МИЯНИНГ ИЧКИ БОСИМИ ОШИШИ ХАВФЛИМИ?

Одамлар орасида «черепное давление» ибораси шу қадар кенг тарқалганки, бу ташхисни қўймаган врач қолмади, шекилли. Аслида чуқур неврологик текширувлар асосида айнан невропатолог томонидан қўйиладиган бу ташхисни нега бошқа тоифа врачлари ҳам қўймоқда? Уларнинг бунга юридик ҳуқуқи борми? Аксарият одамлар артериал қон босимидан эмас, «черепное давление» дан қўрқадиган бўлиб қолган. Нима учун? Энди туғилган чақалоққа ҳам, қари одамларга ҳам шу ташхисни қўйишяпти. Нима, бу касаллик шу қадар кўп тарқалганми ёки асоссиз ташхислар кўпайганми? Аксарият беморларни бундай саволлар қизиқтиргани боис, уларга батафсил жавоб бериб ўтишни лозим топдик (1-қисм).

Савол: Миянинг ички босими ошиши шу қадар кўп тарқалганми ёки бу ташхисни қўйиш кўпайганми? Ҳозир одамлар орасида удум бўлиб қолган ибора билан айтганда «черепное давление» нима ўзи?


Жавоб: Калла суяги русчасига «череп», лотинчада «сranium» деб юритилади. Рус тилидаги «Внутричерепное давление» ўзбекчага «Калла суяги ички босими» деб таржима қилинади. Ўзбек тиббий тилида мен «интракраниал гипертензия» иборасини кўп ишлатаман. Китобларимда ҳам шундай ёзганман. «Гипертензия» атамаси «юқори босим» деган маънони англатади. Масалан, артериал гипертензия, интракраниал гипер­тензия. Халқимизга тушунарли бўлиши учун бугунги суҳбатим­изда «миянинг ички босими» иборасини ишлата қоламиз.
Хўш, миянинг ички босими ошиши ёки интракраниал гипертензия ҳақиқатан ҳам кўп тарқалганми? Асло йўқ! Бош оғриқлар сабаби ичида миянинг ички босими ошиши бор-йўғи 12 фоиз, холос. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, турли врачлар томонидан бундай ташхисларни қўйиш 70 фоиздан ошиб кетди.

Савол: Бу жуда кўп-ку!

Жавоб: Ҳа, кўп! Мен Тошкент тиббиёт академиясида 1994 йилдан буён талабаларга неврология­дан маърузалар ўқийман. Ўша пайтлари компьютер томография­си юртимизга энди кириб келган йиллар эди. Ушбу аниқ ташхис қўювчи ускуна пайдо бўлгач, асоссиз неврологик ташхисларни қўйиш камаяди деб ўйловдим. Афсуски, баттар кўпайди.
Бир куни талаба қизлардан бири: «Устоз, миянинг ички босими ошиши аҳоли орасида кўп тарқалганми?» деб сўраб қолди. Мен унга: «Синглим, бугун дарсдан кейин автобус бекатига боринг-да, писта сотиб ўтирган сотувчи аёлдан: «Бошим тинмай оғрийди, нима қилсам экан-а?», деб сўранг. Албатта, у сизга «Докторга боринг, қизим», дейди. Сиз бир оз кутиб туринг-да, қайта яна шу саволни беринг. Шунда аёл: «Қизим, сизда «черепное давление» ошган» деб жавоб бериши табиий…

Яна ўқинг:  ЯНГИ ТУРДАГИ ТИШ ПЛОМБАСИ

Эртаси куни навбатдаги маърузани энди бошлагандим ҳамки, ҳалиги талаба қиз кеча бўлган воқеани тўлқинланиб гапира бошлади: «Тавба! Устоз, худди сиз айтгандек бўлди. Ўша аёл менга иккинчи саволдан кейин «Қизим, сенда черепное давление ошган», деди. Маъруза залидаги 150 дан ошиқ талаба кулиб юборди. Мен талабаларга қараб: «Институтни тугатгач, сизлар ҳам бу ташхисни бўлар-бўлмасга қўявермаслик учун яхши ўқинглар», дедим. Мен аҳён-аҳёнда маъруза пайтида талабаларга шунақа топшириқ бериб тураман. Улар кўчада ҳар хил одамларга шу саволни бериб, деярли ҳар доим «Сизда черепное давление ошибди» деган жавобни олишади.

Савол: Балки ростдан ҳам бу касаллик кўп учрар?! Тинмай бош оғриши – «черепное давление» белгиси эмасми ахир?


Жавоб: Барча бош оғриқлар сабаблари ичида миянинг ички босими ошиши бор-йўғи 10-12% ни ташкил қилади. Боз устига, «миянинг ички босими» деган ташхис йўқ. Миянинг ички босими ҳаммада бор. Уни ликвор босими деб ҳам аташади. Ликвор (мия суюқлиги) босими горизонтал ҳолатда 100-200, ўтирган ҳолатда 200-400 мм. сув устунига тенг. Худди артериал қон босим каби. Масалан, артериал қон босим ҳаммада бор ва у нормада 120/70 мм симоб устунига тенг. Баъзи катта ёшдагиларда 140/90 мм. симоб устуни ҳам меъёр ҳисобланади. Артериал қон босим ўлчов бирлиги – мм. симоб устуни билан, ликвор босими эса мм. сув устуни деб ёзилади. Аслида ликвор босимини аниқлаш учун орқа мия суюқлиги олиб текширилади.


Савол: Шифокорлар менингит (мия пардалари яллиғланиши) билан шифохонага тушган боланинг орқа миясидан ликвор суюқлигини олиб текшириш лозимлигини айтишади. Аммо баъзи ота-оналар бунга розилик беришмайди. Чунки боладан мия суюқлиги олинса, кейинчалик у ақли заиф бўлиб қолади деб ўйлашади. Шу тўғрими?


Жавоб: Мутлақо нотўғри! Аксинча, менингит бўлган боладан шифохонада орқа мия суюқлиги (ликвор) олиб турилмаса, у кейинчалик ақли заиф бўлиб қолиши мумкин. Нафақат ақли заиф, балки бундай бола жисмоний ривожланишдан ортда қолади ва турли асоратлар билан тузалади.

Айниқса, йирингли менингитни люмбал пункция (орқа миядан суюқлик олиб текшириш амалиёти) қилмасдан даволаш ўта хавфли. Бу касаллик, одатда, 2 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Мазкур касалликка чалинган болаларда ҳар 2-3 кунда белдан пункция қилиб, орқа мия суюқлигини олиб туриш керак. Натижада мия пардалари орасидаги йирингли ликвор тозаланиб, унинг ўрнига булоқ сувидек тоза ликвор ишлаб чиқарилади.

Мия қоринчаларининг махсус ўсиқчаларида бир кунда 350-450 мл. ликвор ишлаб чиқарилади ва шунчаси қайта сўрилади. Кўрдингизми, қанча кўп! Бу эса миянинг соғлом фаолият кўрсатиши учун жуда зарур.


Мана, ҳозир суҳбатимиз «мия ички босими» ҳақида кетяпти. Айнан йирингли менингит – болада мия ички босимини кескин оширадиган касалликлар ичида биринчи ўринда туради. Бу босимни фақат белдан ликвор олиб пасайтириш мумкин. Акс ҳолда миянинг ички босими ошавериб, мия тўқимасини эза бошлайди ва бола комага тушади. Биласизми, менингит сабабли комага тушган болага 2-3 соат ичида белдан пункция қилиб, ортиқча ликвор олинса, у ўша куниёқ ҳушига келади.

Савол: Нега унда баъзи инфекционист-врачлар «Болангизнинг белидан пункция қилиб, мия суюқлигини олишимиз керак. Шунга розимисиз?» деб сўрашади. Ота-она, табиийки, қўрқади… Ушбу тиббий муолажа шу қадар муҳим экан, уни ота-онадан сўрамай қилса бўлади-ку?

Жавоб: Менингит бўлган болада орқа мия суюқлигини олиб текшириш учун врачнинг ота-онадан рухсат олиши бу бўлмаган гап! Мен бунақа қоидани эшитмаганман. Ундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Люмбал пункция – тиббий кўрсатмалар асосида врачнинг ўзи ҳал қиладиган муолажа. Уни ўтказиш ёки ўтказмасликни фақат врачнинг ўзи ҳал қилади. Менингитни люмбал пункция қилмасдан даволаш – бу ўлим ва оғир асоратлар сабаби деяверинг. Агар баъзи шифохоналарда шундай қоидалар ҳалиям ҳукм сураётган бўлса, бунга зудлик билан чек қўйиш керак. Бундан ташқари, мия лойқали ликвордан тозаланиб турса, унинг ўрнига тоза ликвор ишлаб чиқарилиб туради. Ликвор таҳлили орқали менингитни қайси микроб чақиргани аниқланади ва энг зарур антибиотик танланади ва ҳоказо. Умуман олганда, реаниматологлар ишига ота-оналар аралашмагани маъқул.

Савол: Қачон миянинг ички босими ошади?

Жавоб: Ҳали айтиб ўтганимдек, бу патологик ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – мия пардаларининг ўткир яллиғланиши, яъни менингитлар. Кейин энцефалитлар (мия тўқимаси яллиғланиши), бош мия жароҳатлари, лептоменингит ва хориоэпендиматитлар.
Лептоменингит – бу мия пардаларининг сурункали яллиғланиши бўлиб, унинг ҳам асосий белгилари бош оғриқлардир. Лептоменингит менингитга ўхшаган оғир касаллик эмас. Менингит юқумли касаллик ва уни инфекционист даволаши керак, лептоменингит эса умуман юқмайди ва уни невропатолог даволайди.

Лептоменингитда миянинг ички босими ҳар доим ҳам ошавермайди. Хориоэпендиматит – бу мия қоринчаларининг ички девори яллиғланиши. Айнан мана шу ички девор (эпендима) ликвор ишлаб чиқарувчи ва ортиқча ликворни қайта сўрувчи ўсиқчалардан иборат.

Бу касаллик деярли ҳар доим миянинг ички босими ошиши билан бошланади. Афсуски, ҳозирги невропатологлар бу ташхисни деярли қўйишмаяпти. Бу яхши эмас. Ваҳоланки, «лептоменингит ва хориоэпендиматит» атамаларини Ўзбекистон фахри, ХХ асрнинг буюк неврологи, жаҳон невро­логияси ривожига улкан ҳисса қўшган юртдошимиз Наби Мажидов 1972 йили таклиф қилган. Бу иккала касаллик номи «Катта тиббий энциклопедия»да ҳам ўрин олган. Керак бўлса, хориоэпендиматит – «Мажидов касаллиги» деб аталиши керак.

Яна ўқинг:  Тадқиқот: энергетик ичимликлар гиёҳвандликка бошлайди

Мен бу масалани халқаро анжуманлардан бирида кўтарганман. Мажидов улкан мерос қолдириб кетди. Унинг барча асарларини инг­лиз, немис, француз тилларига таржима қилиш вақти келди. Акс ҳолда, ўзбек олими яратган бу ташхисни биздан ўғирлаб қўйишади ва ўзиники қилиб олишади. Илм-фанда бундай воқеалар ҳар доим учраб турган. Илм-фанда нафақат плагиатлик, балки ғоя ўғрилари ҳам анчагина. Хорижда ҳар қандай кашфиёт, ҳатто оддий симптомга ҳам олимлар номини беришади.

Биласизми, мавзудан четлашаётгандек кўринсам-да, илм кишиси сифатида ўтган олимларни эслаш бурчим. Қолаверса, миянинг ички босимини Наби Мажидов даражасида ўрганган олим йўқ. Боз устига, «Миянинг ички босими ошиши» ташхис эмас. 1972 йилгача дунё неврологиясида «Мия ички босими ошиши» ибораси ўз нозологиясига (яъни, касаллик номига) эга бўлмаган. «Хориоэпендиматит» ушбу атамага жуда мос келади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: