Оқилона овқатланиш ва тан саломатлиги
Оқилона овқатланиш – бу биринчи навбатда организмнинг тўғри ўсиш ва ривожланишини, мустаҳкам соғлиғини, узоқ умр кўриш ҳамда самарали меҳнат қилиш қобилиятини таъминловчи бош омил саналади. Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, уни тақсимлаш, сифатли тайёрлаш ва оқилона истеъмол қилиш инсоният фаолиятини асосини ташкил этади десак асло муболаға бўлмайди.
Тиб илмининг султони, буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино минг йиллар илгари тўғри овқатланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб: “Кимки соғлом турмуш тарзига эришмоқчи бўлса, ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган овқатнинг сифатига, миқдорига, овқатни истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим” деб таъкидлаган эди.
Тўғри, ҳар бир мамлакатнинг, миллатнинг ва алоҳида маҳаллий халқларнинг ўзига хос бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлари мавжуд. Бу жараён уларнинг яшаш жойи, шароити, иқлими ва урф – одатлари билан боғланиб кетади. Биз уларни одатда миллий ва маҳаллий таомлар деб атаймиз. Булардан ташқари ҳар фаслда, куннинг маълум бир вақтларида ҳам истеъмол қилинадиган таом турлари борки, одамлар овқатланишнинг бу қонуниятларга ўзларининг ёши, жинси, саломатлик даражаси ва меҳнат қилиш туридан келиб чиқиб ўзига хос тарзда алоҳида ёндошишлари керак бўлади.
Айрим кишилар оиласида ҳар куни гўштли, ёғли ва юқори калорияли озиқ-овқатларни истеъмол қилсалар тўғри овқатланаяпмиз деб тушунадилар. Ўзбек миллий таомларининг ҳам кўпчилиги юқори калорияли овқатлар саналади. Айниқса, тўйларда ва шу каби турли тадбирларда бир нечта юқори калорияли таомларни мунтазам истеъмол қилиш, боз устига бир вақтда спиртли ичимликларни ичиш, чекиш ва энг даҳшатлиси камҳаракатлик айрим фуқароларимизда овқатланиш билан бевосита боғлиқ ижтимоий аҳамиятига эга бўлган, қон босими, қандли диабет, инсульт, миокард инфаркти, буйрак ва меъда-ичак тизими аъзоларининг турли хил касалликларининг юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига қараганда дунё бўйича касаллик ва ўлишга олиб келувчи ҳар 10 та касалликлардан 6 таси (семизлик, камқонлик, қандли диабет, юрак – қон томир, жигар, буйрак касалликларининг юзага келишига нотўғри овқатланиш сабаб бўлаётганлиги таъкидланади.
Оқсиллар асосан организмда моддалар алмашинувини бошқаради, иммунитетни мустаҳкамлайди. Организмда оқсиллар етишмаганда болалар яхши ўсмайди ва ривожланмайди, катталарда жигарда ўзгаришлар пайдо бўлади. Юқумли касалликларга қарши иммунитет пасайиб кетади. Хотира ва иш қобилияти пасаяди.
Ҳозирги кунда одам организми учун 13 та турдаги витаминлар зарурлиги исботланган. Уларни биз асосан мевалардан, сабзавотлардан, кўкатлардан ва полиз маҳсулотларидан оламиз. Саломатликни сақлаб туриш учун инсонга турли хилдаги 16 та минерал моддалар зарур. Булар кальций, натрий, магний, калий, фосфор, йод, селен, темир, цинк ва бошқа элементлар. Улар асосан оқсил, углевод ва ёғлар алмашинувида иштирок этади.
Одатда кўплаб касалликлар нотўғри овқатланиш оқибатида юзага келади. Улар қуйидаги ҳолатларда намоён бўлади:
1. Овқатга тўймаслик – бу жараён узоқ муддатга давом этса, одам озиб кетади, иммунитети пасаяди, касалликлар юзага келади ва ўлим ҳолати тезлик билан ривожланади.
2. Овқатланишда бирон – бир озиқ моддасининг нисбатан ёки мутлоқ етишмаслиги натижасида юзага келади. Масалан йод, темир ёки қайсидир бир витаминлар ва ҳаказо. (А, С, Д ва бошқалар).
3. Керагидан ортиқча овқат истеъмол қилиш.
4. Носоғлом овқатланиш – бу организмга зарур бўлган моддаларнинг ўзаро нисбатига риоя қилмаслик натижасида юзага келади.
Бунинг учун ҳар биримиз соғлом овқатланиш учун мутахассислар томонидан махсус ишлаб чиқарилган қуйидаги тамойилларга тўлиқ риоя қилишимиз керак бўлади:
– кунлик овқатланишда ҳар хил маҳсулотларни истеъмол қилиш;
– ҳар кунлик таомномада янги узилган мева ва сабзавотлардан камида 400 г истеъмол қилиш;
– кунлик таомнома таркибида ун, ёрма ва картошка маҳсулотларининг бўлишини таъминлаш;
– овқатда ёғ миқдорини камайтириш, кўпроқ ўсимлик ёғларини ишлатиш;
– ёғсиз гўшт, балиқ, товуқ ва дуккакли (мош, нўхат, ловия) маҳсулотларни истеъмол қилиш;
– таркибида қанд миқдори кам бўлган маҳсулотларни истеьмол қилиш, ширинликларни кам истемол қилиш;
– тузни камроқ истеъмол қилиш. Фақат йодланган тузни ишлатиш;
– овқат билан чой ичмаслик. Имкони бўлса шарбатлар ва қайнаган сув ичиш;
– таомларни имкон борича димлаб, қайнатиб тайёрлаш. Ёғ, туз, шакар миқдорини камайтириш;
– болаларни камида 2 ёшгача кўкрак сути билан боқиш ва аста – секинлик билан кўкрак сутидан ажратиш;
– тана вазнини меъёрда ушлаб туриш учун организмга ўртача жисмоний оғирлик бериш зарур.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тўғри, соғлом ва оқилона (рационал) овқатланишнинг пирамидаси тақдим этилган. Бу пирамида тиккасига асосан учта ранг билан ажратилган. Бу ранглар худди кўчаларда автомобилларни бошқариб турадиган светофор (йўлчироқ) ни эслатади. Бунинг ҳам ўзига хос рамзий маъноси бор. Пирамиданинг пастидаги яшил ранг ичида бошоқли дон маҳсулотлари, картошка, нон ва нон маҳсулотлари, сабзавотлар, мевалар ва кўкатларнинг расмлари келтирилди.
Ўртадаги сариқ рангда эса сут ва сут маҳсулотлари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, парранда, балиқ, тухум ва дуккаклар кўрсатилган. Ниҳоят, пирамиданинг энг тепа уч қисмида қизил ранг тимсолида ёғлар, ширинликлар ва қандолат маҳсулотларининг рамзлари келтирилган. Пирамиданинг иккинчи мазмуни шуки, у қанча тепага чиққан сари кичрайиб, назаримизда истеъмол қилинадиган маҳсулотларнинг миқдорини камайтириб борилишини англатади.
Хулоса ўрнида буюк мутаффаккир олим Абу Али ибн Сино таъбири билан айтганда: “Бирдан кўп ейишни айлама одат. Дилни хира қилар, жон учун офат.” дегимиз келади.
Ибодулла Абдуллаев,
тиббиёт фанлари доктори, профессор,
Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти