“ОЗОДАЛИК ДАФТАРИ”

унда саломатлик учун муҳим қоидалар ёзилади

Тонгги соат 5-6 лар чамаси… Эрталабки бадантарбия учун кўчага чиққандим. Пиёдалар йўли бўйлаб югураётган ёши 60-70 лардан ошган отахон ва онахонларга кўзим тушди. Улар билан суҳбатлашдим. Султонхон опа Раҳимбоева 72 ёшда ва Зупар ака Ҳабибуллаев 67 ёшда. Улар ҳар куни ёшларига мос бадантарбия билан шуғулланишлари, бу уларнинг ҳаётдан тўлақонли завқ олишларига ёрдам бераётгани ҳақида гапиришди. Ушбу гуруҳнинг шаклланишига туртки бўлган ҳамширага раҳмат айтишди. Бу пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек тумани, 6-сон оилавий поликлиника бош ҳамшираси, узлуксиз касбий таълим йўналиши мураббийи Раъно Нишонова экан.

Раиса Саъдуллаева, 6-сон оилавий поликлиника бош шифокори:

– Фарзанд саломатлиги, келажагимиз, миллатимиз саломатлигидир. Бу йил “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 161-қарорига асосан қабул қилинган “Саломатлик-3” лойиҳаси бўйича аҳоли ўртасида мунтазам равишда маҳалла йиғини фаоллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб бормоқдамиз. Ҳар куни бир нафар ҳамшира олтита хонадонга кириб суҳбат ўтказади. Ҳар бир хонадонда ташкил этилган “Озодалик дафтари”га оила аъзоларининг саломатлиги, хонадон саришталиги ҳақида маълумотлар қайд этилади. Ҳафтанинг душанба куни нуронийлар, сешанба ҳомиладорлар, чоршанба болалар ва ўсмирлар, пайшанба хонадон тозалиги ва экология, жума аёллар ва қизлар куни, шанба эса ўқув муассасалари куни сифатида белгиланган. Ана шу режа асосида масалан, нуронийлар билан рационал овқатланиш, турли касалликлар профилактикаси ёки ҳомиладор аёллар билан ҳомиладорлик қандай кечаётганлиги, рационал овқатланиш, қиз ва ўғил болаларнинг жинсий тарбияси борасида суҳбатлар олиб борилади. Ҳомиладор аёлларни ҳафтада икки марта ўтиладиган “Ёш оналар мактаби”га жалб этилади.

Раъно Нишонова ўз ишига масъулиятли, қўл остидаги ҳамшираларга нисбатан талабчан ҳамда ўз устида ишлашдан чарчамайди. Шунингдек, у маҳаллаларда ташкил этилган “Саломатлик сектори” ишларига ҳам бош-қош.

Раъно Нишонова, 6-сон оилавий поликлиника бош ҳамшираси, узлуксиз касбий таълим йўналиши мураббийи:

– 1993-94 йиллар эди. Мен туғруқ таътилида эдим. Кундалик одат бўйича турмуш ўртоғим билан эрталабки бадантарбия билан шуғулланардик. Аста-секин бизнинг атрофимизга ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган маҳалладошларимиз қўшилишди. Бугунги кунда ҳам улар эрталаб икки соат давомида енгил югуриш, турли жисмоний машқлар билан шуғулланишади. Бу эса кун бўйи уларга тетиклик бахш этади. Инсон саломатлиги аввало унинг тўғри овқатланиши, шахсий гигиенаси билан боғлиқ. Шу боис ҳар бир хонадонда “Озодалик дафтари” ташкил этилган. Бизнинг саломатлик муассасамиз тиббиёт ходимлари ана шу дафтар орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ўзларининг ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Жумладан, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш, меҳнат гигиенаси ва меҳнат тартибига риоя қилиш, соғломлаштириш ҳамда тўғри нафас олиш машқлари (ёшига қараб) ни ҳам ўргатишади. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож беморлар мавжуд хонадонлар алоҳида инобатга олинади. Боқувчисини йўқотган, ёлғиз қарияларга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли ташкилотлар, “Қизил ярим ой” жамияти ходимлари билан ҳамкорликда уларнинг моддий таъминоти ва парвариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Оила шифокори ва ҳамшираларимиз уларнинг саломатлигини назорат қилишади. Маҳалла йиғинлари томонидан ҳам улар учун моддий ёрдам ажратилади.

Яна ўқинг:  XABARLAR, YANGILIKLAR, VOQEALAR (2014/24)

Гавҳар Маҳмудова, ҳамшира: – Мирзо Улуғбек туманида жойлашган тўртта умумтаълим мактаби, Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-хунар коллежи, тўртта мактабгача тарбия муассасаларида ҳамда SOS – болалар маҳалласида умумий амалиёт шифокори ҳамда Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти ходимлари билан ҳамкорликда байрам тадбирлари, саломатлик билан боғлиқ турли мавзуларда суҳбатлар ўтказамиз. Ўсмир ёшдаги ўғил-қизлар ўртасида турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Чекиш – иллат”, “Эрта никоҳларнинг олдини олиш”, “Тиббий маданият – саломатлик гарови” мавзуларида суҳбатлар ўтказилади.

Даволовчи жисмоний тарбия ҳамшираси Ҳилола Эшонова поликлиникадаги тренажёр хонасида терапевт, невропатолог ёки даволовчи шифокорлар тавсияси билан асосан остеохондроз, умуртқа поғонаси чурраси, ясси оёқлик, қадди-қоматнинг бузилиши каби хасталикларни даволашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани ҳақида гапирди.

Фарида Абдуллаева, уй бекаси:

Оилавий шифокоримиз “Озодалик дафтари”ни мунтазам равишда назорат этиб туради. Иккинчи фарзандим дунёга келишидан олдин ҳафтанинг сешанба кунлари хонадонимизга келиб ҳомиладорлик даври қандай кечаётгани, саломатлигим ҳақида сўраб, керакли маслаҳатларини бериб турди. Натижада соғлом фарзанд кўрдик. Ўзимда остеохондроз хасталиги бор эди. Шифокор тавсияси билан поликлиникада ташкил этилган тренажёр хонасида ўз саломатлигимни тикламоқдаман. Тиббиёт ходимларига раҳмат.

Ҳозир айни пишиқчилик даври. Бу даврда айниқса болалар ўртасида ўткир меъда-ичак, вирусли гепатит, сувчечак касалликлари кўпроқ учрайди. Шу боис бу касалликлар ҳақида мазкур саломатлик муассасаси шифокор ва ҳамширалари Мирзо Улуғбек туманида жойлашган ўнта маҳалла аҳолиси ўртасида режа асосида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Ўз саломатлигини мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини англаши катта аҳамиятга эга. Бу борада тиббиёт ходимлари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бораётгани айни муддао. Юртдошларимиз албатта соғлом ва жисмонан бақувват, маънан баркамол авлодни вояга етказишлари шубҳасиз. Бу эса амалда ўзининг натижасини кўрсатади, деб умид қиламиз.

М.ХЎЖАМУРОДОВА,

муаллиф олган сурат.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: