ҲАЁТИМИЗ ҚУВОНЧИ – болажон камқон бўлса…

Ҳозирги кунда экологик муҳитнинг ёмонлашуви, кундалик истеъмол маҳсулотларида керакли дармондориларнинг етишмаслиги бир қанча касалликларни юзага чиқармоқда. Жумладан, камқонлик, яъни анемия касаллиги ҳақида бироз тўхталмоқчимиз. Қон таркибидаги гемоглабин миқдорининг пасайиб кетиши камқонлик касаллигини белгилайди. Мияга кислород етказиб бериш эса айнан қондаги гемоглабиннинг асосий вазифасидир. Бу касаллик билан оғриган беморларда турли инфекцион касалликларга чалиниш хавфи юқорилиги боис, хасталикни тезда бартараф этиш қобилияти паст бўлади. Қон таркибида организмнинг ҳаётий ўсиб ривожланиши учун муҳим бўлган озиқ моддалар мавжуд.

Камқонликка чалинмаслик учун қондаги гемоглабин миқдорининг меъёрда бўлишига аҳамият беринг ҳамда кундалик таомномангизни темир моддасига бой маҳсулотлар билан бойитинг.

Камқонлик касаллиги болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бемор болалар ўз тенгдошларидан ақлий қобилияти пастлиги сабабли ортда қола бошлайди. Камқонлик боланинг дарс жараёнида фаол қатнашмаслиги, вазифаларни яхши ўзлаштира олмаслиги, уйқучанлик, хотиранинг пасайиши, тез касалликка чалиниши, бош оғриғи ва бошқа шу каби кўринишларни юзага келтириши мумкин.

Шу сабабли болаларда камқонлик касаллигини тезда аниқлаш ва уни вақтида даволаш зарур. Болаларни ўз вақтида овқатланиши, витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиши келажакда соғлом бўлиб вояга етишини таъминлайди.

Шунингдек, камқонлик касаллиги аёлларда ҳомиланинг нормал етилиши ва соғлом ривожланишига таъсир этиб, туғруқ пайтида кузатиладиган асоратларнинг кўпайишига олиб келади. Бундан ташқари темир танқислиги, яъни камқонлик аниқланган она туғилажак фарзандига етарли миқдорда темир заҳирасини бера олмайди. Оқибатда чақалоқ руҳий ва жисмоний ривожланишдан ортда қолади.

Камқонликнинг белгилари қуйидагилар:

Терининг қуруқлашиши, оғиз бурчагининг ва товоннинг ёрилиши, сочнинг тез синиши ва тўкилиши, тишларнинг мўрт бўлиб емирилиши, тирноқларнинг юпқалашиши, кўчиши ва синиши, тирноқ шаклининг ўзгариши, ҳид сезишда (қуруқ ердан сув сепилганда чиқадиган ҳид, шунингдек, керосин, бензин, тамаки, машина моторидан чиқадиган ҳидларни ёқтириш) ва таъм билишда (кесак, гилвата, чой шамаси, хом гўшт, макарон, гуруч ейишга мойиллик) каби ўзгаришлар кузатилади.

Темир моддаси табиий ҳолда озиқ-овқатлар таркибида етарлича мавжуд. Фақат темир моддасини кўп тутадиган ва инсонга зарур бўладиган озиқ-овқатлардан етарли миқдорда болаликдан бошлаб, узлуксиз истеъмол қилинса бўлгани.

Чақалоқларда учрайдиган камқонликни даволаш қандай амалга оширилади?

Яна ўқинг:  Қандли диабет: унинг келиб чиқиш сабаблари, касаллик оқибатлари ва профилактикаси хусусида

Бугунги кунда ёш болалар ва чақалоқларда кузатидиган камқонлик касаллигининг келиб чиқишига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Аввало, ҳомиладорликни режалаштириш даврида бўлажак онани соғломлаштиришга аҳамият бериш лозим. Она организмидаги ҳар бир ўзгариш болага ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу сабабли ҳомиладор аёл ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши лозим. Бўлажак онанинг қондаги гемоглабин микдори камида 120 г/л ни ташкил этиши лозим.

Чақалоқлардаги камқонликнинг келиб чиқишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:

Болани нотўғри овқатлантириш, шунингдек, гўдаклар меъда-ичак касаллиги билан оғриганда ва cунъий овқатлантириш давомида кузатилади. Чала туғилган чақалоқларда ва ўткир инфекцион касалликларга чалинганида ҳамда бола организми темир моддасини яхши ўзлаштира олмаслиги натижасида темир танқислиги юзага келиши мумкин.

Чала туғилган чақалоқларга меъёрда ўсиб ривожланиши учун 2 ой давомида қўшимча равишда “Е” витамини бериб борилади. Чақалоқларга дастлабки 2 ой давомида темир препаратлари бериш тавсия этилмайди. Сабаби чақалоқ танаси ҳали жудаям нимжон, янги ҳаётга ҳали тўлиқ мослаша олмаган бўлади. Бу даврда ўзига керакли бўлган озуқани фақат она сутидан олади. Жуда зарур ҳолатларда шифокор маслаҳати билан темир препарати кичик миқдорда берилиши мумкин. Камқонлик билан туғилган чақалоқларга 2 ой бўлганидан сўнг унга темир препарати бериш мумкин.

Бу касаллик чақалоқ ота-онасидан ирсий гемолитик камқонлик сифатида ҳам ўтиши мумкин. Чақалоқларнинг геморрагик касаллиги эса – витамин “К” ва қон ивишини таъминловчи омилларнинг етишмовчилиги натижасида келиб чиқади.

Геморрагик касалликларда чақалоқ туғилгандан сўнг витамин “К” препарати шифокор текшируви остида амалга оширилади.

Ҳомиладорлик даврида бўлажак она ўзининг гемоглабин миқдорини меъёрий ҳолатга келтириб олса, туғилажак болада камқонлик касаллик билан чалинишининг олди олинади. Бунинг учун ўз таомномасида гемоглабин миқдорини оширувчи маҳсулотлар бўлиши мақсадга мувофиқдир.

I тоифали неонатолог Феруза ЖАББОРОВАтавсиялари асосидаНаргиза УГЛАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: