб, қўшни хонада телевизор кўрарди. Янглишмасам, уйга кириб келганимда ҳам у экран қаршисида ўтирган эди. Онасининг “дарсингни тайёрла, Аъзам”, деган сўзини эшитмагандай жимгина томошада давом этаётганди. Қизиқ, мактаб ўқувчиси учун дарсдан-да муҳимроқ нарса нима экан?..

Дугонам билан Аъзамжоннинг хонасига кирдик:

– Нима томоша қиляпсан, Аъзам?

– Кино.

– Қандай кино, номи нима?

– “Поворот не туда”.

– Жуда ҳам қизиқ фильмми?

– Ҳа, даҳшат кино! Бир гуруҳ йигит ва қизлар ўрмонда адашиб қолди. У ерда ёмон “махлуқлар” яшайди. Боя сариқ сочли қизни арра билан …

Даҳшат! Унинг хотиржамлик билан айтган гапини эшитиб, чўчиб кетдим. Ўн беш ёшли бола шундай фильм кўрса-я?

Кўчада, кимнидир машина туртиб юборганини кўрса, катталар саросимага тушиб қолади. Ҳали ҳаёт ташвишидан оғринмаган ёш юрак, бундай фильмни ўзига сингдираётганидан ҳайратландим.

Кинони бироз томоша қилдим. Ундаги воқеалар кишида шунчалар қўрқув уйғотадики, давомини кўришга иродам етмади. Нигоҳини экрандан узмай ўтирган Аъзамжондан:

– Бундай фильмларни кўриб қўрқмайсанми? – деб сўрадим.

– Йўқ. Кинода бўляптику – дея жавоб берди.

Тўғри, бу кино. Лекин ундаги даҳшатлар боланинг маънавиятига таъсир ўтказмайди, деб ким кафолат беради?!

Эътибор берганмисиз, беланчак қучган она, қалбидаги энг эзгу тилаклари билан фарзандига алла айтади. Гўдак сеҳрли нолани тинглаб ухлаб қолади. Бувижонлар набирасини тиззасига ўтказиб, унга эртак айтиб беради. Мана шундай ширин сўзлар, эзгуликка йўғрилган эртакларни эшитиб улғайган бола фақат яхши ишлар қилишга ҳаракат қилади, китобга меҳр қўяди.

Яна ўқинг:  Bayramga taraddud

Онасининг алласи ва бувисининг эртаклари болага озуқа беради. Демак, ёвуз манзаралар тасвирланган фильмнинг ҳам қайсидир жиҳатини у ўзига сингдиради. Боланинг сувдек тиниқ, беғубор хаёлларини қора тутун заҳарлайди.

Маънавий онги шаклланаётган боланинг хотирасига кинонинг ҳар хил воқеалари муҳрланади. Бу эса салбий ҳолатларни юзага келтириши, ёмон ўй-фикрларни ривожлантириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Дилдора МУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: