Эр йигит эл кўнглини обод этади

Ватанимиз байроғи баланд кўтарилди… Давлатимиз мадҳияси янгради… Ўзбекистон деган ном бутун дунё мамлакатлари ўртасида биринчи ўринда тилга олинди… Шу каби сўзларни ҳар сафар Тошкент халқаро аэропортига спортчиларни кутиб олишга чиққанимда эшитаман. Барча ғолиб ўғил-қизларимиз юртимизда яратилган имкониятлар, халқимиз ва яқинларининг ишончи уларни ғалаба сари етаклаганини фахр билан таъкидлайди. Бу ифтихор уларни олдинга, порлоқ ва нурафшон келажак сари ундайди. Бу юрт болалари Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайди. Уларнинг ғалабаси – бизнинг ғалаба. Шу эл фарзандларининг ютуғидан фахрланиб, доимо шундай бўлиб қолсин дейман.

Дарҳақиқат, юртимизда спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасида спортчиларимизнинг жаҳон ареналарида эришаётган ғалабалари сони ва салмоғи ортиб бормоқда.

Буни иқтидорли спортчимиз, таэквондо (WTF) бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

2011 йилда Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлиб, миллий терма жамоага қабул қилинган Д.Шокин тинимсиз меҳнати, шижоати, ғалабага интилиши билан тез орада кўзга тушди. У терма жамоа сафида Франция, Германия, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари каби қатор мамлакатларда ўтказилган нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди. 2014 йили Тошкент шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII Осиё ўйинларида кумуш медаль билан тақдирланди.

2015 йилнинг май ойида Россиянинг Челябинск шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Дмит­рий Шокин ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони бўлди. Июль ойида Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида ўтказилган XXVIII Бутунжаҳон универсиадасида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олиб, ўз вазн тоифасида тенгсиз эканини яна бир карра исботлади. Мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг энг етакчи таэквондочилари совринли ўринлар билан бирга 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун ҳам беллашди.

Ўзбек ўғлонининг ана шундай мувафаққиятларга эришгани ҳаммамизнинг қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдиради. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ иқтидорли спортчи Дмитрий Шокин “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Яна ўқинг:  Мен сиздан шифо топдим...

– Камтарона меҳнатларимни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлаган ҳукуматимизга чексиз миннатдорлик изҳор этаман. Бундай эътибор ва ғамхўрлик келгусида янада юксак марралар сари рағбатлантиради, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби, Таэквондо (WTF) бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин. – Москва шаҳри мезбонлик қилган жаҳон Гран-присида олтин медалга сазовор бўлдим. Менга берилган ишончини оқлаганимдан бениҳоя хурсандман. Халқаро майдонларда Ватан шарафини ҳимоя қилиш, унинг обрўсини юксалтириш катта бахт. Жаҳон чемпионатида буюк юрт фарзандлари эканимизни, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни исботлашни мақсад қилгандик ва бу эзгу мақсадимизга етишганимиздан хурсандмиз.

…Яна Тошкент халқаро аэропортидаман. Медаллар шодаси кўкрагига зеб берган спортчиларимиз чиқишмоқда. Бугун тўй, бугун байрам. Эртага бош­қа спортчиларимизни кузатгани чиқаман. Кетишади ва келишади. Келганида ҳам байроғимизни баланд кўтариб, ғурур ифтихорга тўлиб, тўйга тўёна билан қайтишади.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: