ГЎДАКНИНГ териси “сўзлаганда”

Чақалоқнинг териси таркибида катталарникига нисбатан сув кўп бўлди. Шунинг учун унинг териси кўзга оқиш ва бироз шишгандай кўринади. Бундан ташқари янги туғилган чақалоқнинг тери сатҳи кулранг-оқиш творогга ўхшаш суртма билан қопланган бўлади. Суртмани оҳисталик билан дока ёки стерил салфетка билан артиб олсангиз миттивойнинг териси қизғиш тус олади. Бу ҳолат чақалоқларнинг физиологик эритемаси дейилади.

Эритема-чақалоқнинг ташқи муҳитга реакцияси ҳисобланади. Худди катта одамларда совуқ кунларда териси қандай қизариб қолса шунга ўхшаш бўлади. Чақалоқ туғилгач 1-2 кунда эритема тошиши ўтиб кетади. Кейин тери рангининг қизариши камайиб, миттивойнинг терисининг юза қавати кўча бошлайди ва сарғимтир тус олади. Эритема ўрнига чақалоқлар сариқлиги ўрин алмашган бўлади. Бунга сабаб феталь гемоглобин ўз вазифасини ўтаб бўлганидан дарак беради. Яъни, ҳомила она қорнидалигида оқсил табиатли феталь гемоглобин ўпкалардан тўқималарга кислород ташийди. Чақалоқлар сариқлиги 2-3 кунда авжига чиқиб, гўдак туғилгандан сўнг 7-10 куни кетади. Сариқлик тезроқ сўрилиб кетиши учун гўдакларга ультирабинафша нурларидан даволовчи муолажа ўтказиш зарур. Чунки, терининг сарғайишига сабаб бўлувчи билирубин моддаси шу даво муолажасидан сўнг парчаланиб кетади.

Янги бўшанган ёш ва тажрибасиз оналарни миттивойнинг бошининг энса соҳаси ва пешонасининг сочли қисмидаги турли шаклдаги қизил доғлар ташвишга солади. Агар шу қизил доғларни енгилгина боссангиз улар кўздан йўқолади. Бу доғлар тери ости қон томирлари кенгайганлиги сабабли пайдо бўлган. Чунки, туғруқ жараёнида чақалоқнинг боши катта босим таъсирида бўлади. Баъзан гўдакнинг бурнида ёки икки ёноғида, шунингдек, пешонаси ёки юқори лабида катталиги тариқ донидек келадиган сарғиш, ёғли тошмаларни кўрсангиз хавотир олманг. Онадан йўлдош орқали ўтган гормонлар туфайли жажжи болакайнинг ёғ безлари фаолияти кучайиб кетади. 3-6 ҳафта ўтгач гормонлар таъсири йўқолгач, тошмалар ўз-ўзидан сўрилиб кетади. Сариқ тошмалардан ташқари оқиш, майда марварид доналарига ўхшаши ҳам учрайди. Бу тошмалар ҳам бурун катаклари атрофида, энгакда, ёноқларда, бурун устида ва қаншарда шунингдек, баъзан танглай ва милкларда ҳам учрайди. Ҳар битта ана шундай митти “марваридча”лар тери остига кичик “илдиз отган” бўлади, яъни уларнинг тагида жуда ҳам кичкина киста бўлиб, оқ тошмаларда ўзига хос қаттиқлик пайдо қилади. Яъни, улар қўлга қаттиқроқ уннайди.

Яна ўқинг:  САЛОМАТЛИКНИНГ ТЎРТ ҚОИДАСИ

Ҳурматли ота-оналар!

Асло гўдак юзидаги тошмаларни сиқишга ҳаракат қилманг. Акс ҳолда тошма тугунчалари ўрнида сувчечакка ўхшаш доғлар қолади. Яна чақалоқ терисига инфекция тушириб қўйишингиз мумкин. Сабр билан бу тошмаларнинг ўз-ўзидан сўрилиб кетишини кутинг. Агар узоқ вақт давомида ушбу тошмалар сўрилиб кетмаса, болалар дерматологига учрашинг. Шифокор-дерматолог сизга зарур даво муолажасини қўллайди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: