Қўшнимнинг фаросати

Қўшнимнинг эгизак фарзанди бор. Уни ҳар замонда қизалоқларни сайрга олиб чиқиб, ўзини газета, китоб варақлаб ўтирган ҳолатда учратаман. Ўз ўрнида фарзандларига ҳам ҳушёр. Бири пилдираб, ариқчага чопади, бири капалак қувиб, шағал уюми томон кетиб қолади. Кўпқаватли уйнинг олдидан онда-сонда бўлса ҳам машиналар ўтиб туради. Қўшним машина овози чиқиши билан иккала қизини ушлаб, сергак туради. Қизалоқларнинг Фотимасига Зуҳрасини, Зуҳрасига Фотимасини “опанг” деб гапиради. Улар бир-бирларини опа, деб сизлашади.

Бир куни қизалоқлардан бири бехосдан йиқилиб тушди. Югуриб бориб қизалоқни даст кўтариб, овутмоқчи бўлдим. У мен кутганимдай йиғламас, аксинча, қўлчаларини қоқиб, “Менга ҳеч нарса қилмади”, дейди. Қўшним болаларини шунчалик мустақилликка ўргатганки, йиқилса ўзи турсин, эгни чанг бўлса ўзи қоқсин. У ўзини ҳимоясиз гўдак деб эмас, мустақил шахс деб тасаввур қилсин, деб тарбиялар экан. Шу куни қўшнимнинг вақтини олиб, бироз суҳбатлашдим. У фарзандингизни хато қилишидан қўрқманг, овқатини тўкиб еса танбеҳ берманг, овқатланиб бўлгач, бирга йиғиштиришга ўргатинг, қизалоқлар пардоз буюмларига ўч бўлишади, уйдаги лаб бўёғини яшириб олиб қўйса, ёки бузиб қўйса, койиманг. Шунчаки, ўзингизни эътиборсиздек тутинг, вақти билан лаб бўёғидан кимлар, қайси маҳалда фойдаланишини тушунтириш зарур, деди. Бир қарашда унга эътирозларим бор эди. Бироқ, бу ҳам тарбиянинг бир усули деб, индамай қўя қолдим.

У бўш вақтида китоб ўқиб, болаларига ўрнак бўляпти. Фарзандларини эрта – гўдаклигиданоқ мустақил ҳаётга ўргатяпти. Ҳар бир оиланинг ўз анъаналари бор, албатта. Бу оиланинг анъаналари ҳам ўзига хос экан. Унга тегма, бунга тегма, бу мумкин эмас, деган таъқиқлар болаларни бурчак одамига айлантиради. Болаларда эрта шаклланган эркинлик туйғуси ёт таъсирларга ички иммунитет ҳосил қилади. Чунки, чекловлар билан вояга етган бола учун ҳамма нарса қизиқ, чизиқнинг нариги тарафи мудом ўзига жалб қилиб туради. Эркин ўсган бола эса ўз-ўзидан нариги тарафдан ўз эркини маъқул кўради. Тўғри эркинлик дегани болани мутлақо беқаров қолдириш дегани эмас. Ҳар ҳолда кичиклигидан унга алоҳида одам эканини уқтириб бориш, ўрни келганда айрим масалаларда уларнинг ҳам фикрига қулоқ солиш, маслаҳатлашиш шахс камолотида яхши самара беради.

Яна ўқинг:  Ёруғ келажак дебочаси

Тошмирза АҲМЕДОВ,

Сергели тумани

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: