Миттивойнинг йиғиси нимани англатади?

ёки гўдаклар “Сиренада”сига изоҳ

Оилада янги меҳмон дунёга келди. Ота-онанинг қувончи чексиз. Жажжигина чақалоқ барчанинг диққат марказида бўлади. Барча оила аъзолари унинг атрофида парвона бўлишсада ҳеч ким оначалик гўдакнинг инжиқликлари ва йиғисига сабр ила чора топа олмайди.

Чақалоқ она бағрида ўзини ҳимоялагандек ҳис этади. Чунки, ҳомиладорлик даврида она юраги уришини ҳис этиб ривожланган ҳомила дунёга келгач яна ўша ёқимли “жонли соат” дуккуллашини беихтиёр қўмсайди.

Гўдаклар қорни оч бўлса, таги ҳўл бўлганда ноқулайлик ҳис этиб, уйқуси келганда ёки бирор жойи оғриса йиғлайди. Аммо йиғи билан йиғининг фарқи бор. Агар гўдак онасини эма туриб йиғласа ва инжиқлик қилса икки хил изоҳ бериш мумкин. Эмишни хоҳламай бир оз эмиб, яна нафас олишга ҳаракат қилиб оғзини катта очиб йиғлаб, йиғи аралаш яна эма бошласа, билинг-ки унинг бурни битиб қолган. Стерилланган пахта толасидан пиликча қилиб, унинг бурнини тозаланг. Агар бурнидаги қатқалоқ қотиб қолган бўлса юмшатиш учун бурун катакларига навбати билан она сутини соғинг. Бир оз ўтгач чақалоқнинг бурнини оҳисталик билан тозалаб олинг. Гўдак эркин нафас олгач яхши эма бошлайди. Тўйиб эмган ва таги қуруқ миттивой тезда ухлаб қолади. Шунингдек, стерилланган ўсимлик ёғи томизиб ҳам бурнидаги қатқалоқларни тозалаш мумкин.

Яна гўдак оғриган қулоғини ёстиққа ишқалаб, чинқириб ҳам йиғлайди. Бундай ҳолатда у эмишдан ҳам бош тортади. Қулоқ оғриғига ҳам она сути даво бўлади. Эмизикли она неонатолог ёки педиатр ҳузурига боргунча чақалоқнинг қулоғига соғиб, кейин стерил пахта тиқиб қўйиши керак. Болалар шифокорига мурожаат этсангиз сизга зарур муолажаларни тавсия этади.

Шунингдек, гўдак бир неча лаҳза йиғлаб, орада жим бўлиб, танаффус қилса ва яна йиғлай бошласа ота-онасининг эътибор қилишини хоҳлаётган бўлади. Бундай пайти катталар болани қўлларига олиб, бағриларига босиб, суйиб-эркалашлари зарур. Гўдак йиғиси шу тариқа бир неча бор такрорланиб, охири узлуксиз давом этса билинг-ки чақалоқ оч қолган бўлади. Она гўдагини бағрига босганида у эмиш учун ҳаракат қилади.

Агар чақалоқ бир хил товушда йиғласа ва ора-орада иложсиз чинқирса унинг бирор ери оғриётган бўлади. Бундай ҳолатда ҳам она гўдакнинг аъзои-баданини енгил силаб-сийпалаб, уни эркалаб, меҳр билан эмизиши керак. Шунда ҳам йиғиси тинмаса албатта зудлик билан болалар шифокорини уйга чақиринг.

Яна ўқинг:  Хасталикка беэътибор бўлманг

Ожизгина йиғи ва безовталик гўдакнинг ҳожатга чиққиси келганини билдиради. Баъзан эса чақалоқ тагини ҳўллаб қўйган бўлса ҳам шундай инжиқлик қилади. Доимо ҳар сафар ичи келишидан олдин ёки кичик ҳожат ушатгиси келса (пешоби қистаса) гўдак шундай йиғи чиқараверса балки бирор касаллик белгиси ҳам бўлиши мумкин. Педиатр билан учрашганда албатта бу ҳақида унга хабар беринг.

Узлуксиз ва бир текис товуш чиқариб йиғлаётган гўдак нимадандир шикоят қилаётгандек сизда таассурот қолдирса унинг уйқуси келаётган бўлади. Яна у қўлчалари билан кўзларини ишқалаб, кўзини қисиб ёки юмиб олади. Шунингдек, эснай бошлайди. Ухлашга қийналаётган чақалоққа ёрдам беринг. Она гўдакни бағрига босиб, эмизса уни ухлаши осон бўлади. Гўдак тунда бесабаб йиғлаб уйғонса у она бағридан узоқлашгани учун қўрққан бўлиши мумкин ёки эмишдан бош тортиб йиғиси кучайса унинг бирор жойи оғриётган бўлиши эҳтимол.

Агар она чақалоқни бағрига босган заҳоти у тинчланса, демак гўдак совуққотган ёки тушида чўчиган бўлади. Яна чақалоқнинг қорни дам бўлса (эмизикли она дуккакли маҳсулотлар – мош, ловия, нўхат ҳамда ўрик, туршак истеъмол қилса, шунингдек, газли ичимликлар ичганда бу ҳолат кузатилади) оёқларини қорнига йиғиб чинқириб йиғлайди. Илиқ ўсимлик мойи билан гўдакнинг қорни соат стрелкаси бўйича силанади. Чақалоқни қорни билан ётқизиб қўйсангиз ел осон чиқиб кетади. Ёш оналар арпабодиён ўсимлигининг уруғи (шивитнинг уруғига ўхшайди)ни чой ўрнида дамлаб ичсалар бу дамлама она сутини кўпайтиради ва чақалоқнинг ичи дам бўлишига йўл қўймайди. Агар гўдакда чилла яра (диатез) кузатилса онанинг асал ва сут, цитрусли мевалар, шоколад ва дуккакли донлар ҳамда қизил ва сариқ рангли маҳсулотларни истеъмол қилиши тавсия этилмайди. Чунки, бу озиқ-овқат маҳсулотлари аллергия чақиради.

Шунингдек, чақалоқнинг сут тишлари (пастки ўрта курак тишлари 6-8 ойлигида ва юқориги курак тишлари 8-9 ойлигида чиқа бошлайди) ёриб чиқаётганида ҳам гўдак инжиқланиб, қўлини оғзига тиқиб кўп йиғлайди. Шундай пайтда унинг милки қичишади. Миттивойга дорихоналарда сотиладиган махсус резина халқачаларни қайнаган илиқ сувда ювиб бериш керак. Ана шунда унинг асабий ҳолда йиғлашининг олдини оласиз. Чақалоқ оғзига қўлини кўп тиқса, сўлак безлари таъсирланиб кўп сўлак ажралиб чиқиши мумкин. Уни чалғитиш мақсадида тоза ҳавода кўпроқ сайр қилдиринг ва турли рангдаги, осон ювиладиган ранги ўчмайдиган, шиқилдоқ резина ўйинчоқларни қўлига бериб қўйинг.

Яна ўқинг:  Чақалоқ чилласи ёхуд қўлнинг ҳам заҳри бор

Саҳифани Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: