Синф сардори

Бунча ўйлайверасиз, дадаси, бўлди-да энди, соғайиб, отдай бўлиб кетасиз, дедим-ку. Дўхтирларга гап топилмасин, ваҳима қилаверади-да, буйрак қуриётган эмиш, шунақасиям бўларканми? Ранги-рўйингиз жойида, иштаҳангиз яхши, бинойидексиз. Озроқ сабр қилинг, ҳадемай Тошкентга бориб, хотиржам тортамиз. Шогирдим шундоқ кўради-ю, “Устоз, ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, ваҳима қилиб юборибсизлар”, дейди. У одамнинг касалини рангидан билади. Ахир, кимсан – тиббиёт фанлари доктори, профессор, буйрак касалликлари бўйича мутахассис!

Фақат, ҳайдовчи ука, сал секинроқ ҳайданг, бир марта машинамиз рўпарадаги машинага урилиб, Худо бир асраган, шунданми, юрагим олинган, тез ҳайдасалар, қўрқаман, боз устига, акангизниям тоблари йўқроқ, уринмасинлар.

Ҳайдовчи ука, шогирдим ҳақида сиз ҳам эшитгандирсиз, жуда машҳур одам, дам-бадам телевизорда, газеталарда чиқиб туради, ҳатто чет элларга бориб, маърузаям қиларкан, бир нарсани билмаса, хорижга чақиришармиди?!

Ҳар гал у ҳақда ўқисам, телевизорда кўрсам, қувонганимдан йиғлагим келаверади. Ахир, ҳазилми, дунё таниган профессорнинг биринчи устози бўлиш! Ҳа, унинг саводини опангиз чиқарган, ёзишни, ўқишни ўргатган. Ўзи болалигидаям олов эди-да. Мактабга келган куни кечагидай эсимда, узун бўйли, озғингина эди, раҳматли бувиси қўлидан ушлаб олган, менга: “Жўраларининг ҳаммаси мактабга бораяпти, Турдижон мен ҳам бораман деб йиғлаб, юрагимизни зиқ қилиб юборди. Сен ҳали ёшсан, келаси йили борасан, десак ҳам қулоқ солмаяпти, бўйим улардан узун-ку, дейди. Агар “хўп” десангиз, беш-олти кун мактабга қатнасин, журналга ёзманг, ўзи зерикканидан ташлаб кетади”, деди.

Мен кўндим. Аммо боласи тушма-
гур жуда зеҳнли чиқиб қолди, ҳаммадан аълочи ўқиса бўладими?! Ҳарфларни бир зумда ўрганди, қўшиб ўқиши қойилмақом, ёзувиям чиройли. Бувисини чақирдим-да, “Неварангизни журналга ёзаман, ўзлаштиряпти”, дедим. Бувиси мийиғида кулиб қўйди, сездимки, у шундай бўлишини билган.

Ана шунақа гаплар, ҳайдовчи ука, буям менинг бахтим, у йиғламаса, бувиси олиб келмаса, ўқитармидим. Балки мен ўқитганим учун у аллома бўлгандир.

Нега куласиз, дадаси? Тўғри айтаяпман. Мен, ахир, Турдижон билан алоҳида шуғулланганман. Биз “Алифбе” китобининг ярмига келганимизда, у шариллатиб ўқишни ўрганиб олганди, “Турдижоним зерикмасин”, деб суратли китоблар олиб келардим, шеърлар ёдлатардим, ҳисоб-китобни ўргатардим. Эътибор бермасам, нима бўларди? Эснаб ўтираверарди-да, кейин ҳафсаласи ўларди, шунинг учун катта гапираман-да, дадаси, сиз устимдан куласиз.

Эҳ-ҳе, ўша дамларни эсласам, юрагим орзиқиб кетади. Биринчи синф болалари қизиқ эди-да, мендан олдин мактабга келиб йўлимни пойлашар, узоқдан кўришлари билан “Ким биринчи…” деб югуришар, мен гўё “финиш” эдим, энг олдин келган бола сумкамни қўлимдан олар, бу ғолиблик белгиси ҳисобланарди. Кейин атрофимни ўраб, қучоқлашга ҳаракат қилишар, гўё мен улар учун Она эдим! Ўзим ҳам эринмай ҳар бирининг юзидан ўпиб чиқардим, ишонасизми, уларни шунчалик яхши кўрардимки, у кундан бу кунгача соғинардим, ажабтовур қилиқларини уйда акангизга айтиб ўтирардим.

Турдижон ўшандаям бошқача эди, новча бўлгани учунми оёқлариям узун, тез югурар, кўпинча сумка кўтариш унга насиб қиларди. Бир гал югураётиб қоқилиб кетди-да, орқада қолди, сумкамни бошқа бола кўтарди. Аламидан шунақаям йиғладики, асти қўяверинг. Бўлди қил, хафа бўлма, сен ахир сумкамни кўп кўтаргансан, десам ҳам жим бўлмайди. Ўшанда қандай йўл тутганимни биласизми, йўқ, билмайсиз, ўқитувчи эканимни унутиб қўйдим – Онага айландим! Турдижонни қўйнимга олиб, эркалатдим, сочларини силадим, хуллас, овутдим. У кўксимга бошини қўйиб, ухлаб қолди, шу пайт синфхонага директор кириб қолса бўладими, мени чақириб олиб, роса койиди.

Ана шунақа бўлган, ҳайдовчи ука! Турдижон жуда меҳрли бола эди, бир гал касал бўлиб мактабга келмади, бир нимасини йўқотган одамдай дарсдан чиқа солиб уйига бордим, соғайгунича ҳар куни ишдан қайтишда хабар оладиган бўлдим. У мени кўриши билан: “Бугун қанақа китоб олиб келдингиз?”, деб сўрарди. Чунки мен уни китоблар билан сийлардим.

Бешинчи синфда ўқиётганида танаффус бўлди дегунча ёнимга югуриб келар: “Устоз, сиз ҳам бизга дарс беринг”, деб ялиниб ўтирарди. Алдаб-алдаб синфхонасига элтиб қўярдим. Кейин мактабни олтин медаль билан тугатди, битта имтиҳон топшириб, тиббиёт институтига ўқишга кирди. Ҳар гал таътилга келганида, мени кўрмай кетмасди, уйланганида тўйда биринчи табрик сўзини мен айтганман.

Тўғри, кейин-кейин у илмий иш ёзиб, диссертация ёқлаб, бола-чақаси кўпайиб, ўзи билан ўзи овора бўлиб кетди, ҳатто синфдошлари мактабни битирганларининг 20 йиллигини нишонлаганларида ҳам келолмади, хорижга кетган экан. Ўшанда дўстлари тўрдаги битта стулни бўш қолдиришди, Турди – синфимизнинг фахри, агар келганида шу ерда ўтирган бўларди, деб гапиришди улар. Мен шогирдларимга: “Турди деманглар, у энди катта одам, у – Турди Самадович”, дедим. Ҳамма: “Тўғри айтдингиз, опа, тўғри”, деди.

Акангиз касалланганларидан буён Турдижонни ўйлаганим-ўйлаган, ҳатто тушларимгаям кириб чиқди. Акангиз бўлса: “Тошкентда нима бор, шу ерда даволанавераман”, дейдилар. Тошкентнинг пойтахт деган номи, касалхоналарида зўр-зўр тиббий ускуналари, тағин Турди Самадович исмли дўхтири бор, дедим. Мени айтди дейсиз, ҳайдовчи ука, Турдижон акангизни ўзи ишлайдиган шифохонага жойлаштиради, бошларида туриб, даволайди, тузатмагунча қўймайди.

“Бунча гапирасан”, дейсизми дадаси, нима қилай, сизни чалғитай деяпман-да. Йўқса, мотам тутган одамдай жим ўтираверасиз, юрагим “тарс” ёрилиб кетади. Мана, мени қаранг, ҳали у ёғим оғрийди, ҳали бу ёғим. “Соғ жойинг борми”, деб сўранг. Дард берган Худо давосини ҳам беради, деб юравераман. Ҳайдовчи ука, акангиз умриларида оғримаганлар, касалхонада ётмаганлар, қаёқданам аппаратга тушибдилар, бир буйрагинг қурияпти, депти. Ўшандан бери ўзлари билан ўзлари оворалар. “Энди ўламан”, деган ваҳималарига чидаб бўлмайди. “Сиз қўрқоқ экансиз, ўзингизни ўзингиз касал қиляпсиз”, дедим. Шифокор бўлмасам ҳам кўп нарсани биламан, беморнинг руҳияти тетик бўлиб, дўхтир томонда турса, касалликни енгади, ваҳимага тушса, касаллик томонга оғади – енгилади. Минг марта бу гапларни айтганим билан акангиз тушкунликка тушиб қолганлар. Ноилож: “Сизни Турдижонга олиб бориб кўрсатаман”, деб қўлларидан судрагудек қилиб Тошкентга олиб кетяпман.

Таксига чиқаётганимиздаям: “Онаси, ҳалиям бўлса қайтайлик, ўзимизнинг шифокорларга даволанаман”, дедилар. “Профессор ўқувчим турганида сизни оддий дўхтирларга қаратаманми?” дедим, кўнмадим.

Ҳайдовчи ука, сиз нима дейсиз, Турдижонни сенласамми, сизласамми? Кечадан буён шуни ўйлаганим-ўйлаган. Сенлай десам, кимсан профессорни сенлайдиларми, деб ўйладим, сизлай десам, ундан узоқлашиб кетаётгандай бўляпман, сўнг ўзимча, шогирд фарзанддай бўлади, фарзандни сизламайдилар, сенлайвераман, деган хулосага келдим.

Сиз Турдижон ишлайдиган касалхонани биласиз-а, ҳайдовчи ука, бизни тўғри ўша ерга олиб борасиз. Акангизни шу бугуннинг ўзида хотиржам қилай деб тонг саҳардан йўлга отландим. Ўзингиз кўрдингиз-ку, оғзиларига мум солиб олганлар, ваҳималари ҳали тарқагани йўқ. Одамзодни касал қиладиган нарса – ўйлов. Акангизни ана шу ўйловдан халос қилмоқчиман.

Ие, ҳайдовчи ука, Тошкентга етиб келдикми? Ўзиям қулоғингизни қоқиб, қўлингизга бердим. Бир вайсақи аёлни Тошкент­га олиб борганман, деб эслаб юрадиган бўлдингиз.

Турдижон ишлайдиган касалхона шу эканми? Шу ерда тушамизми? Ҳозир, ҳозир… Ташқари салқин экан, костюмингизни кийиб олинг, дадаси. Ҳайдовчи ука, мана, пулингиз, катта раҳмат, барака топинг.

Бўлдингизми, дадаси, унда кетдик. Мана, қаранг, ёзиб қўйишибди, ҳақиқатан у ишлайдиган касалхона. Бинолари кўп экан, қайси бирига борарканмиз? Бирорта ҳамширадан сўрасакми? Бунча одам кўп, шуларнинг бари беморми? Улар ҳам бизга ўхшаб Турдижонни излаб келишган бўлса-я.­ Илми зўрнинг сўровчисиям кўп бўлади-да. Эшитишимча, буйраги хаста борки, унга келаркан.

Кимдан сўрасак экан, дадаси. Ҳей анави келаётган оқ халатли жувондан сўрасакми? Афтидан шу ерда ишлайди. Тўхтанг, тўхтанг, дадаси, анави қора “Ласетти”дан тушган Турдижон эмасми? Ўшанга ўхшайдими, қаранг. Ёнида яна бир кишиям бор. Ҳей ана, кўрдингизми, қўлида папка, бўйнида галстук, қора костюм-шим кийиб олган узун бўйли киши. Кўряпсизми? Турдижонга ўхшаяпти. Фақат бироз тўлишибди. Салобатли бўлибди. Ўша!.. Ўша!.. Ана, одамлар йўл беряпти. Ортидан қараб қолаяпти. Пичирлашяпти. Ўзимнинг Турдижонимдан айланай!.. Ана, дадаси, келяпти, ана, яқинлашяпти… Ўша, ўша, Турдижоним…

Турдижон!.. Турдижон!.. Яхшимисан, болам?.. Акангни олиб келгандим… Дўхтирлар буйраги қурияпти, деди… Мен ишонмай сенга кўрсатмоқчи бўлдим, ўзинг кўриб қўй, дедим. Нима?.. Мажлисинг борми?.. Шошилаяпсанми?.. Ҳозир вақтинг йўқми?.. Унда қачон келай?.. Қачон вақтинг бўлади?.. Тушдан кейин бўшмисан?.. Ё… Эртага келайми?..

Турдижон, ўғлим, мени танидингми ўзи?! Опангман, ўқитувчи опанг!.. Ҳей бошланғич синфдалигингда дарс берган!.. Эсинг­дами?! Турдижон!.. Турдижон!..

Э шитмади, кетиб қолди, дадаси… Турдижон кетиб қолди… Мажлиси бор экан… Турдижон мени танимади, дадаси… Танимади… Таниса кетиб қолмасди… Кўрганим заҳоти ўзимни таништирмадим-да, дадаси… Бекор қилдим… Ўзимдан ўтди, дадаси…

Ё у менинг Турдижоним эмасми?! Мен адашдимми?! Адашдим, адашдим, дадаси… У бошқа!.. Турдижон эмас!.. У мен билган, мени билган Турдижон эмас!.. Мен танийдиган Турдижон у эмас!.. Турдижон бўлса, мени танирди!.. Албатта, танирди!.. Овозимдан танирди!.. Узоқдан танирди!.. Югуриб келарди!.. Қучоқлаб оларди!.. Илгари шунақа қиларди-да, тушмагур… Менга биринчи бўлиб етиб келарди… Қўлимдан сумкамни оларди…

Дадаси, бу бошқа киши… Мен… Мен уни танимадим, дадаси, танимадим… Таний олмадим… У ҳам мени танимади… Энди нима қиламиз, дадаси?..

Дадаси… Дадаси… Ичимдан нимадир узилиб кетди… Негадир… Негадир кўзимдан ёш чиқяпти… Негадир йиғлагим келяпти… Ўзимни тутиб туролмаяпман… Йиғлагим келяпти… Йиғласам майлими, дадаси?.. Койимайсизми?..

Лола ЎРОҚОВА

Яна ўқинг:  Оқилона овқатланиш ва тан саломатлиги

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: